Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 май куни «Аҳолини ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари билан таъминлаш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади (ПҚ-257).

Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб аҳоли учун муддати ўтган сув ҳисоблагичларини текшириб, янгиларига алмаштириш «Ўзсувтаъминот» компанияси ва ҳудудий сув таъминоти корхоналари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Техник талабларга жавоб бермайдиган сув ҳисоблагичларини олиб кириш ва ўрнатиш тақиқланади.

Ҳужжат билан ичимлик суви таъминоти объектлари «калити билан» асосида (ҳисоблаш қурилмаларини ўрнатган ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлаган ҳолда) фойдаланишга топширилган тақдирда, фуқароларнинг илтимосига биноан шартномаларни давлат хизматлари марказлари орқали ёки тўғридан-тўғри «Ўзсувтаъминот» АЖ билан тузишга ва ҳисоблагичларни пломбалашга рухсат этилиши белгиланмоқда.

2023 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслар ва юридик шахс ташкил этмаган тадбиркорлар (якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари) ҳудудий сув таъминоти корхоналарига маълумотларни масофадан узатиш функциясига эга замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатишлари шарт.

Бунда уларга якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўлашга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган даромад солиғи ёки айланма солиғи ёки жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи миқдорини сув ҳисоблагичининг ҳар бир бирлигини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар миқдорига камайтириш ҳуқуқи берилади, лекин бир қурилма учун 4 БҲМ (1,2 млн. сўм) дан ошмайдиган миқдорда.

Агар улар ақлли сув ҳисоблагичини ўрнатмаса, 2024 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлардан ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари учун тўловлар ҳисоблагичсиз истеъмолчиларга тегишли тариф бўйича ҳисоблаб чиқилади.

Мазкур истеъмолчилар билан ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари учун дебиторлик қарзлари бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси имзоланган тақдирда, қарздорликни ундириш уларнинг банк ҳисобварақларига тўлов талабномаси бериш йўли билан амалга оширилади.

Spot.uz`нинг хабар беришича, март ойида Давлат солиқ қўмитаси «Сувдан фойдаланиш мониторинги ва ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокамага киритган эди. Smart Water ҳисоблагичларини ўрнатиш бўйича тажриба лойиҳасини ишга тушириш, улардан фойдаланувчиларга сув солиғи бўйича имтиёзлар бериш таклиф этилди.

2021 йил февраль ойида «Газета.uz» Тошкент ҳокимлиги томонидан ташкил этилган «Технопарк» компанияси электрон сув ҳисоблагичларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Лойиҳа президентга тақдим этилган саноат ва логистика соҳасидаги инвестиция лойиҳалари рўйхатига киритилган. Ушбу компания ақлли газ ҳисоблагичларини ҳам ишлаб чиқаради.