27 май куни Қирғиз республикаси президенти Садир Жапаров раислигида Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) онлайн тарзда навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев ҳам кузатувчи давлат вакили сифатида иштирок этди.

Саммитнинг кенгайтирилган ва тор доирадаги кун тартибида 15 та масала, шу жумладан ЕОИИга аъзо давлатларнинг 2022−2023 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий сиёсатининг асосий кўрсатмалари, 2021 йилга мўлжалланган ЕОИИнинг ички бозоридаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича ишлар натижалари, халқаро фаолиятнинг асосий йўналишларини амалга ошириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон кузатувчи сифатида ЕОИИ билан шериклик муносабатларини ривожлантиришда давом этиши ва ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори эканини тасдиқлади, деб ёзмоқда ТАСС.

«Ўзбекистон кузатувчи сифатида Евросиё иқтисодий Иттифоқи билан шериклик муносабатларини ривожлантиришда давом этмоқда. Бу биз учун жуда муҳим йўналиш, чунки ЕОИИ мамлакатлари бизнинг табиий шерикларимиз ҳисобланади», — деди у.

У шунингдек, ўтган йил якуни билан Ўзбекистоннинг иттифоқ мамлакатлари билан товар айланмаси 30 фоизга ўсганини таъкидлади.

«Ўзбекистон Евросиё иқтисодий Иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш тарафдори эканлигини яна бир бор тасдиқламоқчиман. Ишончим комилки, бугунги учрашув натижалари кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлаш, ЕОИИ мамлакатларида барқарор иқтисодий ривожланиш ва мамлакатларимизда фаровонлик ўсишига хизмат қилади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Дунёда жадал ўзгаришлар ва инқироз ҳодисалари мамлакатлар барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатиши ҳам қайд этилди.

«Глобаллашув даври янги дунё тартиби босқичидан ўтмоқда. Биз мисли кўрилмаган кўламдаги чеклов чоралари, логистика занжирлари, маҳсулот таъминоти ва кооперация алоқаларидаги узилишлар, озиқ-овқат маҳсулотларига нархларнинг кўтарилиши, ижтимоий зиддиятларнинг кучайишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бундай вазиятда мажмуавий қўшма ҳаракатларни ишлаб чиқиш, ноодатий ечимларни топиш ва ўзаро ҳамкорлигимизнинг ностандарт механизмларидан фойдаланиш муҳим деб ҳисоблаймиз», — деди у.

Президент ЕОИИ давлатларини бозорга чиқишдаги техник тўсиқларни бартараф этишга чақирди. «Бугунги кунда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасида ўзаро савдода техник тўсиқларни бартараф этиш ва сертификациялашни тан олиш вазифаси ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир», — деди у.


Видеодан лавҳа.

Меҳнат миргантлари

Ўзбекистон раҳбари ЕОИИга ишчи кучини жалб қилиш тартиб-таомилларини соддалаштиришни таклиф қилди.

«Мамлакатларимизда меҳнат миграцияси ва мутахассисларни жалб этиш билан боғлиқ масалаларнинг долзарблиги ошиб бормоқда, — деди Шавкат Мирзиёев. — Мен зарур ҳужжатларни қабул қилишни ва ЕОИИга аъзо давлатлар ва кузатувчилар иқтисодиётининг тез ўзгарувчан эҳтиёжларига мувофиқ меҳнат ресурсларини самарали жалб қилишни таъминлайдиган соддалаштирилган тартиб-таомилларни жорий этишни таклиф қиламан», — деди у.

Темир йўл қурилиши

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, яқин фурсатларда Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилиши лойиҳасини бошлаш режалаштирилмоқда.

Ушбу лойиҳа Осиё-Тинч океани минтақаси бозорларига чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратиши таъкидланди.

Ўзбекистон ЕОИИ билан трансафғон темир йўли лойиҳаси бўйича ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр. «Биз ЕОИИ аъзолари билан Термиздан Покистоннинг Пешоваригача бўлган трансафғон темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, бу йўл икки миллиард истеъмолчи бозори бўлган Жанубий Осиёга энг қисқа йўл билан киришни таъминлайди», деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон президенти ЕОИИ давлатлари билан қатновларни тўлиқ тиклашга чақирди. «Мамлакатларимиз ўртасида йўловчи ташиш алоқаларини тўлиқ тиклаш масаласини ишлаб чиқиш ҳам муҳимдир», — деди у.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев кузда Туризм индустриясини ривожлантириш форумини ўтказиш таклифини илгари сурди.

Аграр соҳада ҳамкорлик

Ўзбекистон етакчиси ЕОИИнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

«Агрокооперация дастурини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз. Ушбу дастур бозорларимиз тўйимлилигини таъминлаш мақсадида ЕОИИ мамлакатларида дон ва мойли ўсимликларни етиштириш, шунингдек мева-сабзавот маҳсулотларини, шу жумладан Ўзбекистонда эртапишар навларни биргаликда етиштириш масалаларини қамраб олиши мумкин», деди Шавкат Мирзиёев.