Шавкат Мирзиёев ЕОИИ давлатларини бозорга чиқишдаги техник тўсиқларни бартараф этишга чақирди

Жума куни Евроосиё иқтисодий иттифоқининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Шавкат Мирзиёев ЕОИИ давлатларини бозорга чиқишдаги техник тўсиқларни бартараф этиш, меҳнат миграцияси тартиб-тамойилларини соддалаштириш, трансафғон темир йўли доирасида ҳамкорлик қилиш, агрокооперация дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Қолаверса, президент иттифоқ мамлакатларини йўловчи ташиш алоқаларини тўлиқ қайта тиклашга чақирди.

«Ўзбекистон пахтасига бойкот ўз вақтида олиб ташланди» — National Interest

National Interest нашри Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистон пахтасига бойкотни тўхтатганидан сўнг Adidas, H&M, Gap, Zara ва бошқа халқаро брендлар мамлакат тўқимачилик маҳсулотларини харид қилишни қайта йўлга қўйиши мумкинлигини таъкидлади. Ўзбекистон пахтасининг йирик импортичиси Россиядаги молиявий санкциялар, инфляциянинг ўсиши ва истеъмол бозорининг қисқариши натижасида мамлакат янги харидорларни излашига тўғри келиши айтилган.

ОТМларда чет тилидан ўтказиладиган ижодий имтиҳон формати ва тест намуналари эълон қилинди

Жорий йилдан бошлаб 6 та ОТМга кириш учун чет тилидан ижодий имтиҳон бўлиб ўтади. Унда абитуриентларнинг хориж тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш компетенциялари баҳоланади. ДТМ 2 соат 45 дақиқа вақт ажратиладиган мазкур имтиҳоннинг формати ва қоидаларини эълон қилди.

«Ўзбекнефтгаз» АИ-80 бензини нархини оширди

Декабрдан бери илк бор «Ўзбекнефтгаз» компаниясига қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 бензини нархи 6800 сўмгача (4,3%) кўтарилди. Компания буни импорт қилинаётган 30 фоиз нефт маҳсулотларининг жаҳон бозорларидаги нархи ошгани билан изоҳлади. Бироқ, бунга қадар «Ўзбекнефтгаз» вакиллари АИ-80 бензини маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилишини айтганди.

Коррупция бўйича энг кўп шикоят Андижон вилоятидан тушаётгани маълум қилинди

Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига аҳолиси коррупция бўйича энг кўп мурожаат қиладиган ҳудудлар ичида Андижон 1-ўринни эгаллади, дея маълум қилди Антикоррупция агентлиги. 2021 йилда ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш каби жиноятларни содир этганларнинг 4 нафарини вилоят ҳокимлиги, 18 нафарини туман ва шаҳар ҳокимликлари ходимлари ташкил қилган.

Самарқанддаги 12 қаватли бинони бузиш бўйича хулоса берилди — Қурилиш вазирлиги

Қурилиш вазирлиги тармоқларда видеоси тарқалган Самарқанд вилоятидаги 12 қаватли бино ноқонуний қурилганини маълум қилди. Бино эгаси Қурилишда назорат инспекцияси томонидан бир неча марта огоҳлантирилган, бироқ 2012 йилдан бери қурилиш ишлари давом эттирилган. «Ўзоғирсаноатлойиҳа» бинонинг сейсмик ҳолати талабларга жавоб бермаслиги, колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганини тасдиқлади. Бинони бузиб ташлаш бўйича хулоса берилди, иш судда кўриб чиқилади.

АҚШ Қорақалпоғистонга $3 млнлик гуманитар ёрдам юборди

АҚШнинг Project CURE хайрия ташкилоти Қорақалпоғистонга тиббий асбоб-ускуналардан иборат 3 млн долларлик гуманитар ёрдам юборди. Тўртта контейнернинг ҳар бирида УЗИ ускуналари, ИВЛ, кислород концентраторлари, рентген сканерлари, янги туғилган чақалоқлар учун инкубаторлар, дефибрилляторлар ва бошқалар мавжуд. Ускуналар тахминан июнь ойида етиб келиши ва 24 та тиббиёт муассасасига тақдим этилиши кутилмоқда.

Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раислигидан ҳам кетди

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилди. У февраль ўрталарида МОҚ раҳбарлигидан ҳам кетганди. Федерацияда унинг ўрнини «Капиталбанк» Кузатув кенгаши раиси Мақсуд Абдусаматов эгаллади.

Тошкентда ҳайдовчилардан машиналарини дарахт остида қолдирмаслик сўралди

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ўзбекистон аҳолисидан автомобилларни дарахт ёки кучли шамолга чидамсиз воситалар яқинида қолдирмасликни сўради. ФВВ эса кучли шамол вақтида амал қилиш зарур бўлган хавфсизлик чораларини эслатиб ўтди. Ўзгидромет маълумотига кўра, шамол тезлиги 18−23 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

«Рақамли мобил паспорт» хизмати июлдан жорий қилиниши мумкин

Июль ойидан бошлаб Тошкентда тажриба тариқасида «рақамли мобил паспорт»ни жорий қилиш таклиф этилди. Паспортдан ташқари яна 8 та ҳужжатларни электрон тарзда мобил илова орқали тақдим этиш мумкин бўлади. Давлат хизматлари, банк, авиа ва темирйўл кассалари, меҳмонхоналар ва бошқа ташкилотлар ушбу ҳужжатларни қоғоз шаклида талаб қилишни тўхтатади. Мобил иловадаги электрон ҳужжатлар қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади.

Тошкентга 700 кг истеъмолга яроқсиз гўшт олиб келинаётгани аниқланди

Қашқадарёнинг Қарши шаҳри ва Чироқчи туманидан 3 та автомобилда пойтахтга сифатсиз гўшт маҳсулотлари олиб келинаётгани маълум бўлди. Шаҳар ветеринария бошқармаси 700 кг гўшт оғир касалликларга чалингани учун сўйилган ҳайвонларга тегишли эканлигини аниқлади. Гўштларни олиб келаётган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённома тузилди.

Урганч аэропортида раҳбарият ўзгарди

Урганч халқаро аэропорти директори Руслан Агабуллаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. У бу лавозимда бир йилдан камроқ вақт ишлади. Uzbekistan Airports раисининг биринчи ўринбосари Жавлонбек Умархўжаев директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Карантин остидаги маҳсулотлар бўйича қоидаларни бузганларни Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги назорат қилади

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги карантин остидаги ўсимлик маҳсулотларини олиб кириш ва чиқиш қоидаларини ҳамда фитосанитария талабларини бузганларни маъмурий жавобгарликка тортади. Шунингдек, кимёвий воситаларни сотиш учун лицензия беради.

Прокуратура 72 та тарихий объектда ноқонуний реклама баннерлари ўрнатилганини аниқлади

Бош прокуратура Ўзбекистондаги 72 та маданий мерос объектида 121 та ноқонуний реклама жойлаштириш ҳолатларини аниқлади. Айрим ҳолатларда реклама баннерлари тарихий объектларнинг кўринишини тўлиқ ёпиб қўйган.

Дам олиш кунлари ёмғир ёғади ва ҳаво салқин бўлади

Жума куни Волга бўйи ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиши натижасида дам олиш кунлари барча ҳудудлар совуқ антициклон таъсири остида бўлади. Ҳаво ҳарорати +21…+26 даражадан юқори бўлмайди, шамол тезлиги 18−23 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Айрим жойларда ёмғир ёғади ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқини кузатилиши мумкин.

Тошкентда KIA ҳайдовчиси уриб юборган пиёда шифохонада вафот этди

Сешанба куни Тошкент шаҳрида KIA ҳайдовчиси 25 ёшли пиёдани уриб кетди, у шифохонада жон берди. Чоршанба куни эса Самарқандда Cobalt йўлдан ўтаётган 16 ёшли болани уриб, тахминан 20 метрга учириб юборди. Бола турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.

4 ойда Ўзбекистонга 734 та электромобиль олиб кирилди

Ўзбекистон январь-апрель ойларида қиймати 21,8 млн долларлик 734 та электромобиль импорт қилди. Уларнинг кўпи Хитойдан келтирилган. 2021 йилнинг мос даврига нисбатан электромобиль импорти 5 баробарга ошди.

Дилмурод Парпиев ва Тохир Шарипов «Трастбанк»нинг қўшимча акцияларини сотиб олди

«Трастбанк» акциядорлари Дилмурод Парпиев ва Тохир Шарипов банкдаги улушларини оширди. Уларнинг ҳар бири 8,3% дан акцияларни сотиб олди. Битим 231,5 млрд сўмга баҳоланган. Тадбиркорлар бир қатор лойиҳалар, жумладан, Food City мажмуаси билан боғлиқ лойиҳаларнинг ҳамтаъсисчилари ҳисобланади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Президентлар ўз муддатларини қандай «ноллаштирган»? Жаҳон тажрибаси

Ўзбекистондаги олдинги конституцион ислоҳотлар Конституциянинг президентлик муддатларини чеклайдиган 90-моддасини четлаб ўтишга имкон яратган. Виржиния Университети тадқиқотчилари турли мамлакатларда шунга ўхшаш чекловларни четлаб ўтиш бўйича 60 та уринишларни ўрганиб чиқди. Бу қандай амалга оширилган ва қанақа оқибатларга олиб келган (ғаройиб ҳолатлар ҳам бўлган) — Комил Жалилов шарҳида.

Замонавий Ўзбекистон ҳудудида қандай динозаврлар яшаган?

Динозаврлар Ер юзида тахминан 233 миллион йил муқаддам пайдо бўлган. Ернинг турли қисмларида, жумладан, замонавий Ўзбекистон ҳудудида ҳам кўплаб динозаврлар қолдиқлари топилган. Ўзбекистон Миллий университети Геология кафедраси мудири Абдулла Қўшоқов «Газетa.uz»га динозаврлар қолдиқлари сақланиб қолиши учун уларнинг идеал ўлим ҳолати, Ўзбекистонда улар топилган ҳудудлар, мамлакатимизда палеонтология фанининг бугунги ҳолати ҳақида сўзлаб берди.

Метаверс ўзи нима ва ундан нима кутиш мумкин?

Метаверс, ўзимизнинг тилда айтганда метаборлиқ ёки метамакон — ўзи нима? Бу ғоя қандай пайдо бўлган? Нега Facebook ўз стратегиясини метаборлиқ ғоясига қаратди? Метаборлиқдан келажакда нима кутиш мумкин?