АОКАда ўтказилган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов Ҳаж зиёрати доирасидаги белгиланган талабларни маълум эълон қилди.

Зиёратчилар 18−30 июнь кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина, Нукус-Мадина йўналишлари бўйича сафарга кузатилади ва ҳудди шу йўналишлар бўйича 14−31 июль кунлари қайтиб келишади.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан қўйилган қатъий карантин талабларига кўра, «Ҳаж-2022» мавсумида иштирок этиш ёш чегараси 65 ёшгача этиб белгиланди. Ушбу ёш чегарасига 1957 йил 30 июнь кунигача туғилган инсонлар киради. Бу тартиб — Ўзбекистон томонининг эмас, балки Саудия Арабистонининг қатъий талаби ҳисобланади.

Подшоҳликдаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган Pfizer/BioNTech (АҚШ-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия-Швеция), Moderna (АҚШ) ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакциналарининг тўлиқ дозасини қабул қилган бўлишлари шарт.

Шунингдек, барча зиёратчилар Саудия Арабистонининг ССВ талабига кўра, менингитга қарши 4 валентли вакцинани қабул қилган бўлиши зарур. Қолаверса, барча фуқаролар Саудия Арабистонига киришдан 72 соат олдин коронавирус диагностикаси ҳақида салбий натижали ПЗР-маълумотномани тақдим этишлари керак бўлади.

Маълум қилинишича, зиёратчилар Мадина шаҳрида «Масжиди Набавий»дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли «Зам-зам Пуллман» ва «Краун Плаза» меҳмонхоналарида, Макка шаҳрида эса «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонасида истиқомат қилади.

Уларга соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи, шифокорлар ва гуруҳ раҳбарлари жалб этилади. Зиёратчилар меҳмонхонадан ташқари, Мино-Муздалифа-Арафот манзилларида ҳам уч маҳал иссиқ овқат ҳамда бепул тиббий хизмат билан таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, ҳажга борувчилар учун тўлов миқдори 2022 йилдан деярли 63 млн сўмгача кўтарилгани ҳабар қилинганди. Шунингдек, бу йил Ўзбекистондан 10 865 киши ҳаж сафарига боради. 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафар эди.