ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда «Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»нинг икки нафар ходими пора устида қўлга олинди, деб хабар берди ЎзА.

Қайд этилишича, ходимлар МЧЖга қарашли Гулистон тумани ҳудудидан ўтувчи Сирдарё ўзанидан қум-шағал қазиб олиш карьерига:

  • 1600 кВт кучланишга эга бўлган 1 дона электр трансформатори;
  • 100 дона бетон симёғоч;
  • 17,5 кмга етадиган юқори кучланишли электр симлари ва бошқа эҳтиёт қисмларни тегишли тартибда расмийлаштирмасдан, улаб беришини ваъда қилган.

Тергов ҳужжатларига кўра, гумондорлар ускуналарни «Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» ҳисобидан чиқариб бериш ва соҳага тегишли идорадан ушбу уланадиган электр тармоғига техник шартларда қайд этилган талаб асосида ижобий хулоса олиб беришни кўзлаган.

Улар мазкур хизмати эвазига МЧЖ раҳбаридан 510 млн сўм (МБнинг 3 июндаги курсига кўра: 46 389 доллар) ва 5 минг АҚШ доллари талаб қилишганлиги айтилмоқда.

Тезкор тадбир вақтида дастлаб «Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»нинг Давлат ва шартномавий хизматлар кўрсатиш ва ривожлантириш хизмати ходими келишилган маблағдан 300 млн сўми ва 5 минг долларини олган вақтида ушланди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилди. У 5 минг долларни шериги — корхонанинг мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати ходимига берган вақтида у ҳам ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168- моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.