АҚШнинг Оклахома штати Талса шаҳридаги касалхона ҳудудида жойлашган ортопедия марказида отишма юз берди, дея хабар қилди CNN шаҳар полициясига таяниб.

Ҳодиса натижасида камида беш киши ҳалок бўлган. Ҳужумчи ҳам ўлган; у ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин. Шошилинч равишда бинони тарк этишга уринганлар орасида қурбонлар ҳам бор. Шунингдек, отишмада бир неча киши яраланган.

Ўқ отган 35−40 ёшлардаги эркак милтиқ ва тўппонча билан қуролланган. Унинг исми ва сабаблари ҳозирча ошкор этилмаган. Бироқ полиция аллақачон отишма жойи тасодифий бўлмаганини маълум қилган.

«У шунчаки тасодифий одамлар билан тўла касалхонани топишга қарор қилмаган. У атайлаб бу ерга келишни танлади, унинг ҳаракатлари қасддан қилинган «, дея Талса полицияси ходими Ричард Мюленберг сўзларидан иқтибос келтирди The New York Times.

Gun Violence Archive маълумотларига кўра, Талсадаги ҳужум 2022 йил бошидан бери АҚШда содир бўлган 233-оммавий отишма бўлди. Ушбу ҳодисаларда 260 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Аввалги оммавий отишма май ойи охирида Техаснинг Увалде шаҳрида содир бўлиб, 18 ёшли ўрта мактаб ўқувчиси бошланғич мактабда ўт очган эди. Оқибатда 21 киши, жумладан, 19 нафар бола ва икки нафар ўқитувчи ҳалок бўлган. Ҳужумчи отиб ўлдирилган.

Увалдадаги отишмадан кейин АҚШ президенти Жо Байден яна бир бор қурол савдосини кучайтиришга чақирди. «Биз халқ сифатида ўзимиздан сўрашимиз керакки, биз қачон Худо номи билан қурол лоббисига қарши чиқамиз? Мен бундан чарчадим. Биз ҳаракат қилишимиз керак», деди Байден.