Ўзбекистон президенти 31 майдаги қарори билан Андижон давлат чет тиллар институтини ташкил этишни тасдиқлади.

Институтда ўқув жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларга иккита хорижий тил бўйича квалификация берилади.

Андижон давлат университети ва унинг Педагогика институтига хорижий тиллар йўналишларида бакалавриат ва магистратура босқичларида кадрлар тайёрлаш бўйича ажратиладиган давлат буюртмаси квотаси 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Институтга йўналтирилади.

Институтнинг бакалавриат таълим йўналишларига 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасидаги чет тили фанидан 4 та кўникмани (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади. Бунда:

  • чет тилини билиш даражаси B2 ва ундан юқори миллий сертификатга ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан ўқишга кириш синовларида имтиҳонсиз максимал балл берилади;
  • чет тили фанидан касбий (ижодий) кириш имтиҳонлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади.

Институтнинг магистратура мутахассисликларига киришда хорижий тилни билиш даражаси бўйича С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификат ва бакалавриат диплом баллининг ўртача кўрсаткичи инобатга олинади ҳамда қўшимча имтиҳонлар ўтказилмайди.

Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан мутахассислик фанларидан хорижий тилда дарс берадиган С1 даражасидан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўлаб борилиши мумкин.