АҚШнинг Project CURE хайрия ташкилоти Қорақалпоғистондаги шифохоналарга қиймати 3 млн долларлик тиббиёт ускуналаридан иборат навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини йўллади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Гуманитар ёрдамнинг умумий оғирлиги 16,8 тонна бўлиб, 2,9 минг ўрамдаги тиббиёт товарлари тўртта контейнерда келтирилиши кутилмоқда. Ёрдам тахминан июнь ойида Қорақалпоғистон ССВга топширилади. Оролбўйи минтақасида тиббий асбоб-ускуналар учун энг зарур бўлган 24 та тиббиёт муассасасига бериладиган хайрия қимати 3 млн долларни ташкил этади, дейилади хабарда.

Project CURE хайрия ташкилотининг Халқаро ҳукумат ишлари бўйича директори Мелиса Эспостининг айтишича, контейнерлар АҚШдан денгиз орқали Европага жўнатилган. Юклар дастлаб Грузия портларига етказилади, шундан сўнг Нукус шаҳрига қуруқлик транспорти орқали олиб келинади.

Оролбўйига етказиладиган гуманитар ёрдам УЗИ аппарати ва ускуналари, ИВЛ, кислород концентраторлари, рентген сканерлари, янги туғилган чақалоқлар учун интенсив терапия инкубаторлари, дефибрилляторлар, лаборатория мосламалари, кислород баллонлари, беморларни ташиш учун аравачаси, наркоз-нафас олдириш аппарати, жарроҳлик столлари учун матраслар ва бошқалар мавжуд.

Project CURE — 1987 йилда ташкил этилган нодавлат ташкилоти бўлиб, ривожланаётган мамлакатларга замонавий тиббий асбоб-ускуналар танқислигини бартараф этишда ёрдам беради. Ташкилот фаолияти дунёнинг 135 давлатини қамраб олган ва йилига 200 та контейнер жўнатади, уларнинг ҳар бирида ўртача 300 минг долларлик тиббий буюмлар бўлади.

Project CURE томонидан Оролбўйи минтақасига гуманитар юкларнинг биринчи партияси 2021 йилнинг май ойида юборилган. Ўшанда инсонпарварлик ёрдами қиймати 3 млн доллар бўлиб, тиббиёт буюмлари ва жиҳозлари, ўпкани сунъий шамоллатиш мосламаларини ўз ичига олган 40 футлик 10 та контейнерни ташкил қилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида ҳам Project CURE хайрия ташкилоти томонидан умумий ҳажми қарийб 7 тоннани, қиймати 3 млн долларни ташкил этадиган тиббий жиҳозлар — рентген сканерлари, лаборатория асбоблари, кислород баллонлари ва бошқа тиббий қурилмалар Оролбўйи минтақасига юборилган эди.