Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида ҳокимлик захирасидаги ер майдонини ноқонуний сотиш ҳолатига чек қўйилди, дея хабар берди ЎзА.

Пастдарғомлик 1968 йилда туғилган М.Д. ноқонуний эгаллаб олган ҳокимлик захирасидаги 70 сотих ер майдонини шу туманда яшовчи, 1972 йилда туғилган Б.С. билан бошқа бир фуқаронинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилганлиги айтилмоқда.

Улар бунинг эвазига фуқародан 65 минг АҚШ доллари сўраган. ДХХ, вилоят ИИБ ва прокуратура ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган маблағнинг 32 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иш қўзғатилди. Ҳозирги вақтда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ушбу вилоятнинг Самарқанд туманида фуқаро бошқа фуқарога қарашли иссиқхона қуриш учун ажратилган 50 сотих ер майдонининг 5 сотихини 100 минг долларга сотишга урингани ҳақида ёзган эдик. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказган тезкор тадбирда у 70 минг долларни олган вақтида қўлга олинганди.