Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) иш ҳақининг таълим даражасига боғлиқ ҳолда ортиб боришини ўрганиб чиқди.

ПМТИ етакчи илмий ходими Дилфуза Ваҳобова олий маълумотга эга бўлганларнинг Ўзбекистондаги меҳнат бозорига кириши учун сарфлаган вақт ва кучлари учун компенсация тўланадими ёки йўқлигини ўрганиб чиқди.

Илмий асосланган жавобларни олиш учун ПМТИ экспертлари расмий таълим даражаларининг иш ҳақига таъсирини, иқтисодиёт соҳалари ва таълим даражалари бўйича эмпирик баҳолашга қаратилган тадқиқот ўтказди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистонда иш ҳақидаги устама фан доктори (ёки DSc) илмий унвони учун 61% дан, PhD ёки фан номзоди учун 41% дан юқори. Меҳнат бозорида бакалавриатнинг имтиёзли дипломининг нисбий иқтисодий қиймати оддий битирувчиларникидан 8,5% юқори.

Ушбу тадқиқот юқори таълим даражасига эга бўлиш учун сарфланган вақт ва куч ўзини оқланишини тасдиқлади.

Ўзбекистонда таълимнинг юқорироқ босқичлари келтирадиган иқтисодий манфаатни баҳолаш учун ПМТИ мутахассислари 18 ёшдан катта фуқаролар иштирокида «Таълимнинг даромадга таъсири» мавзусида онлайн сўров ўтказди.

Унда асосан ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланувчи тасодифий респондентлар қатнашган. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан онлайн тартибда жами 1152 та (61% эркаклар, 39% аёллардан) жавоб олинди. Тадқиқотда 906 та сўровноманинг натижаси баҳоланди (ўз ҳоҳишига кўра ишламайдиган, вақтинча ишсиз, фарзанд тарбияси билан банд, кундузги бакалавриат, магистратура, таянч докторантура ва докторантурада таълим олувчи фуқароларнинг жавоблари, шунингдек, нотўғри тўлдирилган ҳамда бир хил жавоблар инобатга олинмади).

Таълим даражаси бўйича 906 нафар респондентнинг 3,3% ини DSc (ёки фан докторлари), 18,2% ини PhD (ёки фан номзодлари), 33,1% ини магистрлар, 33,3% ини бакалаврлар, 15,3% ини бакалавриат ва магистратура тизими татбиқ этилгунга қадар олий таълим олганлар, 7,0% ини ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари, 3,0% ини ўрта ва 0,4% ини таянч ўрта (9 синф) билимга эга бўлганлар ташкил этган.

Таҳлил «Минсернинг даромадлар тенгламаси» асосида амалга оширилган. Ўзбекистонда ҳар бир қўшимча таълим йили иш ҳақининг ўртача 10% ошишига имконият яратади ва бу кўрсаткич БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти баҳосига мос келади.

DSc ёки фан доктори илмий унвонига эга ва иқтисодиётда банд бўлганлар ўрта ҳисобда 61%, PhD ёки фан номзодлари эса ўзларидан олдинги таълим даражасига эга ходимларга нисбатан 41% кўпроқ маош олади. Имтиёзли дипломга эга респондентлар (бакалавр босқичи битирувчилари ёки Болон тизимига ўтилгунга қадар ОТМларнинг битирувчилари) меҳнат бозорида оддий диплом соҳибларига нисбатан 8,5% кўпроқ маош олади.

Сўровда иштирок этганлар орасида иқтисодиёт тармоқлари бўйича компьютер технологиялари соҳасида банд бўлганларнинг ўртача ойлик маоши энг юқори эканлиги маълум бўлди. Улар (таълим даражаси ва унинг давомийлигига қараб) бошқа тармоқларда банд бўлганларга нисбатан 28% дан 37% гача кўпроқ иш ҳақи олади. Иқтисодчилар 24−37%, молиячилар 29−30%, профессионал ва илмий-техник фаолият (юридик, консалтинг, бухгалтерия ва профессионал хизматлар) билан шуғулланувчиларнинг ўртача ойлик маоши 27−38% кўп эканлиги ойдинлашди. Давлат бошқаруви ва мудофаа йўналишларида банд бўлганлар ўз меҳнати эвазига 25−31% кўпроқ маош олади. Саноат тармоғи вакиллари 22−24%, қурилиш соҳаси вакиллари эса 25% кўп иш ҳақи олиши аниқланди.

Умуман, иқтисодиётда эркакларнинг маоши аёлларникига нисбатан 23% дан 28% гача юқори. Шу билан бирга ҳар бир қўшимча таълим йили аёлларнинг даромадини 11% га, эркакларникини 8,7% га оширади.

Оилали эркаклар бўйдоқларга нисбатан 16% кўпроқ маош олса, турмуш қурганидан сўнг аёлларнинг маоши 27% га камайиши кузатилади. Пойтахт меҳнат бозорида банд бўлганларнинг иш ҳақи бошқа ҳудудлардаги иш ҳақига нисбатан 23−24% (эркакларда 30%, аёлларда 16,3%) юқорироқ.

ПМТИ маълумотларига кўра, таълим даражаси турлича бўлган респондентларнинг ойлик маоши ўртасидаги тафовут талабалар ва уларнинг оилаларига оила аъзосининг таълим олиши учун сармоя киритиш бўйича тўғри қарор қабул қилишда ёрдам беради.

ПМТИ экспертлари тадқиқотнинг кейинги босқичида зарур билим, маҳорат ва юқори малакага эга бўлиб, маълум бир касбни эгаллаш учун қанча миқдорда сармоя киритиш зарурлигини ҳисоблаш имконини берадиган калкуляторни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.