1 июлдан бошлаб «Миллий меросга менинг ҳиссам!» умумхалқ акцияси ташкил этилади. Бу президентнинг 27 майдаги тегишли қарорида қайд этилган.

Ушбу акция давомида аҳолидаги маданий бойликларни давлат музейлари томонидан қабул қилиб олинади.

Акция доирасида давлат музейларига маданий бойликларни, шу жумладан, мустақиллик йилларида яратилган, юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари харид қилинади. Бунинг учун 2022 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили Маданий мерос жамғармасига Давлат бюджетидан маданий мерос ва музейлар соҳасига ажратилган маблағлар ҳисобидан қўшимча 3 миллиард сўмдан ҳамда ҳудудлардаги тегишли давлат музейларига Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан 500 миллион сўмдан маблағ ажратиб борилади. Амалий талабни инобатга олинган ҳолда ушбу маблағ миқдори оширилиши ҳам мумкин.

ОАВ, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг кўламда тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда жойларда экспедициялар ташкил этилади.

Маданий бойликларни аниқлаш ва давлат музейларига топширишда фаол иштирок этган аҳоли вакилларининг намунали фаолияти кенг тарғиб этилади ҳамда улар қўллаб-қувватланади.

Ҳар йили давлат музейларига аҳолидан харид қилиб олинган маданий бойликлар кўргазмаси ташкил этилади ҳамда улар ҳақидаги маълумотлар Маданий мерос агентлиги ва тегишли давлат музейининг расмий веб-сайтига мажбурий тартибда жойлаштириб борилади.

Қарор билан, шунингдек, «Мозийга саёҳат» дастури ташкил этилади. Бунда таълим муассасаларининг ўқувчи ва талабалари, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва бошқа фуқароларнинг музейлар ва мамлакатнинг тарихий манзилгоҳларига ташрифлари амалга оширилади.

Дастур доирасида:

  • давлат олий таълим муассасалари талабаларининг жойлаштириш воситаларида туриш харажатларининг 50 фоизгача миқдори тегишли давлат олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, таълим муассасалари ўқувчиларининг, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жойлаштириш воситаларида туриш харажатларининг 50 фоизгача миқдори маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланиши мумкин;
  • «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат музейларига бепул киритилади;
  • «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларнинг темир йўл чипталари ҳамда жойлаштириш воситаларида туриш харажатлари тўлиқ ҳажмда тегишлича «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан қопланади;
  • давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан ҳар йили камида бир марта бюджетдан ташқари маблағлар, касаба уюшмалари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун музейларга кириш чипталарини харид қилиш амалиёти жорий этилади.

Бундан аввал президентнинг ушбу қарори билан 1 июлдан бошлаб давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 га қадар ҳамда тунги вақтларда хизмат кўрсатишга рухсат берилгани ҳақида хабар берган эдик.