Эмомали Раҳмон Ўзбекистонга келди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Уни Тошкент халқаро аэропортида президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди. 2 давлат раҳбари Яван ГЭС қурилишига старт бердилар

Тор доирадаги музокараларда Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, логистика ва транзит салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, сув-энергетика лойиҳаларини амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар. Президентлар Зарафшон дарёсида Яван 140 МВт қувватли ГЭС қурилишига старт берди.

Москвадаги қурилишда оммавий муштлашган ўзбек ва тожик мигрантлари депортация қилинади

Москвадаги қурилиш майдонида оммавий муштлашган юздан ортиқ Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари Россиядан депортация қилинади. Бу бўйича суд қарори қабул қилинди.

Ўзбекистонда шакар танқислиги мавжуд эмас — Иқтисодий тараққиёт вазирлиги

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги шакар нархи ўсишига муносабат билдириб, бунга асосан логистикадаги муаммолар ва ёқилғи нархларининг ўсиши таъсир қилаётганини қайд этди. Шунга қарамасдан, республикада шакар танқислиги мавжуд эмаслиги, йил якунигача етарли даражада захиралар яратилгани таъкидланмоқда.

Мактабларга 1-синфга қабул қилиш ва кўчириб ўтказиш тартиби тасдиқланди

Ҳукумат қарорига кўра, болалар 1-синфга 7 ёшга тўладиган йилда, 20 июндан 31 июлгача ЯИДХП ёки ХТВнинг электрон хизматлар портали орқали юборилган ариза асосида қабул қилинади. Шунингдек, ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига кўчириб ўтказиш тартиби ҳам белгилаб берилди.

Июнь ойида Ўзбекистон бўйлаб ёшлар фестиваллари ўтказилади

30 июнга қадар Ёшлар ойлиги муносабати билан Ўзбекистонда «маҳалла-сектор-туман-ҳудуд-республика» даражасида ёшлар фестиваллари ва форум, танлов ва спорт мусобақалари ўтказилади. Улар қаторидан Бухорода Туркий давлатлар ташкилоти ва Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар ёшлари учун форумлар ҳам ўрин олган.

Баҳодир Абдикаримов Маданий мерос агентлигига раҳбар бўлди

Бош прокуратура масъул ходими Баҳодир Абдикаримов Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори этиб тайинланди. У мазкур лавозимда 5,5 ой ишлаган Шахриёр Нуруллоевнинг ўрнини эгаллади.

Ўзбекистон ёзда Роғун ГЭСдан энергия сотиб олишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ёзда Роғун ГЭСдан электр энергия экспорт қилиш бўйича меморандум имзолади. Йил охиригача энергия сотиб олиш ҳажми ва тарифлари бўйича шартнома тузиш режалаштирилган.

Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форумида 75 та савдо-иқтисодий ҳужжат имзоланди

Чоршанба куни Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форумида қиймати 1 млрд 62,6 млн долларлик 75 та савдо-иқтисодий ҳужжат имзоланди. Томонлар тез фурсатларда «Ойбек» ва «Фотехобод» назорат пунктлари ёнида «Ўзбекистон-Тожикистон» чегараолди савдо-саноат зонасини ташкил этишга ҳам келишиб олди.

Ўзбекистон Карачи порти орқали Ҳиндистонга биринчи транзит юкни жўнатди

Ўзбекистон илк бор Покистоннинг Карачи порти орқали Ҳиндистонга транзит юк жўнатди. Покистон 2021 йилнинг ноябридан бошлаб Ўзбекистонга транзит юк ташуви учун божхона расмийлаштирувини соддалаштирганди.

50 тоннадан ортиқ туз сотувдан олиб ташланди — СЭС

Май ойида 7 та корхонада стандартларга жавоб бермайдиган 50 тоннадан ортиқ йодланган тузнинг сотувга чиқарилиши тақиқланди. Ҳозирда республикада жами 117 та корхона туз ишлаб чиқаради ва қадоқлайди. Фарғона водийсида истеъмол қилинадиган тузнинг 10−53 фоизида йод миқдори паст экани маълум бўлди.

Низоли ҳолатда ЙПХ ходимини тасвирга олишни ҳеч ким тақиқламоқчи эмас — Алишер Қодиров

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров фракция аъзолари ЙПХ ходимини суратга олишни тақиқловчи қонун лойиҳасини бошқа нормалар борлиги учун ҳам қўллаб-қувватлаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, низоли ҳолатда ЙПХ ходимини тасвирга олишни ҳеч ким тақиқламоқчи эмас. Партия депутатлари эса мазкур нормани қонундан чиқариб юбориш кераклигини, ички ишлар ходимлари қасддан фуқароларни айбдор қилишга уринганида ўзини ҳимоя қилиш учун ҳам видеога олиш зарурлигини таъкидлашди.

Ер усти метроси остидаги ер майдонлари аукцион орқали ижарага берилади

Ҳукумат қарори билан ер усти метро йўналишлари остида жойлашган ер участкалари Тошкент шаҳар ҳокимлиги захирасига ўтказилади. Ер майдонлари фудтрак ҳамда енгил турдаги қурилмаларни қуриш ва жойлаштириш учун аукцион орқали 5 йилга ижарага берилади. Шунингдек, «Дўстлик-Қўйлиқ» ер усти метро йўналиши 1−5 бекатлари оралиғида сайилгоҳлар ташкил этилади.

Жаҳон банки Ўзбекистон молия секторини ислоҳ қилиш учун $15 млн ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига молия секторини ислоҳ қилиш мақсадлари учун 15 млн доллар имтиёзли кредит ажратади. Лойиҳага кўра, бир қанча давлат банклари хусусийлаштирилади, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида — тараққиёт банки ташкил этилади, у экспорт қилувчиларни ресурслар билан таъминлайди.

Сенат болалар учун ўз эшикларини очди

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида Сенат болалар учун ўз эшикларини очди. Меҳрибонлик уйлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар тарбияланувчилари, иқтидорли болалар қонунлар қабул қилиш жараёни билан яқиндан танишди.