2015 йилдан бошлаб Ўзбекистонда йодланмаган озиқ-овқат тузини ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланган. Қонун қабул қилинаётган вақтда мамлакатда ёд танқислиги ҳолатларининг тарқалиши 40 фоизни ташкил этгани хабар қилинган эди. Йодланган туз истеъмолини кўпайтириш масаласи аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан йодланган ош тузи ишлаб чиқариш ва қадоқлаш корхоналари маҳсулотлари ўрганилиб, айрим ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги аниқланди.

Чоршанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда СЭС матбуот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова Ўзбекистонда йодланган туз ишлаб чиқариш ва қадоқлаш бўйича 117 та корхона фаолият юритаётганини маълум қилди. Йил бошидан буён 47 та корхонада, май ойида 7 та корхонада текширишлар ўтказилди.

Ушбу 7 та корхонадан 11 та туз намунаси олинди. Текширув намуналарнинг 27,2 фоизи белгиланган стандартларга жавоб бермаслигини кўрсатди. Натижада Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сурхондарё вилоятидаги корхоналарда 50,6 тонна ош тузини сотишга чек қўйилди. Маҳсулотларни йод билан қайта бойитиш учун жўнатишга буйруқ берилди. 7 нафар мансабдор шахсга нисбатан тегишли ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун судга тақдим этилди.

СЭС вакили, шунингдек, ўтган йили мутахассислар Фарғона водийсидаги мактаб ўқувчилари ўртасида селектив тадқиқот ўтказган ва текширилган болаларнинг 30 фоизида йод танқислиги аниқланганини айтди. Минтақада истеъмол қилинадиган тузни ўрганиш давомида унинг таркибида 10−53,3% гача йод миқдори етарли эмаслиги маълум бўлди.

«Эпидемиологик вазиятни тўлиқ баҳолаш учун бутун мамлакат бўйлаб янада кенгроқ мониторинг ўтказиш, статистик маълумотларни ўрганиш зарур», — дейди Мафтуна Саидова.

Эслатиб ўтамиз, йод танқислиги аёллар саломатлигига, болалар ва ўсмирларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишига салбий таъсир қилади. Сақлаш талабларига риоя қилинмаса, туздаги йод миқдори камайиши мумкинлигини ёдда тутиш керак.