2−30 июнь кунлари Ўзбекистон бўйлаб «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик» шиори остида Ёшлар ойлиги бўлиб ўтади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров маълум қилди.

Ойлик давомида «маҳалла-сектор-туман-ҳудуд-республика» даражасида ёшлар фестиваллари ва форумлари, танлов ва спорт мусобақалари ташкил этилади.

Ўтказиладиган тадбирлар рўйхати:

  • Қадимий Бухоро шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ёшлари иштирокида «IV Ёш лидерлар форуми»;
  • Навои вилоятида тарихда биринчи бор шахмат бўйича «Ёшлар ишлари агентлиги кубоги» финал босқичи;
  • Самарқанд вилоятида «Болалар лигаси», Стритбол ва «Street workout» мусобақалари финал босқичи;
  • Хоразм вилояти мезбонлигида «Енгил атлетика» мусобақаси финал босқичи;
  • Тошкент вилоятида «Энг намунали мактаб ва маҳаллий Сардорлар Кенгаши» танловлари, Стол тенниси ва От спорт тури бўйича «Ёшлар кубоги» мусобақаси,
  • Фарғона вилоятида «Ёш тадбиркорлар» ва «Ёш ҳунармандлар» Республика форуми;
  • Сирдарё вилоятида «Мунозара» интеллектуал ўйини;
  • Жиззах вилоятида «Шашка» бўйича мусобақа финал босқичи;
  • Наманган ва Қашқадарё вилоятларида йигит ва қизлар ўртасида Волейбол мусобақаси финал босқичи;
  • Андижон вилояти «Зукко китобхон» интеллектуал ўйини Республика босқичи,

Тошкент шаҳрида эса Шанҳай ҳамкорлиги ташкилотига аъзо ва кузатувчи мақомидаги давлатлар ёшлари ўртасида «UNICORNS ShHT» стартап танлови ўтказилади. Шу билан бирга, Ёшлар Кенгашининг 15-йиғилиши, ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида «Инклюзив сайл», Киберспорт мусобақаси, «Заковат» интеллектуал ўйини, «Қувноқлар ва зукколар», «Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб», «Мушоира» ва «Ёш китобхон оила» танловларининг якуний босқичлари ўтказилади.

Ойлик якуни сифатида 30 июнь — «Ёшлар куни»да Тошкент шаҳрида Республика ёшлар форуми ташкил этилади.