2017 йилдан бери Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига раҳбарлик қилиб келган Рустам Шоабдураҳмонов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда федерациянинг 27 майдаги навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида маълум қилинди. У февраль ўрталарида Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлигидан ҳам кетганди.

Таъкидланишича, Рустам Шоабдураҳмоновнинг ўз хоҳишига кўра ёзган аризаси кўриб чиқилиб, делегатлар томонидан қабул қилинган.

Шунга кўра, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси лавозимига Абдусаматов Мақсуд Абдувалиевич сайланди. У «Капиталбанк» АТБ Кузатув кенгаши раиси лавозимида фаолият олиб боради.

Мақсуд Абдусаматов.

«Менга билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдираман. Ҳозирда ушбу спорт ва қиличбозлик оиласининг ичига кириб, вазият билан яқиндан танишмоқдаман. Ўрганишлар асосида янги истиқболли режаларни шакллантирамиз. Олдимизда турган йирик мусобақаларда спортчи ва мураббийларимизнинг муваффақиятга эришишлари учун барча шароитларни яратиб берамиз», — деди Мақсуд Абдусаматов.

Шунингдек, Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига бош котиблигига ушбу вазифада фаолият юритиб келган Гулнора Саидова қайта сайланди.