Россия август ойи охирига қадар кунгабоқар ёғи ва шротни экспорт қилиш учун квоталарни мос равишда 400 ва 150 минг тоннага оширишни режалаштирмоқда, деб ёзмоқда «Коммерсантъ».

15 апрелдан 31 августгача бўлган даврда Россиядан Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмаган давлатларга кунгабоқар ёғи (1,5 млн тонна) ва кунгабоқар уруғининг қаттиқ қолдиқларини (700 минг тонна) экспорт қилиш учун квоталар белгиланганди.

Жаҳон бозорларида март ойида кунгабоқар ёғи нархининг ошиши барча рекордларни қайд этди, апрел ойида эса бироз пасайиш кузатилди.

Кунгабоқар ёғи Ўзбекистонга асосан Россия ва Украинадан олиб кирилади, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам ушбу икки мамлакат ва Қозоғистондан импорт қилинадиган ёғ хом ашёсидан фойдаланади.

«Газета.uz» апрел ҳолатига кўра, кунгабоқар ёғи йил бошидан бери 28 фоизга, пахта ёғи — 31 фоизга ошгани ҳақида ёзганди.

Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига мувофиқ, май ойи бошида бир ҳафта давомида Ўзбекистонда ўсимлик ёғининг бир литрининг ўртача нархи 0,5% га — 19,1 минг сўмга пасайди. Нархларнинг пасайиши тўққиз вилоятда кузатилди, бироқ Тошкент ва яна тўрт вилоятда улар ўсишда давом этмоқда.

Президент 29 апрел куни ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагинининг импортини ҚҚСдан озод қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаганди. Шу билан бирга, айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан экспорт божхона божлари киритилмоқда.