Ўзбекистон Бош прокуратураси маданий мерос объектларида ташқи реклама жойлаштириш ишлари қонунчилик нормаларига риоя этилиши юзасидан текширишлар олиб борди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Прокуратура идоралари томонидан мутасадди идоралар билан биргаликда 5 та қадимий шаҳарда жойлашган мингдан ортиқ маданий мерос объектида реклама ва ахборот кўрсатгичлари ўрнатилишининг қонунийлиги ўрганилди. Унда қонунчилик талабларига зид равишда 72 та объектда 121 та реклама ноқонуний ўрнатилгани аниқланди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Бухородаги 27 та маданий мерос объектида 50 та, Самарқанддаги 25 та объектда 45 та, Тошкент шаҳридаги 18 та объектда 24 та, Хивадаги 2 та объектда 2 та реклама баннери ноқонуний ўрнатилган.

Хусусан, Бухоро шаҳрида жойлашган ноёб архитектура ёдгорлиги тоифасига кирувчи XIX асрга оид «Иброҳим Охунд» мадрасасида 6×3 ўлчамдаги «гўзаллик салони» реклама баннери ўрнатилиб, объектнинг тарихий кўринишини тўлиқ ёпиб қўйган. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги XX асрга оид «Баҳор» ресторани биносида 7×9 ўлчамдаги «бильярд ва ресторан» реклама баннери ўрнатилиб, бино тарихий кўриниши кўримсиз ҳолатга келтирилган, дейилади хабарда.

Ўз навбатида, ўрганишлар давомида аниқланган 53 та объектдаги ноқонуний ўрнатилган 99 та реклама баннерлари олиб ташланиши таъминланиб, маданий мерос объектлари кўриниши асл ҳолатига қайтарилган. Шунингдек, 19 та объектда ноқонуний ўрнатилган 22 та реклама баннерини олиб ташлаш юзасидан мутасадди шахсларга ёзма кўрсатмалар берилди.