Жиззах вилоятининг Мирзачўл, Шароф Рашидов, Бахмал туманлари ва Жиззах шаҳрида гиёҳвандлик моддаларини етиштириш ҳамда сотишга уриниш ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Хабарга кўра, Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи шахс Бахмал тумани Узунбулоқ маҳалласи ҳудудида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан тўхтатиб, текширилганда, ёнидан полиэтилен пакетга ўралган 968,79 грамм опий гиёҳвандлик моддаси топилган. Аниқланишича, ушбу гиёҳванд модда Бахмал тумани Узунбулоқ маҳаласида истиқомат қилувчи фуқародан сотиб олинган. Шу куни сотувчининг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжаликлари текширилганда, унинг хонадонидан опий гиёҳвандлик моддасининг қолдиқлари бўлган полиэтилен пакетлар ва 2 дона пичоқ ашёвий далил тариқасида олинган.

Маълум бўлишича, ушбу фуқаро гиёҳвандлик моддаларини тожикистонлик фуқародан жорий йилнинг 20 май куни туман ҳудудидан ўтган давлат чегараси орқали божхона назоратини четлаб, контрабанда йўли билан ўтказган ва яшаш хонадонида сақлаб келган. Опий сотувчиси ва ҳаридори вақтинча сақлаш хибсхонасига жойлаштирилгани айтилмоқда.

Шунингдек, Мирзачўл тумани «Мирзадала» шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаронинг яшаш уйи ва ҳовлиси кўздан кечирилганида, томорқада 1 дона полиэтилен идишда 11 туп «Каннабис» гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётгани аниқланган. «Мирзадала» ШФЙда яшовчи бошқа бир фуқаронинг яшаш уйи кўздан кечирилганида эса томорқада 312 туп кўкнор гиёҳвандлик ўсимлиги парваришланаётгани маълум бўлган.

Шароф Рашидов тумани Ёшлик маҳалласидаги яшовчи фуқаронинг яшаш уйида эса 8 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги парваришлаб келаётгани аниқланган.

Жиззах шаҳрининг Зилол маҳалласидаги яшовчи фуқаронинг ҳовлида ҳам каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги экилиб, парвариш қиланаётгани фош этилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.