Тошкент шаҳар ҳокимияти пойтахт аэропортига туташ ҳудудларни Uzbekistan Airports балансига ўтказади. Бу ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 30 майдаги қарорида қайд этилган.

Гап «Тошкент-2» халқаро терминали ва маҳаллий рейслар учун «Тошкент-3» терминали атрофидаги автомобиль тураргоҳлари, қолавеса, Сергели туманининг Қумариқ кўчасидаги жойлашган муниципал автотураргоҳларни тегишли ҳудудлар билан биргаликда бериш ҳақида кетмоқда.

Декабр ойи охирида Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева вокзалолди майдонда ўз лойиҳаси ва режасини амалга ошириши учун ҳокимият туташ ҳудудларни аэропортга бериши кераклигини маълум қилганди.

«Ер бизга ҳали берилмагани боис, у ердаги вокзалолди майдонини ўзимиз тасаввур қилгандек ташкил эта олмаймиз. Ҳеч ким сиздан пул талаб қилмаслиги учун [автоматлаштирилган кириш қурилмалари] аллақачон режаларимиз бор. Яъни, бу вокзалолди майдонида ҳаракатни одамлар иштирокисиз бошқариш усули», — деганди у.

Раъно Жўраева яқинда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунни инобатга олган ҳолда ҳозирда ер участкаларини ҳокимлик тасарруфидан аэропортга ўтказиш масаласи ҳал қилинаётганини айтганди.

«Ушбу сайтларни олишимиз билан биз уларни тегишли тизимлар билан жиҳозлаймиз ва у ердаги автотураргоҳларни бошқаришни таъминлай оламиз. Булар аэропортдан йўлнинг нариги томонида, тўғридаги ва ўнгдаги бир нечта автотураргоҳлардир. Ҳокимлик мана шу ер участкаларининг барчасини у ерларда машинани арзонроққа қолдириш мумкин бўлиши учун ҳар хил нархлардаги автотураргоҳлар ташкил этиш учун бизга бермоқда», — деганди Uzbekistan Airports раҳбари.