Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков бошчилигида Ўзбекистоннинг инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятининг жорий кўрсаткичлари ҳамда уларни ошириш бўйича чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Сардор Умурзаков / Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати


Унда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирок этган.

Хабарда таъкидланишича, 2022 йилнинг биринчи 5 ойи якунлари бўйича ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичлардан 42 фоизга ошган. Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил айрим тармоқ ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини ҳаётга жорий этиш билан боғлиқ бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатган.

Йиғилишда экспортчи ва инвесторларни қўллаб-қувватлашда йўл қўйилган қолоқлик ва камчиликлар учун масъулларга интизомий чоралар кўрилган.

Хусусан, Бўзатов тумани ва Зарафшон шаҳри ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарлари ўз лавозимларидан озод этилган. Инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини ўз вақтида қўллаб-қувватламагани натижасида 32 та инвестиция лойиҳаси муддатида ишга туширилмаганлиги ҳамда 395 та янги иш ўринлари кечиктириб яратилганлиги учун 19 нафар ҳоким ўринбосарига хайфсан эълон қилинган.

Бундан ташқари, Шуманай, Чортоқ ва Конимеҳ туманлари ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарларига ишда йўл қўйилган камчиликларни тузатиш учун 3 ойлик синов муддати белгиланган.

Йиғилишда масъул раҳбарлар экспортёр ва инвесторларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларининг самарадорлиги учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилган.