Москвадаги қурилиш майдончасида юз берган оммавий муштлашувда иштирок этган юздан ортиқ Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари Россиядан депортация қилинади. Бу ҳақда gazeta.ru хабар берди.

Суд ҳукмига кўра, мигрантларни Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштириш бўйича 107 та қарор қабул қилинган. Улар у ерда 90 кун бўлади, шундан сўнг Россиядан депортация қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрель куни Москванинг Шелепихинская набережная кўчасида жойлашган «Сердце столицы» турар жой мажмуаси қурилиш майдонида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари оммавий муштлашган эди. Ўшанда 120 киши полицияга олиб кетилганди.

«Воқеадан сўнг муштлашув иштирокчилари маъмурий жавобгарликка тортилди, полиция эса уларнинг мамлакатда қолиш муддатини қисқартириб, депортация қилишга қарор қилди», дейилади маълумотда.

Ҳодиса акс этган видеони жойлаган Baza Telegram-канали видео изоҳида жанжалга тожикистонлик ишчининг ўзбекистонлик ишчини «аҳмоқ» («дурак») деб атагани сабаб бўлганини келтирганди.