Қарши шаҳар ҳарбий прокуратураси Қашқадарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилган аскарнинг ўлими юзасидан терговга қадар текширув бошлади, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.

«Мазкур ҳолат синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилади ва натижаси ҳақида қўшимча хабар қилинади», — деди у.

Пайшанба куни Kun.uz 8 апрель куни ҳарбий хизматга чақирилган 18 ёшли Руслан Қидиралиевнинг ўлими тўғрисида хабар қилди.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида 18 яшар аскарнинг ўлимига «юракнинг сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози» сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда «ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши» кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган.

Бироқ марҳумнинг яқинлари бунга ишонишмаяпти, деб ёзмоқда нашр. Ота-онасининг сўзларига кўра, унда қандайдир сурункали касаллик бўлганида бу тиббий кўриклар вақтида аниқланар ва уни ҳарбий хизматга олишмасди.

Ўсмир йигитнинг отаси Ринат Саулетов ўғли касал бўлганида уни армияга жўнатмаслигини маълум қилди.

«Агар болам касал бўлганда армияга жўнатиб ўтирмасдим. „Ота, Ватанга хизмат қилмоқчиман, йигитлик бурчимни бажармоқчиман“ дегани учун юборгандим. Бўлмаса, пулини тўлаб, бир ойлик йиғинга жўнатсам бўларди, ҳозир афсус қиляпман шунга», — деди у.

Марҳумнинг онаси Гулзира Саулетова ўғли бирор бир касалликдан шикоят қилмаганини таъкидлади.

«Қўлимда унинг болалигидан то армияга кетгунча бўлган даврда юритилган тиббий дафтарчаси бор, у боламнинг сурункали касалликлари бўлмаганини исботлайди, — деди у. — Армияга кетишдан олдин тиббий кўрикдан ўтганида ҳам у соғлом деб топилган. Агар тиббий кўрик натижасига кўра у касал деб топилганда армияга жўнатмаган бўлардик, бундай ҳолатда уни армияга олишмасди ҳам. Ўғлим ўзи билан бирга кўрикдан ўтган чақирилувчилардан бирининг юраги сал тезроқ ургани учун уни қайтариб юборишганини айтиб берганди. Руслан билан бундай ҳолат кузатилмаган».

Аёл аввало уни армияга қабул қилишларига мутлақо ишонмаганини айтди. «Сабаби 10 яшарлигида қўли синиб, қийшиқ битганди. Бундан ташқари, кўк томирини икки марта операция қилдирганмиз. Шу сабабли уни аскарликка олишларига ишонқирамаганмиз. Тиббий комиссиядан ўтиши учун кимгадир пул берганимиз ёки таниш-билишнинг ёрдамидан фойдаланганимиз йўқ. Ўтган йили одамлар пул билан ҳам муддатли ҳарбий хизматга жўнатишолмаганини эшитгандик. Шунинг учун ўғлимнинг хизматга қабул қилинганидан ҳайрон бўлгандик», — деди Гулзира Саулетова.

Аскар йигитнинг отаси Ринат Саулетовнинг айтишича, марҳум фарзандининг жасадида моматалоқ излари бор. Шунингдек, ота ўғлининг қовурға суяклари синганини ҳам айтмоқда. Бироқ ўлим ҳақидаги тиббий маълумотномада булар ҳақида маълумот йўқ.

Нашрнинг ёзишича, марҳум 28 май куни онаси билан қўнғироқлашган ва «икки кундан бери командирлари урмаётгани» ҳақида хурсанд бўлиб гапириб берган. Маълум бўлишича, Руслан командирлар калтаклаётгани ҳақида аввал ҳам онасига айтган, шунингдек, ҳарбий қасамёд қабул қилганда уни кўришга борган отасига ҳам гап орасида бу ҳақда айтган.

Бироқ ўзи ҳам ҳарбий хизмат машаққатларини бошдан кечирган ота ўғлига: «Айб ўзингдадир, бекордан бекор уришмаса керак», деганидан сўнг бу мавзу ёпилганини эслайди. Ота-онанинг тахминича, фарзандларининг жасадидаги моматалоқ излари айнан калтаклашлардан қолган ва улар Русланнинг вафотига шу нарса сабаб бўлган деб ўйлашмоқда.

Ота-онасининг сўзларига кўра, марҳум мўмин-қобил, ҳалим йигит бўлган. У биров билан низога борадиган, ўзидан катталарга гап қайтарадиган бола эмасди, демоқда улар.

Ўзини аскарнинг командири сифатида таништирган шахс марҳумнинг отасига 29 май куни эрталабки соат 9−10 ларда қўнғироқ қилиб, Русланнинг тоби қочиб госпиталга тушиб қолганини айтган, зудлик билан Қаршига етиб келишни сўраган. Ҳолбуки, бу вақтга келиб аллақачон унинг жони узилган эди.

Kun.uz Бош прокуратура ахборот хизматига таяниб маълум қилишича, Руслан 29 май куни соат 07:40 ларда нонуштага тайёргарлик кўриш учун эрталабки йўқламага сафланган вақтида ҳушини йўқотиб, саф майдонида йиқилган. Унга ҳарбий қисмда бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳушига келтирилгач, Қарши ҳарбий госпиталига юборилгани келтирилади. Бироқ соат 07:55 ларда Қарши ҳарбий госпиталига олиб келинган аскарда биологик ўлим қайд этилади.

«7:40да ҳушдан кетган аскарга биринчи ёрдам кўрсатилмаганда ҳам 15 дақиқада ҳарбий госпиталга етказиб борилгани жуда шубҳали», — дейилади мақолада.

Аскарнинг отасига телефон қилган командирлардан бири унга ўғли ҳарбий қисм ошхонасида нонушта қилаётганда тўсатдан тоби қочиб йиқилиб тушганини айтган.

Марҳумнинг отаси фарзандининг қон гуруҳи 2-гуруҳ манфий экани, бироқ жасадни олиб келган ҳарбийлар ўғлиникилигини айтиб ташлаб кетган хизмат кийими (форма)да унинг қон гуруҳи 1-гуруҳ мусбат экани қайд этилганини айтмоқда.

«Ҳарбий қасамёд қабул қилаётган вақтда ўғлимни кўришга борганимда эгнидаги формада қон гуруҳи 3-гуруҳ мусбат деб ёзилганди. Қанақасига бундай бўлиши мумкин? Эртага аскарларга бир нима бўлиб қолса, қон қуйишга тўғри келса, у эса ҳушида бўлмаса, кийимидаги маълумотлар асосида қон қуйишади-ку. Нотўғри қон қуйилиши натижасида у ўлиб қолса, нима бўлади?! Хонободдаги ҳарбий қисмда фақат менинг ўғлимники эмас, бошқа аскарларнинг формасидаги қон гуруҳи ҳам нотўғри ёзилганига гувоҳ бўлгандим. Ўғлимдан бунинг сабабини сўраганимда кимга қайси форма тўғри келса, шуни кийиб олишган, бошқа форма йўқ деб айтганди», — дейди Ринат Саулетов.

Гулзира Саулетованинг айтишича, 28 май куни икки ойлик таъминот маоши — саккиз юз минг сўмдан кўпроқ ўғлининг пластик картасига келиб тушган. Марҳум Руслан дўкондан қарзи борлиги, бориб шуни тўлаб келишини айтган.

«Одатда дўкондан нима олса, менга телефон қиларди, смс бордими деб сўрарди. Пластигини менинг рақамимга улаб қўйганди. Шу куни дўконга бораётганини айтиб телефон қилди, аммо у ердан қайтгандан сўнг қўнғироқ қилмади. Юрагим жуда ғаш бўлди. Тахминимизча, ўша куни тунда нимадир содир бўлган ва бу пластикдаги пул билан боғлиқ бўлиши мумкин», — дейди Гулзира Саулетова.

Марҳумнинг яқинларига кўра, пластик айни вақтда қаерда, кимнинг қўлида қолганини, ундаги пулларга нима бўлганини билишмайди.