31 май куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев «Озод Европа Радиоси / Озодлик Радиоси» медиа корпорацияси президенти Жейми Флай ва «Озодлик» — радиоси ўзбек хизмати раҳбари Паҳлавон Турғунов (Паҳлавон Содиқ) билан учрашди. Бу ҳақда АОКА матбуот хизмати хабар берди.

Агентлик вакиллари хорижий ОАВ вакилларига Ўзбекистонда ахборот соҳасини либераллаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда давлат идоралари очиқлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди, дейилади хабарда. Таъкидланишича, «мамлакатда хорижий ОАВларнинг самарали фаолияти учун ҳам зарур шароитлар яратилган».

Томонлар учрашувда ўзаро мавжуд масалалар, уларни ҳал этиш йўллари, шу жумладан «„Озодлик Радиоси“ таҳририяти томонидан тайёрланаётган ва чоп этилаётган материалларнинг Ўзбекистон қонунчилиги ва журналист этикаси меъёрларига мос келиши» юзасидан ўз мулоҳазаларини билдиришди ҳамда «ушбу масалаларни бартараф этиш борасида босиб ўтилиши мумкин бўлган қадамлар» ҳақида фикр алмашишди.

Мулоқот давомида «ОЕР / ОР» медиа корпорацияси вакилларини республикада аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам муҳокама этилди. Икки томон аккредитация билан боғлиқ масалаларни навбатдаги учрашувларда кўриб чиқишга келишиб олишди.

Бир кун аввал Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов радиостанция вакиллари билан учрашгани ҳақида ёзганди.

Фото: Комил Алламжонов.

«Озод Европа Радиоси / Радио Свободная Европа («Озодлик радиоси») медиакорпорацияси президенти ва бош ижрочи директори Джейми Флай ва «Озодлик»нинг ўзбек хизмати бош муҳаррири Паҳлавон Содиқ билан навбатдаги, аммо юзма-юз учрашувни ўтказдик. Учрашувда ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилинди ва ҳар икки томон учун долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди», — деди у.

«ОЕР / ОР» — АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган халқаро нотижорат радиостанция ташкилоти ҳисобланади. Компания 27 тилда Шарқий, Марказий ва Жануби-Шарқий Европа, Марказий ва Жанубий Осиёнинг 23 мамлакатидаги аудиторияларга ахборот тарқатади.

«Таҳририят мустақиллиги АҚШ қонунчилиги билан мустаҳкамланган медиа корпорациянинг миссияси — дунёнинг сўз эркинлиги ва матбуот эркинлиги ҳукумат ҳаракатларига тўсқинлик қиладиган минтақаларидаги томошабинларга мувозанатли маълумот беришдир», — деб ёзилган, Ўзбекистонда кўп йиллардан бери чекланган радиостанция сайтида.

Жейми Флай — ташқи сиёсат соҳасида мутахассис ҳисобланади. У Герман Маршалл фонди ва АҚШ Конгрессида, АҚШнинг Миллий хавфсизлик кенгаши ва Мудофаа вазирлигида турли лавозимларда ишлаган. У 2019 йилнинг августида «ОЕР / ОР» директори лавозимига тайинланганди. 2020 йилнинг июнида эса истеъфога чиқишини эълон қилди. Ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорни ўша вақтда «ОЕР / ОР» васийси — АҚШнинг Глобал медиалар бўйича агентлиги раҳбари Майкл Пэк қабул қилганди. 2021 йилнинг февралига келиб эса Жейми Флай яна медиакорпорациянинг президенти ва ижрочи директори лавозимига тайинланди.