28 май куни ўтган Сенатнинг 26-ялпи мажлисида ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қонун сенаторлар томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Қонунда доимий ёки вақтинчалик фойдаланиладиган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомиллари белгиланмоқда.

Сенат раиси Танзила Нарбаева йиғилишда мулк ҳуқуқи дахлсизлиги юзасидан сўровнома ўтказилгани ҳақида айтиб ўтди.

«Мулк ҳуқуқи дахлсизлигининг таъминланганлигини баҳолаш ҳақидаги сўровда 20 мингдан ортиқ аҳоли қатнашган. Уларнинг 35 фоизи давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш ҳолатларига дуч келган. 45 фоизи ўз ҳудудида ер участкаларини олиб қўйиш амалиёти қонуний йўлга қўйилмаганини таъкидлаган. Шунингдек, респондентларнинг 29,5 фоизига компенсация етарли миқдорда берилмаган, 6,5 фоизига эса умуман пул тўланмаган», — деди у.

Қонунда ер участкаларининг ҳар қандай мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш қатъиян таъқиқланди. Бунинг учун асос бўладиган алоҳида ҳолатлар рўйхати белгиланди.

«Снос»га тушган ҳудудда жойлашган ерга 15 йил давомида ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келган шахслар солиқлар тўлаб келгани тасдиқланса, мазкур кўчмас мулк объекти қийматининг ўрни қопланади.

Қонун билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида компенсация комиссиялари тузилади. Улар компенсациялар ўз вақтида тўлиқ ҳажмда берилиши устидан мунтазам мониторинг қилади ва ҳисоб юритади. Компенсациялар ўз вақтида ва тўлиқ берилмаса, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашига ахборот киритилади.

Қонунда жамоат эҳтиёжларига олиб қўйиладиган ер учун бериладиган компенсация турлари ва манбалари ҳам аниқ кўрсатилмоқда. Хусусан, бериладиган компенсация турлари пул маблағлари, шу жумладан турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни вақтинчалик ижарага олиш учун пул маблағлари, бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб беришдан иборат бўлади.

Қолаверса, маданий қадриятларни сақлаб қолиш мақсадида битта маҳалла ёки кўчада яшовчи ҳуқуқ эгалари ва уларнинг оила аъзолари хоҳишига кўра, уларга битта маҳалла ёки кўчада жойлашган янги уйлар (битта кўп квартирали уйдаги квартиралар) берилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, адлия вазири Русланбек Давлетов келгусида ер ҳеч кимга ажратиб берилмаслиги, барчаси аукционда сотилишини қўшимча қилди.

«Энди ер берилмайди. Ер фақат сотилади. Агар давлат қайсидир ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам бермоқчи бўлса, пулини берсин, сотиб олиб берсин ёки аукционда иштирок этган пулини компенсация қилиб берсин, деган ғоя шаклланаяпти», — деди у.

Ялпи мажлисда ушбу Қонуннинг мантиқий давоми бўлган «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Қонун билан Фуқаролик, Ер, Шаҳарсозлик ва Бюджет кодексларига ҳамда «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги, «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги ва бошқа шу каби қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Юқоридаги қонунларга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмунига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод ва доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун қонунчиликда белгиланган компенсация тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилади.

Ер участкаларини олиб қўйиш масалалари тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун билан тартибга солиниши, низоли вазиятларнинг олди олиниши, мулк эгаларининг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади, дейилади хабарда.

Ушбу қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди. Қонун президент томонидан имзоланган кундан уч ой ўтиб, кучга киради.