Ўзбекистон 2026 йилгача камбағаллик даражасини икки баравар қисқартиришни режалаштирмоқда. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 26 май куни Бухорода бўлиб ўтган Камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро форумда буни қандай амалга ошириш режалаштирилаётганини айтиб берди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Бош вазир ўринбосари 2020 йилда мамлакат тарихида биринчи марта камбағалликни қисқартириш масаласи иқтисодий ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланганини эслатди.

Унинг сўзларига кўра, қисқа вақт ичида «камбағалликни қисқартиришнинг институционал тизими яратилди ва фундаментал ёндашувларга асосланган самарали воситалар жорий этилди». Ягона ижтимоий реестр шакллантирилди, минимал истеъмол харажатлари жорий этилди, кам таъминланган оилаларнинг ҳар бир фарзандига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, касб-ҳунарга ўргатишнинг янги тизими жорий этилди, деди у.

Минимал истеъмол харажатларининг жорий этилиши ижтимоий тўловлар ва нафақаларнинг энг кам даражасини қайта кўриб чиқиш имконини берди. 2021 йилда ногиронлар, шунингдек, боқувчисини йўқотган оилалар учун энг кам пенсия ва нафақалар миқдори 10 фоиздан 50 фоизгача оширилди, деди бош вазир ўринбосари.

Жамшид Қўчқоров 2026 йилгача камбағалликни икки баравар қисқартириш, барқарор юқори ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий мақсадларидан бири эканини таъкидлади. Бунинг учун қуйидагилар режалаштирилган:

  • барқарор иш ўринлари яратадиган хусусий секторни, шу жумладан кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
  • инсон капиталини ривожлантириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш. Ўзбекистонда сўнгги йилларда мактабгача таълим ва олий таълим муассасалари билан қамраб олинганлик даражаси деярли икки баробар ошди. 2026 йилда мактабгача таълим билан қамраб олишни 80%га (ҳозир — 69%), олий таълимни эса 50%га (28%) кенгайтириш режалаштирилган. 2026 йилга қадар 1 млн ишсиз (биринчи навбатда аёллар ва ёшлар) учун касб-ҳунар ўргатиш кўзда тутилган;
  • энергия нархларини эркинлаштириш ва самарасиз субсидияларни камайтириш орқали ижтимоий лойиҳаларга ажратиладиган давлат ресурслари ҳажмини ошириш. Кам таъминланган оилаларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиш;
  • давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш, рақобат ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш;
  • қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, биринчи навбатда, ер ислоҳотларини чуқурлаштириш;
  • яшил ва рақамли иқтисодиётга ўтишни жадаллаштиришга қаратилган ислоҳотларни давом эттириш.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги раҳбари Жаҳон банкининг Ўзбекистон билан 2022−2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини олқишлади. У учта стратегик мақсадга қаратилган: хусусий секторни ривожлантириш орқали сифатли инклюзив ишчи ўринларини яратиш; инсон капиталини ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш; яшил ривожланиш орқали аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва барқарор иқтисодий ривожланиш ошириш.

«Қўйилган мақсадларга эришиш ва ислоҳотларни амалга ошириш нафақат молиявий ресурсларни балки институционал салоҳиятни оширишни, шу жумладан маҳаллий мутахассисларни тайёрлашни талаб этади», — деди у.

Ўзбекистонда бир ойда киши бошига минимал истеъмол харажатлари 498 минг (кунига 16,3 минг) сўмни ташкил этади. Ушбу кўрсаткич мамлакатдаги қамбағалликк чегарасини аниқлаш учун ишлатилади.