Эмомали Раҳмон 2−3 июнь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2−3 июнь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

1 июлдан электр энергия ва газ нархини «ижтимоий норма» асосида ошириш таклиф этилмоқда

1 июлдан электр энергия ва газ истеъмоли учун нархларни «ижтимоий норма» асосида белгилаш кутилмоқда. Муҳокамага эълон қилинган ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, амалдаги нархлар ошади. Шунингдек, белгиланган нормадан кўпроқ ишлатганлар ҳар бир қўшимча кВт соат электр энергия учун — 2 баравар, ҳар бир қўшимча куб метр газ учун эса — 5 баравар миқдорида тўлов қилади. Нархлар 2024−2025 йиллардан инфляция даражасига индексация қилинади, 2026 йилдан эса эркинлаштирилади.

Янги тарифлар бўйича электр энергия ва газ харажатлари қандай ўзгаради?

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги газ ва электр энергиясининг янги тарифлари бўйича аҳолининг харажатлари қанчага ошишини ҳисоблаб чиқди. Агар энергоресурслар истеъмоли табақалаштирилган тарифлар доирасида қолса, харажатлар 8−10 фоизга ошади, деб маълум қилди вазирлик.

«Қонун лойиҳаси биринчи ўқишга киради». Нурдинжон Исмоилов ички ишлар ходимларини суратга олишни тақиқловчи ҳужжат ҳақида

Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ички ишлар ходимларини суратга олишни тақиқловчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиши ва муҳокама қилинишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ташаббускорлардан қўшимча маълумотлар сўралган, шунга кўра ҳужжатга ўзгаришлар киритилади. «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчилигимизда жуда кўп бўшлиқлар бор. Керак бўлса зиддиятлар ҳам бор, уни ҳам тан олишимиз керак», — деди у.

Андижонда ҳоким ноқонуний тарзда депутат дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум этилди

Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан киритилган тақдимнома билан Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши сессиясида икки нафар депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи қонун ва президент фармонига зид тарзда кўриб чиқилгани айтилмоқда. Маълум бўлишича, депутатлардан бири — Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровдир. У 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида молиявий жиноятлар содир этганликда гумонланмоқда.

Бензинга акциз солиғининг кўтарилиши унинг чакана нархини оширмайди — «Ўзбекнефтгаз»

1 июндан бошлаб нефть маҳсулотларига солинадиган акциз солиқ ставкалари кўтарилишига қарамасдан «Ўзбекнефтгаз» тасарруфидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензиннинг чакана нархи оширилмайди, деб маълум қилди компания.

Давлат музейларига тунги вақтларда хизмат кўрсатишга рухсат берилди

Президент қарори билан 1 июлдан бошлаб давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 га қадар ҳамда тунги вақтларда хизмат кўрсатишга рухсат берилди. Пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади. Қолаверса, туркиялик мутахассислар иштирокида учта музей реконструкция қилинади.

Давлат аҳолидан тасвирий ва амалий санъат асарларини сотиб олади

Ўзбекистонда 1 июлдан «Миллий меросга менинг ҳиссам!» умумхалқ акцияси ташкил этилади. Унинг доирасида аҳолидан мустақиллик йилларида яратилган, юксак бадиий қийматга эга тасвирий ва амалий санъат асарлари харид қилинади. Бунинг учун ҳар йили 3,5 млрд сўм, талабга кўра ундан ҳам кўпроқ маблағ ажратиб борилади. Қолаверса, «Мозийга саёҳат» дастури ҳам ўтказилади, дафтарларга киритилган фуқаролар учун музейларга кириш бепул бўлади.

2023 йилгача 22 та турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари божхона божларидан озод этилади

2023 йилга қадар гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева, ўсимлик ёғи каби жами 22 та турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари божхона божларидан озод этилади. Қолаверса, озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш амалиёти тўхтатиб турилади. Антимонополия қўмитасининг нарх-навонинг асоссиз ошириш, рақобатни бузиш бўйича ваколатлари кучайтирилади.

«Рақобат муҳити ун нархини сунъий оширишга йўл қўймайди» — Иқтисодий тараққиёт вазирлиги

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ғаллачилик соҳасини ислоҳ қилиш нархларни оширишни эмас, эркинлаштиришни назарда тутаётганини қайт этди. «Кейинги беш йил ичида эркинлаштириш мамлакатда ғалла етиштиришнинг сезиларли ўсишига ва импортнинг сезиларли даражада камайишига олиб келади», — дейилади вазирлик маълумотида. Ҳукумат ун нархининг кескин ошишининг олдини олиш чораларини ҳам ишлаб чиқди.

«Ҳудудгазтаминот» кўп оилали хонадонларга икки марта суюртирилган газ етказиб беради

«Ҳудудгазтаминот» истеъмолчилар мурожаатига кўра, суюлтирилган газ етказиб бериш тартибини янгилади. Бундан буён компания газ баллонини олиш бўйича ҳар бир мурожаатни жойига чиқиб ўрганади. Оила аъзолари кўп хонадонлар ID-карта орқали икки маротаба газ олишлари мумкин бўлади. Компания шу йўл орқали олиб сотарларга қарши курашишни мақсад қилган.

Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Адлия вазирлиги 9 та амалдаги қонун, 2 та янги қонун лойиҳаси ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатларини яхлитлаштирувчи Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Унга кўра, давлат корхоналарига рақобатни чекловчи тўғридан-тўғри солиқ, божхона ва бошқа турдаги имтиёз ва преференсиялар бериш тақиқланмоқда. Қолаверса, кодексдан субсидия бериш ва молиявий санкциялар қўллаш тартиблари, «хўжалик ширкати» шаклини бекор қилиш ҳам ўрин олган.

ПМТИ тадқиқоти: Таълим даражаси иш ҳақига қандай таъсир қилади?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таълим даражасига қараб иш ҳақи ўсишини баҳолаш бўйича тадқиқот ўтказди. Ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистонда иш ҳақидаги устама фан доктори (DSc) илмий унвони учун 61% дан, PhD ёки фан номзоди учун 41% дан юқори эканлиги, шу билан бирга бакалавр босқичининг имтиёзли дипломига эга ходимлар меҳнат бозорида оддий диплом соҳибларига қараганда 8,5% кўпроқ маош олиши маълум бўлди.

Paynet тўлов тизимини хусусийлаштиришга тайёргарлик кўрилмоқда

Давлат активларини бошқариш агентлиги Uzpaynet компаниясини хусусийлаштириш мақсадида консалтинг компанияларни жалб этишни режалаштирмоқда. Давлат ўзининг 100 фоиз улушини сотиш ниятида. Компания ҳозирда 390 дан ортиқ хизматларни кўрсатади, у 2021 йилда 94,6 млрд сўм соф фойдани қўлга киритган.

Тошкентда ногиронлиги бўлган фуқароларга мўлжалланган такси хизмати иш бошлади

3 июндан бошлаб Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган фуқароларга мўлжалланган «Меҳрибон такси» хизмати йўлга қўйилади. Машиналар кўчма пандус билан жиҳозланган. Компания вакилининг сўзларига кўра, хизматдан тушган маблағнинг бир қисми ҳайрияга йўналтирилади, ногиронлиги бор шахслар ҳам ишга жалб қилинади.

Ўзгидромет тўққизта вилоятда сел келиш хавфини эълон қилди

2−4 июнь кунлари Ўзбекистоннинг 9 та вилоятининг тоғли ҳудудларида ёмғир ва дўл ёғиши оқибатида сел-сув тошқинлари юз бериши хавфи эълон қилинди. Ўзгидромет фуқаролардан эҳтиёт чораларини кўришни сўрамоқда. Қолаверса, ҳафтанинг иккинчи ярмида айрим ҳудудларда шамол тезлиги 18−23 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда эса чанг тўзони кузатилиши мумкин.