Россия банки асосий ставкани 14 фоиздан 11 фоизга туширди, дейилади регулятор баёнотида. У мазкур қарорни бўлиб ўтиши бир кун аввал эълон қилинган директорлар кенгашининг режадан ташқари йиғилишида қабул қилди.

Марказий банк ставкани пасайтириш қарорини «нархлар ўсишининг сезиларли секинлашиши» билан изоҳлади.

«Инфляция босимининг кучсизланиши рубл курсининг динамикаси, аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмаларининг сезиларли даражада пасайишига ёрдам бермоқда», — дейилади ҳисоботда. Йиллик инфляция апрель ойида 17,8 фоизга етди, май ойида эса 17,5 фоизгача секинлашди ва Марказий банк прогнозидан тезроқ пасайди.

Бу сўнгги бир ярим ой ичида асосий ставканинг февраль ойида 20 фоизгача кўтарилган рекорд кўрсаткичдан кейинги кетма-кет учинчи пасайишидир. Ўшанда Россия банки бозорларнинг қулаши, йирик банкларга қарши санкциялар ва Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан ўз валюта захираларининг музлатиб қўйилишига жавобан пул-кредит сиёсатини кескин кучайтирганди.

Регулятор кейинги йиғилишларда асосий ставкани янада пасайтириш имкониятини истисно қилмади.

«Россия банки прогнозига кўра, амалга оширилаётган пул-кредит сиёсатини ҳисобга олган ҳолда, йиллик инфляция 2023 йилда 5−7 фоизгача пасаяди ва 2024 йилда 4 фоизга қайтади», — дейилади пресс-релизда.

Нима учун Марказий банк ставкани дарҳол туширди?

Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича йиғилиш 10 июнга режалаштирилган эди, аммо чоршанба куни регулятор уни 2,5 ҳафта олдин, 26 май куни ўтказишини эълон қилди.

The Bell нашрининг тушунтиришича, бу долзарблик ўтган ҳафтада Россияда нархларнинг 4,5 ойлик тез ўсишидан сўнг биринчи марта дефляция қайд этилгани, яъни нархлар пасайишни бошлагани билан боғлиқ. Сабаблари — истеъмол талабининг пасайиши ва рублнинг ғайритабиий даражада кучлилиги.

Дефляцияда яхши нарса йўқ: бу иқтисодиётдаги талабнинг қисқаришидан дарак беради. Агар дефляция давом этса, ишлаб чиқарувчилар зарар кўради, сармоя ва ходимларни қисқартиради, ишсизлик кўпаяди ва натижада талаб янада пасаяди — дефляция спирали пайдо бўлади, ундан чиқиш учун йиллар керак бўлади, деб ёзадинашр.

Бундан ташқари, чоршанба куни Россия банки аҳолининг инфляция кутилмалари 2021 йил май ойидаги кўрсаткичларга — 11,5% гача қайтганини маълум қилди. Шу билан бирга, жорий инфляциянинг ҳисоб-китоблари кескин ўсди (19,9% дан 25,1% гача), бу 2015 йил сентябрь ойидан бери энг юқори кўрсаткичдир ва улар кетма-кет учинчи ой давомида ўсиб бормоқда.

Мутахассислар Марказий банк 26 май куни асосий ставкани туширишига шубҳа қилишмади, ягона савол қанча бўлиши эди. Аксарият таҳлилчилар бу 200−300 б. п. бўлишини тахмин қилишди. Аммо баъзилар регулятордан янада қатъийроқ ҳаракатларни кутишганди.