Тожикистон президентининг ташрифи доирасида Зарафшон дарёсида Яван гидроэлектр станцияси қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати. Президент Шавкат Мирзиёев ва президент Эмомали Раҳмон рамзий тугмани босиб, қурилишга старт бердилар.

Қайд этилишича, ушбу иншоот энергетика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликда биринчи йирик лойиҳа бўлади. 140 мегаватт қувватли замонавий станция мамлакатлар энергетик хавфсизлиги, сув ва қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Муҳандислик ишлари тўлиқ замонавий стандартлар асосида, илғор хорижий компаниялар иштирокида олиб борилмоқда.

Лойиҳани молиялаштиришга етакчи халқаро институтлар, шу жумладан Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки қизиқиш билдирган.

Ушбу лойиҳа тармоқнинг илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш, минглаб хонадонлар ва янги корхоналарини «яшил» энергия билан таъминлашга хизмат қилади.

Маълумот учун, ўзбекистонлик гидроэнергетиклар Тожикистон ҳудудида ГЭС қуриши тўғрисида 2020 йилда хабар қилинган эди. Ўшанда «Яван» ГЭС қуриш лойиҳасининг дастлабки қиймати 282 млн АҚШ долларига тенг экани маълум бўлганди.