Шанба куни Сенатнинг 26-ялпи мажлисида Ўзбекистон Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритилди, деб хабар берди юқори палата матбуот хизмати.

Сенаторлар Турғунали Мирзаев ва Нурали Рахмоновни Олий суд судьяси лавозимига 10 йиллик муддатга сайлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Турғунали Мирзаев 1976 йилда Фарғона вилояти Бувайда туманида туғилган. Маълумоти олий. У 2000 йилдан бошлаб Фарғона шаҳар ИИБ терговчиси, катта терговчиси, бўлинма бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2012 йилдан Фарғона вилояти туман суди раиси, Фарғона вилояти судининг судьяси сифатида фаолият юритган.

У 2021 йилдан тайинловга қадар Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туман суди раиси лавозимига меҳнат қилган.

Нурали Рахмонов 1982 йил Самарқанд вилояти Пахтачи тумани туғилган. Маълумоти олий. Меҳнат фаолиятини турли корхоналарда ҳуқуқий маслаҳатчи сифатида бошлаган. Кейинчадик Навоий вилояти божхона бошқармаси суриштирувчиси, тезкор вакили, 2010 йилдан Кармана туманлараро судининг судьяси, Кармана туманлараро судининг раиси сифатида ишлаган.

У 2019 йилдан тайинловга қадар ФИБ Навоий вилояти суди судьяси лавозимида ишлаган.