24−26 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Қаршида катта йўл транспорт ҳодисалари кузатилди. Бу ҳақда ИИВнинг ҳудудий бўлинмалари хабар берди.

Пойтахтнинг Яшнобод туманида 24 май куни тахминан соат 21:10 ларда Махтумқули кўчаси 1-уй қаршисида «KIA» машинасини ҳайдаб кетаётган 1999 й.т ҳайдовчи тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида 1996 йилда туғилган И.А.ни уриб юборди.

У олган тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган. Ҳозирда ЙТҲ сабаблари ўрганилмоқда.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатди, ҳайдовчига 7 йилгача қамоқ жазоси хавф солмоқда. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


25 май куни Самарқанднинг Ургут тумани Навоий Шох кўчасида Cobalt ҳайдовчиси 2006 йилда туғилган мактаб ўқувчисини уриб юборди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан зарб оқибатида бола тахминан 20 метрга учиб кетганини кўриш мумкин.

ЙТҲ оқибатида пиёда турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган, у шу тумандаги Пастки Калангар маҳалласида яшаши маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими Жиноят кодексининг 266-моддаси билан жиноят иши қўзғатди.


Фото: ЙҲХХ.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида 26 май куни соат 13:25 ларда ЙТҲ содир бўлди. «Қарши-Чем-Чироқчи-Шаҳрисабз» автомобиль йўлининг 57-километрида «Nexia», Lacetti" ва «Spark» автомобиллари тўқнашиб кетди. ЙТҲ натижасида фуқаролар тан жароҳати олмади, фақат автомобилларга техник шикаст етди.

Мазкур ЙТҲ устидан Қамаши тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув олиб бормоқда.