Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz»
Замонавий Ўзбекистон ҳудудида қандай динозаврлар яшаган?
Динозаврлар Ер юзида тахминан 233 миллион йил муқаддам пайдо бўлган. Ўша вақтларда ҳозирги олтита қитъа ўрнида сайёрамизда иккита улкан суперконтинент — Гондвана ва Лавразия мавжуд бўлиб, уларда улкан калтакесаклар яшаган. Буни Ернинг турли ҳудудларида, жумладан, замонавий Ўзбекистон ҳудудида ҳам топилган кўплаб ҳайвонлар қолдиқлари кўрсатади. Ўзбекистон Миллий университети Геология кафедраси мудири Абдулла Қўшоқов «Газетa.uz»га динозаврлар қолдиқлари сақланиб қолиши учун уларнинг идеал ўлим ҳолати, Ўзбекистонда улар топилган ҳудудлар, мамлакатимизда палеонтология фанининг бугунги ҳолати ҳақида сўзлаб берди.
Сайёрамиз тахминан 4 миллиард йил муқаддам пайдо бўлган, ундаги ҳаёт эса ҳозирдан ҳисоблаганда тахминан 540 миллион йил олдин бошланган. Девон даври бошидан тирик мавжудотлар сув остидан судралиб чиқиб, қуруқликда ривожлана бошлаган. Юра даврида сайёрада биринчи «даҳшатли калтакесаклар» яшай бошлади. Улар Ерда тахминан 150 миллион йил давомида ҳаёт кечириб, бўр даврида қирилиб кетган.
Геохронологик жадвал.
Фото: Rosuchebnik.ru
Абдулла Қўшоқовнинг сўзларига кўра, уларнинг пайдо бўлиш сабаблари ҳам, йўқолиш сабаблари ҳам илм-фанга ҳалигача маълум эмас.
Мен ҳалигача кичкина калтакесакларнинг қандай қилиб бунчалик катталашганини тушуна олмайман. Уларнинг нима учун ғойиб бўлгани ҳам номаълум. Бу ҳақда кўплаб назариялар мавжуд, аммо ҳеч бири исботланмаган. Кимдир улар озиқ-овқат етишмаслигидан ўлиб кетишган деб ҳисобласа, кимдир метеорит тушганидан кейин ғойиб бўлган деб ўйлайди. Улар билан бирга бўр даврида бошоёқли моллюскалар – аммонитлар ҳам ғойиб бўлган. Ажабланарлиси шундаки, фақатгина улар ўлиб кетишган, қолганлари эса тирик қолишди.
Фото: «Газета.uz»
Динозавр суякларини топиш – улкан омад, чунки органик қолдиқлар ўз вақтида кўмилмаса, одатда, сақланиб қолмайди, дейди Абдулла Қўшоқов.
Ер юзида қоладиганлар қуёш ва кислород натижасида парчаланиб кетади. Масалан, ўлиб қолган ит ер сатҳида тегинилмасдан қолса, бир йилдан кейин ундан фақат суяклар қолади, 3-4 йилдан кейин эса кулга айланади. Ер остида ҳам жасад парчаланади, лекин секинроқ, чунки кислороднинг эркин кириш имкони йўқ. Динозавр ботқоқликда ўлиб, усти дарҳол ер қатлами билан қоплангани – идеал ҳолат ҳисобланади. Шунда унинг қолдиқлари сақланиб қолиши эҳтимоли катта бўлади.
реклама
реклама

Ўзбекистондаги динозаврлар қолдиқлари

Динозаврлар қолдиқлари Ўзбекистон ҳудудида кам учрайди, аммо уларнинг излари тез-тез топилиб туради. Палеонтологлар уларни Қашқадарё вилоятининг Китоб қўриқхонаси, Туркманистон билан чегарадош Деҳқонобод тумани ва Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидан топишган.

Динозаврлар скелети қисмлари кўринишидаги далиллар энг кўп Қизилқум чўлида топилади, шунинг учун мазкур ҳудуд «динозаврлар қабристони» номини олган.
Фото: «Газета.uz»
Ўтган асрнинг 60-йилларида палеонтолог Анатолий Рождественский Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Рават ҳудудини ўрганиб чиқиб, бир қатор динозавр нишоналари – уларнинг зич плита қумтошлари юзасида қолган панжа изларини топди. Уларнинг Ўзбекистонга жуда яқин ҳудудда (100 км дан ортиқ бўлмаган) топилгани Анатолий Рождественский изларини топган ҳайвонлар жумладан, мамлакатимиз ҳудудида ҳам яшаганини кўрсатади.
Фото: А.К. Рождественский «Гобида динозаврларни излаб» / Раватдаги динозавр излари: А — стегозавр (?), Б — йиртқич динозаврлар, В — орнитопод
Излар турли гуруҳларга мансуб динозаврларга оид эди. Улар орасида ўрта бармоғи кучли ривожланган қуш панжасига ўхшаш, бироқ ҳажм бўйича сезиларли даражада улкан бўлган уч бармоқли оёқ излари ҳам мавжуд. Йирик излар карнозаврларга тегишли бўлган.

Карнозавр

Фото: Википедия
Умумий маълумот

Карнозаврлар – юра даврида вужудга келиб, бўр даврида нобуд бўлган гўштхўр динозаврларнинг катта гуруҳи. 1990-йиллардан бери палеонтологлар энг йирик йиртқич динозаврлар қаторига кирувчи гиганотозавр ва тираннотитан каби карнозавр-кархародонтозавридлар қазилма қолдиқларини топишган.
Карнозаврларнинг изларига ўхшаш, аммо кичикроқ излар, эҳтимол, қушсимон йиртқич ҳайвонлар – целурозаврларга тегишли бўлган.

Целурозавр

Фото: iStock
Умумий маълумот

Целурозаврлар юра даври ўрталарига пайдо бўлган. Аввалига улар унча катта бўлмаган фаол йиртқичлар бўлишган, бироқ вақт ўтиши билан уларнинг авлодлари қатъий гўштхўрликдан узоқлашган. Айнан целурозаврлар ҳозирги қушларнинг аждодлари бўлган деб ҳисобланади.
реклама
реклама
Яна бошқа турдаги уч бармоқли панжа излари ҳам топилган – бармоқлари салмоқли, ўртадагиси ёнлардагига қараганда унча катта эмас. Бу орнитопод излари, эҳтимол, игуанодонларга тегишли бўлиши мумкин.

Игуанодон

Фото: Vsbattles.fandom.com
Умумий маълумот

Игуанодонлар — 140–120 миллион йил олдин кенг тарқалган йирик динозаврлар. Улар сув ҳавзалари яқинидаги зич чакалакларда яшаб, тўрт ва, эҳтимол, икки оёқда ҳаракат қилишган.
Анатолий Рождественский, шунингдек, тўрт оёқда ҳаракатланадиган динозаврларга хос бўлган беш бармоқли оёқ-қўллар изларини ҳам топган. Ҳажми ва шаклига кўра, улар стегозавр каби динозаврларга тегишли бўлиши мумкин.

Стегозавр

Фото: Universal Pictures and Legendary Studios
Умумий маълумот

Стегозаврлар – 150 млн йил муқаддам Юра даврида Ер юзида пайдо бўлган улкан ўсимликхўр қушсимон динозаврлар. Улар ўрмонларда ҳам, очиқ жойларда ҳам яшашган ва тўртта йирик панжаларда ҳаракатланишган. Тана вазни бўйича стегозаврларни ҳозирги филлар ёки каркидонлар билан солиштириш мумкин.

Ушбу жониворларнинг орқаси ва думида тиканлар, мугуз қалқонлари бўлган. Стегозаврларнинг танасига нисбатан анча кичик боши, узун бўйин ва йирик жағлари бўлган.

Ўзбекистондаги биринчи муҳим қазишмалар

Ўзбекистондаги энг муҳим топилмалардан бири 1961 йилда бир гуруҳ шогирдлари билан бирга ишлаган геолог, Тошкент университети доценти Г. А. Беленькийнинг топилмаси бўлди. Тошкентдан 45 км шимолда Келес ҳудудидан прохенеозавр (ўтхўр ўрдакбурун динозавр) суяклари топилди.

Прохенеозавр

Фото: Википедия
Қолдиқлар нафақат Ўрта Осиёда, балки Совет Иттифоқининг бутун ҳудудида энг тўлиқ топилма бўлди — скелетнинг 70% дан ортиғи сақланиб қолган. Бу олимларга дунёда маълум бўлган энг аниқ ўрдакбурун динозавр скелетларидан бирини йиғиш имконини берди.
СССР Фанлар академиясининг Палеонтология музейида прохенеозаврнинг ўлган вақтдаги ҳолатида қолган скелети кўргазмаси.
Фото: A.K. Рождественский «Гобида динозаврларни қидиришга».
Таҳлил натижаларига кўра, жонивор Шимолий Америкада маълум бўлган прохенеозавр турига мансуб эканлиги ва бундан 95 млн йил аввал яшаганлиги аниқланди. Қолдиқлар илгари тахмин қилинганидан тахминан 10 млн йил ёшроқ бўлиб чиқди.

Тошкент прохеозаврининг баландлиги 2,15 метр, узунлиги эса 3,75 метр бўлган. Унинг вазни бир тоннани ташкил этган ва динозаврларнинг бошқа гуруҳлари вакилларига нисбатан жуссаси кичикроқ бўлган. Ўзининг ғайриоддий тузилиши туфайли ўрдакбурун динозавр қўпол ҳайвон ҳисобланади. Унинг думи тимсоҳнинг думига, бўйни жирафага, олд панжалари одам қўлига ўхшайди, жағлари эса ўрдак тумшуғига ўхшайди.
Фото: Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси
1967 йилда таркибида Анатолий Рождественский ҳам бўлган ўша палеонтологлар гуруҳи Тошкўмирда (Қирғизистон) зауропод скелетининг бир қисмини топдилар.

Зауропод

Фото: Anuperator
Умумий маълумот

Зауроподлар — юра давридан то бўр давригача (тахминан 200-85 миллион йил олдин) барча қитъаларда яшаган тўрт оёқли ўсимликхўр динозаврларнинг катта гуруҳи. Бу гуруҳга 130 га яқин тур, 13 тагача оила, 70 га яқин авлод киради. Зауроподларнинг энг кўзга кўринган вакиллари узунлиги 36 метргача бўлган диплодоклар, брахиозаврлар, апатозаврлар ва сейсмозаврлардир. Ўш зауроподининг узунлиги 20 метр эди.

Зауроподлар нисбатан кичик бош суяги, катта танаси ва узун бўйли, баъзи турларда 9-11 метрга етган улкан тўрт оёқли динозаврлар эди. Гуруҳ вакиллари сайёрамизнинг бутун тарихидаги энг йирик динозаврлар ва қуруқликдаги ҳайвонлар қаторига кирган.
Палеонтологлар қушсимон йиртқич орнитомимиднинг тўлиқ пастки жағ суягини ҳам топдилар.

Орнитомимид

Фото: Орнитомимид / extinct-animals.fandom.com
Умумий маълумот

Орнитомимидлар тахминан 100-66 млн йил олдин Осиё ва Шимолий Америкада яшаган. Жониворлар тўда бўлиб яшаган ва ов қилишган, судралувчилар ва ҳашаротлар, шунингдек ўсимликлар ва тухумлар билан озиқаланишган. Тумшуқларининг тузилиши туфайли бу тур кўпинча туяқушсимон деб ҳам аталади.

Сукунатнинг узоқ йиллари

1967 йилдан кейин Ўзбекистон ва чегара ҳудудларида динозавр қолдиқлари топилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. 1993 йилда мамлакатда Ўрта Осиёдаги ягона палеонтология бўлими ёпилди. Ушбу фан умумий геология ва литология кафедралари билан бирлаштирилиб, геология кафедрасига айлантирилди.
Стратиграфия —
геологиянинг Ер пўсти кесимидаги тоғ жинслари мажмуининг шаклланиш изчиллигини ва жойлашган ўрнидаги дастлабки нисбатини ўрганувчи бўлими
Бугунги кунда палеонтологларимиз бармоқ билан санарли — жами беш нафарга яқин ва уларнинг барчаси пенсия ёшида. Агар ҳозироқ палеонтологларни тайёрлаш бошланмаса, кейин жуда кеч бўлади. Айни пайтда геологияни ҳам нефть-газ геологияси билан бирлаштириш ҳақида ўйлашмоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда тўғри стратиграфик тадқиқотлар йўқ. Шунинг учун экспедицияда бўлган геологлар ўтган асрдаги эски ҳисоботларни олиб, улардан кўчиришига тўғри келмоқда. Шунингдек, улар яшашлари, ҳисобот топширишлари ва болаларини боқишлари керак. Экспедицияда палеонтологларнинг йўқлиги уларнинг айби эмас.
реклама
реклама
2017 йилда Россия Фанлар академияси Зоология институти палеонтологи Александр Аверянов ва АҚШ Миллий табиий тарих музейи палеонтологи Ханс-Дитер Зуэс аввалроқ Қизилқум чўлида топилган тош қотган қолдиқларни таҳлил қилиб, қазилмалар орасидан бир қанча альваресзаврид суякларини топдилар.

Альваресзаврид

Фото: Альваресзаврид / extinct-animals.fandom.com
Умумий маълумот

Альваресзавридлар — 86-66 млн йил қаддам Ер юзида яшаган иссиқ қонли ва патли динозаврлар.

Илгари динозаврларнинг бу тури дастлаб Шимолий яримшарда пайдо бўлиб, Жанубий яримшарда анча кейинроқ пайдо бўлган, деб ишонилган. Янгиланган маълумотлар альваресзавридлар аслида Гондванада эмас, балки Лавразияда пайдо бўлганини кўрсатиши мумкин.

Альваресзавридлар скелетининг тузилишига асосланиб, улар ўлжани қўлга киритиш учун мўлжалланган кучли кўкрак ва қўл мушакларига эга бўлган деб тахмин қилиш мумкин. Уларнинг узунлиги 50 см дан 2 — 2,5 метргача етган.
Фото: Alexander Averianov, Hans-Dieter Sues / PLOS ONE 
2021 йил февралида Қизилқум чўлида танасининг ҳажми икки қаватли автобусдан катта бўлган фанга номаълум динозавр турининг тош қотган қолдиқлари топилди. Динозаврга Жаратитанис кинги (Dzharatitanis kingi) номи берилди.

Джаратитанис кинги

Фото: CC BY 4.0 / Alexander Averianov / Life reconstruction of Dzharatitanis kingi (Averianov & Sues, 2021)
Умумий маълумот

Жаратитанис кинги — тана узунлиги 20 метрга яқин бўлган ўтхўр динозавр. У Ер юзида яшаган энг баҳайбат мавжудот – диплодокларнинг яқин қариндоши ҳисобланади.

Жаратитанис кинги 100 млн йил аввал бўр даврида Осиё қитъасининг ғарбидаги қадимги Тетис океани яқинидаги қирғоқ текислигида яшаган.

Динозаврнинг қамчига ўхшаш думи ва узун бўйни бўлган, бунинг натижасида ҳайвон дарахтлардаги баргларга етиб бориши мумкин бўлган.
2021 йил сентябрь ойида Цукуба университети (Япония) тадқиқотчилари Қизилқум чўлида илгари номаълум бўлган турни топдилар. У Улуғбекзавр номини олди.

Ulughbegsaurus uzbekistanensis

Фото: Ulughbegsaurus uzbekistanensis / Julius T. Csotonyi
Иккита эволюцион таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, жонивор кенг тарқалган йиртқичлар гуруҳи — кархародонтозаврларга (100-94 млн йил аввал бўр даврида Африкада яшаган йирик йиртқич динозавр) мансуб, бироқ илгари фанга маълум бўлмаган уруғ ва тур вакили бўлган.

Топилган зотга тегишли қолдиқлар шуни кўрсатадики, бу ҳайвоннинг вазни бир тоннадан ортиқ, танасининг узунлиги 7,5-8 метрни ташкил этган. Олимларнинг фикрича, йиртқич ўз даврининг озиқ-овқат занжирида энг юқори ўринни эгаллаган. Кейинчалик кархародонтозавр тираннозаврлар билан ўрин алмашган.
Фото: Ulughbegsaurus uzbekistanensis / Royal Society Open Science
Жониворнинг ёши 90 млн йил деб баҳоланди. Тур Темурийлар империяси султони, таниқли XV аср астрономи ва математиги Улуғбек шарафига Ulughbegsaurus uzbekistanensis деб номланди. Унинг номидаги иккинчи қисм динозавр топилган жойдан келиб чиққан.
Фото: Ulughbegsaurus uzbekistanensis / Royal Society Open Science

Палеонтологларнинг бошқа топилмалари

Ўзбекистон ҳудудида қадимда улкан калтакесаклардан ташқари тимсоҳлар, тошбақалар, балиқлар ва хартумли ҳайвонлар ҳам яшаган.

2013 йилда Оҳангарон туманидаги Овжазсой қишлоғида Абдулла Қўшақов шогирдлари билан биргаликда мамонтлар ҳамда Африка, Ҳиндистон, пакана филларнинг аждоди бўлмиш архидискодон (Archidiscodon meridionalis Nesti) қолдиқларини топди. Бу Абдулла Қўшоқовнинг илк қазишмалари эди.

Архидискодон

Фото: Marcos Paulo

Умумий маълумот

Archidiscodon фил уруғи вакиллари кечги плиоцен даврида ҳозирги Англия жанубидан Ҳиндистон, Шимолий ва Жанубий Африкагача бўлган ҳудудларда яшаган.

Ҳайвонларнинг бўйи тахминан 4,5 метрни ташкил этган ва улар фақат ўт, новдалар ва дарахт баргларини истеъмол қилишган. Архидискодонлар мамонтларнинг аждодлари эканлиги умумий қабул қилинган.
Биз талабаларим билан архидискодоннинг дандони ва тишини топдик, лекин уларни дарҳол қазиб ололмадик. Бизга бир неча кун керак бўлди. Ташқи муҳит билан алоқа қилиш туфайли, қазишнинг 3-4-кунида уларда биринчи ёриқлар пайдо бўлди.
реклама
реклама
Реставрация Ўзбекистон геология музейи ҳамда Фанлар академияси полимерлар кимёси ва физикаси институти мутахассислари томонидан амалга оширилди. Қолдиқлар махсус ишлаб чиқилган полимер ёпиштирувчи билан мустаҳкамланди, суяк тўқимасидаги бўшлиқ ва ёриқлар тўлдириб чиқилди. Абдулла Қўшақовнинг айтишича, асосий муаммо қолдиқларни ташиш масаласи бўлган.
Ташиш жараёни жуда кўп вақт талаб қилганини эслайман. Ҳамма нарсани плёнка, кейин бинт ва гипс билан ўраб чиқишимизга тўғри келди. ТошДУ раҳбарияти транспортировкага пул ажратмади, бизнинг эса ўз маблағимиз йўқ эди. Бир ҳафта давомида 15 кишини овқатлантириш, транспортни ташкил қилиш ва иш қуроллари билан таъминлаш керак эди. Давлат геология қўмитасига мурожаат қилишга қарор қилдик, қолдиқларни олиб кетишди. Бу бизнинг биринчи топилмамиз эди. Давлат бизни мукофотлайди, деб ўйладим, бироқ «раҳмат»га ишлаган бўлиб чиқдик.
Топилма замонавий Ўзбекистон ҳудудида архидискодонлар яшаганлигининг биринчи далили бўлди. Тадқиқотчилар қолдиқларнинг ёшини 2,5 млн йил деб баҳолашди.

Матнни Елена Ким тайёрлади.

«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.


Қизиқ нарсаларни биласизми ва бу ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz манзилига жўнатинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг