2022 йилдан бошлаб 6 та олий таълим муассасасига киришда чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилиши белгиланди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида акс эттирилган.

Чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон олинадиган ОТМлар:

  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
  • Самарқанд давлат чет тиллар институти;
  • Тошкент давлат шарқшунослик университетининг фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига;
  • Тошкент давлат педагогика университети;
  • Қўқон давлат педагогика институти;
  • Нукус давлат педагогика институтининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига.

Кириш имтиҳонларида чет тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади.

ДТМ ижодий имтиҳон форматини (барча тиллар учун) ва тест намуналарини (инглиз тилидан) эълон қилди:

Унга кўра, имтиҳон 2 соат 45 дақиқа давом этади ва қуйидаги бўлимлардан иборат:

  • 1-бўлим: Тинглаб тушуниш (45 дақиқа / 5 қисм / 30 савол)
  • 2-бўлим: Ўқиш (60 дақиқа / 5 қисм / 30 савол)
  • 3-бўлим: Ёзиш (45 дақиқа / 2 топшириқ / 30 балл)
  • 4-бўлим: Гапириш (15 дақиқа / 3 қисм / 30 балл)

1-бўлим: Тинглаб тушуниш

Тинглаб тушуниш бўлимида ҳар бир матн икки мартадан эшиттирилади ва матн эшиттирилишидан олдин матнга оид саволлар билан танишиб чиқиш учун 30 сония вақт берилади.

1-қисм (5 савол)

Матн тури: давомийлиги 2−3 дақиқали оммабоп таниш мавзуларда диалог.

Текшириладиган кўникмалар: муайян деталларни тушуниш.

Саволлар тури: мослаштириш (6 та жавоб вариант, биттаси ортиқча).

2-қисм (6 савол)

Матн тури: давомийлиги 2−3 дақиқали оммабоп таниш мавзуларда диалог.

Текшириладиган кўникмалар: муайян маълумотлар олиш учун тушуниш ва маълумотларни тўғри ёки нотўғри эканлигини аниқлай олиш.

Саволлар тури: тўғри / нотўғри.

3-қисм (5 савол)

Матн тури: оммабоп таниш мавзуларда 5 та қисқа монологлар, ҳар бир монолог учун ажратиладиган вақт давомийлиги — 30 сония.

Текшириладиган кўникмалар: нутқнинг умумий мазмунини тушуниш.

Саволлар тури: мослаштириш (8 та жавоб вариант, учтаси ортиқча).

4-қисм (8 савол)

Матн тури: оммабоп таниш мавзуларда 8 та қисқа диалоглар, ҳар бир диалогнинг давомийлиги 30 сония.

Текшириладиган кўникмалар: муайян маълумотлар олиш учун тушуниш.

Саволлар тури: муқобил жавобли тест топшириқлари (савол ва 3 та жавоб варианти).

5-қисм (6 савол)

Матн тури: давомийлиги 3 дақиқали монолог-презентация ёки интервью.

Текшириладиган кўникмалар: муайян маълумотлар олиш учун тушуниш.

Саволлар тури: муқобил жавобли тест топшириқлари (савол ва 3 та жавоб варианти).

2-бўлим: Ўқиш

1-қисм (6 савол)

Матн тури: қисқа ҳикоя (матн ҳажми — 100 сўз).

Текшириладиган кўникмалар: гаплар ўртасидаги мазмуний боғланишларни тушуниш ва яхлит матн шаклида тасаввур қилиш.

Саволлар тури: кетма-кетликни аниқлаш (6 та жавоб варианти).

2-қисм (7 савол)

Матн тури: оммабоп материаллар — газета, журнал, интернет мақолалари (матн ҳажми — 200 сўз).

Текшириладиган кўникмалар: гап даражасида батафсил тушуниш.

Саволлар тури: мослаштириш (10 та жавоб вариант, учтаси ортиқча).

3-қисм (5 савол)

Матн тури: оммабоп материаллар — газета, журнал, интернет мақолалари (матн ҳажми — 300 сўз).

Текшириладиган кўникмалар: оммабоп матнларнинг асосий фикр ва деталларни тушуниш.

Саволлар тури: муқобил жавобли тест топшириқлари (савол ва 4 та жавоб варианти).

4-қисм (6 савол)

Матн тури: оммабоп материаллар — газета, журнал, интернет мақолалари (матн ҳажми — 300 сўз).

Текшириладиган кўникмалар: матндаги аниқ деталларни ва очиқ айтилмаган маълумотларни тушуниш.

Саволлар тури: тўғри / нотўғри / берилмаган.

5-қисм (6 савол)

Матн тури: оммабоп материаллар — газета, журнал, интернет мақолалари (матн ҳажми — 300 сўз).

Текшириладиган кўникмалар: матндаги асосий фикрларни тушуниш.

Саволлар тури: мослаштириш (8 та жавоб вариант, иккитаси ортиқча).

3-бўлим: Ёзиш

Ёзма нутқ бўлимининг мақсади номзоднинг фикрини чет тилида ёзма равишда тўғри ва равон ифодалай олиш қобилиятини текширишдир.

1-топшириқ — шахсий ёзишмалар. Номзод берилган мавзу ва таянч саволлар асосида хат ёзиши лозим (60−80 сўз / 10 балл).

2-топшириқ — қисқа мақола ёзиш (120−140 сўз / 20 балл). Номзод таянч саволлар асосида берилган мавзуда қисқа мақола ёзиши керак.

4-бўлим: Гапириш

Оғзаки нутқ бўлимининг мақсади номзоднинг фикрини чет тилида оғзаки тарзда тўғри ва равон ифодалай олиш қобилиятини текширишдир.

1-қисм (1−5 саволлар):

Шахсий қизиқишларга оид ёки таниш, кундалик мавзуларда тайёргарликсиз суҳбат; оммабоп масалалар бойича маълумот бера олиш ва фикрни билдириш. Бунда суҳбат тарзида талабгорга кундалик мавзуларда, шахсий ҳаётига оид саволлар берилади ва талабгор берилган саволларга тайёргарликсиз жавоб бера олиши лозим. Ажратилган вақт — 5 дақиқа.

2-қисм (6-савол):

Талабгордан берилган расмни тасвирлаб бериш талаб қилинади. Талабгорга тайёргарлик учун 1 дақиқа вақт берилади.

3-қисм (7 савол):

Талабгорга берилган муаммоли вазият асосида 2 дақиқали монолог тузиши талаб қилинади. Талабгор нутқи давомида муаммога ўз ёндашуви (муаммога ечим)ни ифодалаши керак.

Саволлар номзоднинг шахсий ҳаётига оид мавзулардан олиниши керак. Абитуриентга 1 дақиқа берилади.