Президентнинг «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

Унга кўра, 2022 йил 1 июндан бошлаб ўсимлик ёғи, шу жумладан пахта, кунгабоқар ёғи ва уруғи ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва меваларини Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш вақтинча тақиқланди.

Ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш учун 2022 йил 1 июнга қадар шартномалар имзоланиб, олдиндан тўловлар амалга оширилган ҳолатлар бўлса, шунингдек, Ўзбекистон «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимида қайта ишланган маҳсулотлар бўлса, уларнинг экспорти тақиққа учрамайди.

Фармонга кўра, кунгабоқар уруғлари ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва меваларини қонунчиликда белгиланган ҳолатларда экспорт қилиш имкони мавжуд.

Ўз навбатида, ушбу маҳсулотлар экспорти Вазирлар Маҳкамаси томонидан ички бозорда етарли бўлган тақдирда қайта тикланиши мумкин.

Шунингдек, фармон билан 2023 йил 1 январга қадар:

  • Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 январдаги «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари туғрисида»ги 41-сон қарорида назарда тутилган давлат буюртмачилари томонидан давлат харидлари доирасида импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш бўйича чекловлар вақтинча бекор қилинади;
  • Ўзбекистонга олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби вақтинча тўхтатилади.

Аввалроқ хабар берганимиздек, тегишли равишда 2023 йилгача 22 та турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари божхона божларидан озод этилмоқда. Шунингдек, озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш тўхтатиб турилади.

Аввалроқ, гўшт, ўсимлик ёғи ва картошкани олиб кириш ва сотишда қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси муддати 2022 йил охиригача узайтирилганди. Шунингдек, Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлар 2031 йилгача айрим солиқларни 1 фоизда тўлайди.