Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга 2010 йилги июнь воқеалари бўйича жиноий иш доирасида айблов эълон қилинди, деб маълум қилди 24.kg нашрига Атамбаевнинг адвокати Сергей Слесарев.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Алмазбек Атамбаев криминал авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилиш билан боғлиқ коррупция иши бўйича 11 йил 2 ойга озодликдан маҳрум этилганди.

Эндиликда собиқ президент тартибсизликлар бўйича мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланмоқда. «У июнь воқеаларининг олдини олиши мумкинлиги, бироқ ҳеч нарса қилмаганликда айбланмоқда», — деди адвокат.

Қирғизистонда 2010 йилда фожиали воқеалардан бир неча ой олдин тузилган муваққат ҳукумат ҳукмронлик қилганди. Унинг таркибига 14 киши, жумладан, Роза Отунбаева (муваққат ҳукумат раҳбари), Алмазбек Атамбаев (биринчи ўринбосар), Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров (депутатлар), Дамира Ниязалиева (соғлиқни сақлаш вазири) кирганди. Эмилбек Каптагаев муваққат ҳукумат аппарати раҳбари эди.

Июнь воқеалари бўйича жиноят иши тергови Қирғизистон президенти Садир Жапаров топшириғига биноан 2021 йил апрелида қайта тикланганди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг «Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш» моддаси билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Муваққат ҳукумат амалдорларига нисбатан иш қўзғатилган.

2010 йил 10 июнь куни Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида қирғиз ва ўзбек этник гуруҳлари ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан ва кўплаб инсонлар ҳалок бўлган. Расмий маълумотларга кўра, 442 киши вафот этган, бироқ мамлакат ОАВлари 2000 дан ортиқ ўлим ҳақида хабар берганди.

Фожиали воқеалар содир бўлган кунларда Ўзбекистон Қирғизистон жанубидан 100 мингга яқин қочқинни қабул қилганди.

Ўшанда Ўзбекистон ТИВ ўз баёнотида шундай деганди: «Ўш шаҳри кўчалари ва уйларида босқинчи гуруҳлар томонидан содир этилган қотилликлар, зўравонликлар, қирғинлар, ўт қўйиш ва талон-тарож қилиш каби фактларнинг жазосиз қолиши бутун дунё ҳамжамиятининг ғазабини уйғотмасдан қолмайди. Айниқса, оммавий қотилликлар, ўғирликлар, уйларга ўт қўйишлар Ўш шаҳри ва Ўш вилоятида яшовчи ўзбек диаспорасига нисбатан содир бўлаётгани муросасизлик ва жиддий ташвиш ҳиссини уйғотмоқда».

Кейинроқ Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов воқеаларни изоҳлай туриб, шундай деганди: «Бўлиб ўтган воқеа ўзбек ва қирғиз этник гуруҳлари ўртасидаги қарама-қаршилик туфайли содир бўлди, деган иддаоларга мутлақо қаршиман. Бунга ўзбеклар ҳам, қирғизлар ҳам айбдор эмас».

Унинг фикрича, Қирғизистон жанубидаги фожиали воқеаларга «ташқаридан уюштирилган ва бошқариладиган қўпорувчилик ҳаракатлари» сабаб бўлган. «Қупорувчиликни уюштирган кучлар Ўзбекистонни бу қарама-қаршиликка тортишга ҳаракат қилишди», — деганди Ислом Каримов.