Марказий банк бошқаруви раиси лавозимига 5 йил муддатга тайинланади. 2017 йилда мазкур лавозимга келган Мамаризо Нурмуратовнинг ваколат муддати тугаганлиги муносабати билан Сенатнинг 26-ялпи мажлисида МБга раис тайинлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Мажлис онлайн намойиш этилмоқда.

Президент тақдимномасига мувофиқ, Марказий банк бошқаруви раиси лавозимига Мамаризо Нурмуратов номзоди сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

«Сизни президентимиз ва сенаторлар ишончига сазовор бўлиб, яна бир марта ушбу юксак масъулиятли лавозимга лойиқ кўрилганингиз билан табриклайман», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Мамаризо Нурмуратов 1960 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. Маълумоти олий, 1977 йили Тошкент халқ хўжалиги институтига ўқишга кириб, 1982 йили Ленинград иқтисодиёт-молия институтини тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи.