«Ҳудудгазтаминот» АЖ аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тартиби янгиланганини маълум қилди.

Таъкидланишича, газ таъминоти ҳамда тегишли вазирлик идоралари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан суюлтирилган газ истеъмоли бўйича ўрганишлар ўтказилган. Унда истеъмолчилар орасида аҳоли учун имтиёзли нархда ажратилган суюлтирилган газни олиб қайта сотиш, маиший газ баллонларидан хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

Шу сабабларга кўра, сўнгги вақтда инсон ҳаётига ва соғлиғига хавф солувчи 20 дан ортиқ турли хил бахтсиз ҳодисалар рўй бериши кузатилган.

Компания тўрт мингта истеъмолчи мурожаатининг 40 фоизи иккинчи газ баллон олиш масаласи билан боғлиқ бўлгани, шу сабабли «Ҳудудгазтаминот» АЖ аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тартибини янгилаганини маълум қилди.

«Энди қўшимча газ баллони олиш билан боғлиқ ҳар бир мурожаат жойига чиққан ҳолда мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилади. Янги тартибга кўра, оила аъзолари кўп бўлган ва рўйхатдан ўтган уй хўжаликлари энди белгиланган муддатда ўз ID-карта орқали икки маротаба газ олишлари мумкин бўлади», — дейилади маълумотида.

Бундан ташқари, янги истеъмолчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳам янгиланган. Бунда хонадонда техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, ошхона ва газ жиҳозлари белгиланган талаб ва стандарларга мос келишига алоҳида эътибор қаратилади.

«Газ баллонни ишга тушириш ва созлаш хизмати учун тўлов амалга оширилгандан сўнг, ўрнатилган тартибда шартнома тузилади ҳамда тасдиқланган жадвал асосида манзилга суюлтирилган газ етказиб берилади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнига рақамли технологиялар жорий этилиб, тўловларни Paynet, Payme, Milliy, Click, Apelsin, Beepul мобил иловалари орқали нақд пулсиз амалга ошириш мумкин.

«Ҳудудгазтаминот» АЖ истеъмолчиларга суюлтирилган газ баллонларни алмаштириш баланси мавжуд бўлган ID-карталар орқали амалга оширилишини эслатиб ўтган.