«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров ЙПХ ходимларини суратга олишни тақиқловчи қонун лойиҳаси нима сабабдан фракция томонидан маъқулланганини тушунтиришга ҳаракат қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжат фақатгина битта моддадан иборат эмас.

«Эй барака топкур, ховлиқмасдан, тарқатадиган ахборотингни, бироз ўзингни қийнаб тагига етсангчи. Қонун фракцияда биринчи ўқишда маъқулланди. Чунки қонун фақат битта моддадан иборат эмас», — деди у.

Гап йўл ҳаракати тизимини такомиллаштириш мақсадида Жиноят, Жиноят процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш киритиш ҳақида кетмоқда. Унга кўра, инспекторлар тасвини интернетда тарқатганлик учун 15 млн сўм жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини белгилаш таклиф этилмоқда.

Бир неча кун аввал ХДП фракцияси сабаблар асосли очиб берилмаганлиги учун мазкур қонунни биринчи ўқишда кўриб чиқишни рад этгани ҳақида ёзгандик. Мазкур хабардан сўнг, бошқа партиялар қонунни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди.

Эътиборли жиҳати, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси на ташаббускорлар, на Қонунчилик палатаси томонидан эълон қилинмагани боис кўпчиликда фақат ЙПХ инспекторларини суратга олишни тақиқловчи норма кўриб чиқилаяпти, деган тушунча ҳосил бўлди. Сабаби ҳужжатнинг бошқа моддалари жамоатчилик эътирозлари билдирилмагунча қуйи палата ва депутатлар томонидан очиқланмади.

Жумладан, Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ҳам сешанба кунги мажлисда «йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликда жуда кўп бўшлиқлар борлигини» айтиб, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокамаларга сабаб бўлиши ва шунга кўра ўзгартишлар киритилишини таъкидлаганди.

«Миллий тикланиш» партияси 31 май куни соат 19:00 дан кейин эълон қилган видеода депутатлар ички ишлар ходимларини суратга олишни тақиқлашга оид нормага ўзининг эътирозларини билдирганини кўриш мумкин.


Нодир Тилаволдиев.

Депутат Нодир Тилаволдиевнинг фикрича, МЖтКнинг 195−2-моддасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга обрўсизлантирса, уларга нисбатан жазони кучайтириб, 15 суткагача қамаш кўрсатилаяпти. «Бу нарсани умуман чиқариб юбориш керак бўлади. Чунки энг катта эътироз, аҳоли интиқлик билан эътибор бераётган масала айнан шу моддага келиб тақалади», — деди у.

Фракциянинг яна бир аъзоси Козим Тожиев қонун ташаббускорларида ички ишлар ходимини обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилишнинг мақсадини ким белгилаб беришини сўради.

Козим Тожиев.

«Эртага бунинг мақсади нима эканлигини белгиловчи нормалар борми? Шунчаки қўйдик, бу ерда мақсад обросизлантириш ёки ҳақорат қилиш эмас эди, деган гаплар бўлса эртага буни ким қандай талқин қилади? Талқин қилиш билан боғлиқ масалалар бор. Албатта бу нормаларни ҳам кўриб чиқиш керак. Қонуннинг номига эътибор қаратадиган бўлсак, Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ. Бу қанчалик концепциянинг номига тўғри келадиган норма, деган саволлар ҳам бўлди», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, мазкур моддани жиддийроқ кўриб чиқиб, муҳокама қилиш зарурияти мавжуд.

Видеоларда депутат Даврон Арипов мазкур нормани аниқ мисоллар билан танқид қилганини кўриш мумкин.

Даврон Арипов.

Унинг сўзларига кўра, фуқаролар суратга олмасдан ўзининг ҳақлигини айтадиган бўлса, унга ҳеч ким ишонмаслиги мумкин.

«Сабаби-ки, идора нима бўлган тақдирда ҳам ўзининг ходимини ҳимоя қилади. Шу ерда холислик бўлмай қолади. Фақатгина шу фактни тасдиқлаб берадиган видео ёки аудио ёзув бўлиши мумкин. Масалан, яқинда видеолар тарқаб кетди. Ўзининг погонини ўзи юлиб ташлаб, аёл кишига тўнкаб қуйди. Ўша пайтда агар видео бўлмаганида ўша аёл погонни юлиб ташлаганга айланиб қоларди», — деди у.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Эзгулик жамияти хабарига кўра, депутат келтирган ҳолатда суд аёл кишини айбдор деб топиб, унга тегишли жазони ҳам белгилаган.

Депутатнинг фикрича, ҳудди шунақанги ҳолатлар учун ҳам видео олишга рухсат берилиши керак.

«Лекин, қачонки у адолатини топа олмаса, мурожаати ҳеч каерда кўриб чиқилмаса, [ижтимоий тармоқларга] олиб чиқишга мажбур бўлади. Бу нарсани минглаб жарима билан тўхтатиб бўлмайди. „Мана кўринглар органларнинг қанақалигини“, дейди. Бу ерда ҳеч қанақа обрўсизлантириш ҳам, ҳақорат ҳам бўлмайди. Сабаби у фактни қўяётган бўлади», — деди Даврон Арипов.

Жаҳонгир Ширинов.

Фракция аъзоси Жаҳонгир Шириновнинг таъкидлашича, аслида бу фуқарони ҳимоя қиладиган норма бўлиши зарур.

«Ҳақорат қилганлик ёки обрўсизлантирганликни кўриб чиқиш ҳуқуқи „ГАИ“ (ИИВ ЙҲХХ), ички ишлар органларида эмас — судга берилган бу ҳуқуқ. Эртага ички ишлар органи судда исботлаши керак. Бу фуқаро ҳақиқатдан ҳам шуни (видеони интернетда тарқатганликни) обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида киритганини исботлаб берсагина жавобгар бўлади. Шу нуқтаи назардан ҳар қандай ҳолатда [интернетда] тарқатгани учун жавобгар бўлиши керак, деб бўлмайди», — деди у.

Депутатнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон очиқ давлат сиёсатини юритаяпти ва қонунлар ҳам шунга мос бўлиши керак.


«Миллий тикланиш» фракцияси етакчиси Алишер Қодировнинг сўзларига кўра, низоли ҳолатда ЙПХ ходимини тасвирга олишни ҳеч ким тақиқламоқчи эмас.

«Бу қонун йўллардаги тартибсизликларни келтириб чиқараётган, оилаларга фожеа олиб кираётган бебошларни жиловлашга ва жазолашга хизмат қилиши керак. Низоли ҳолатни видеотасвирга олиш ва ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланишни (масхаралаш, таҳқирлаш ва бошқа ғараз мақсадларда эмас) ҳеч ким тақиқламоқчи эмас. Жазо ҳам ошириб юборилган, бу ҳам жиддий кўриб чиқилади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинади. «Қонун йўлларимиз хавфсиз ва хотиржам бўлиши учун ташаббус қилинган, уни такомиллаштиришга ҳисса қўшадиган ҳамманинг таклифига қулоқ солинади ва раҳмат айтилади», — деди депутат.

Эътирозли таклиф

Ички ишлар вазирлиги ЙПХ ходими суратини унинг рухсатисиз тарқатишни тақиқлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига қарорига ўзгартириш киритишни таклиф қилганди. Ўшанда жамоатчилик муҳокамаси 14 мартдан 29 март кунга қадар давом этганди.

Мазкур ўзгартишларга президентининг «Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 8 февралдаги [ПҚ-118-сон] қарори асос қилиб олинган.

Бироқ, президентнинг мазкур қарори ҳозиргача, орадан 4 ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлсада, қонунчилик маълумотлари миллий базаси — Lex.uz сайти, Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот Telegram-канали ёки Ўзбекистон ахборот агентлигида ҳам эълон қилинмаган.

ИИВнинг мазкур таклифи жамоатчилик томонидан кескин кутиб олинди. Жумладан, Davletovuz ёзишича, «бу ёпиқликка, орқага ташланган қадам». Блогер Нурбек Алимов эса бу билан жамоатчилик назорати йўқолишини таъкидлади.

Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев эса мазкур ҳолатга ҳуқуқий нуқтаи назардан эътибор қаратганди.

«Бу ерда чеклов фақат қонун билан бўлиши керак, Вазирлар Маҳкамасининг бунга ваколати ҳам, ҳуқуқи ҳам йўқ. Наҳотки лойиҳа муаллифларининг шунга ақли етмаган?», — дейди у.

У шунингдек, қуйидагича савол билан ҳам юзланган эди: «Етар энди. Қачондир тугаши керакку бунақа ишлар. Ҳадеб орқага қайтаверамизми? Наҳотки ички ишлар тизимини халқнинг ҳақиқий мададкори ва дўстига айлантиришнинг бошқа бирорта йўли йўқ бўлса?».

Аввалроқ, мазкур ҳолатга Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам «халқдан нимадир талаб қилишдан аввал инсон ўзи халққа намуна бўлиши керак» дея муносабат билдирганди. «Буни президент топшириғи, дея талқин қилмоқда. Лекин бизнингча бу кўпроқ вазирликнинг хоҳиши, балки Бекмурод Абдуллаев жанобларининг ўзи истаяпти… Албатта биз бу каби демократияга зид, жамоатчилик назоратини чеклайдиган қонунлар қабул қилинишига қаршимиз», — деганди у.

Ички ишлар вазири матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов мазкур таклиф ишлаб чиқилишидан олдинроқ, тақиқ бўлмаслигини айтганди. «Ушбу таклиф ишлаб чиқилгач, лойиҳа шаклида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, ҳамма бу борада ўзининг фикрини билдириши мумкин бўлади. Шунда ҳам тўлиқ тақиқ бўлмайди, лекин қандайдир чегаралар қўйилади», — деганди у.