Шавкат Мирзиёев «Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзоланди.

Унга кўра, Этноспорт турларини 2025 йилгача оммалаштириш ва ривожлантириш дастурини 2022−2023 йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

2023 йил 1 мартдан бошлаб миллий спорт турлари бўйича уч босқичли республика спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий этилади.

Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқ саломатлиги миллий кенгашига:

  • бир ой муддатда оммавий спорт мусобақалари ташкил этиш учун этноспорт турлари рўйхатини шакллантириш;
  • 2023 йилги спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календар режасида этноспорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш учун маблағлар ажратиш;
  • 2023 йилги спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календар режасига мувофиқ, этноспорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш;
  • зарур ҳолларда, алоҳида этноспорт турини ривожлантириш мақсадида спорт федерация (ассоциация)ларини ташкил этиш;
  • болалар ва ўсмирлар ҳамда ёшларни этноспорт турларига жалб қилиш каби бир қатор вазифалари юклатилди.

Қарорга кўра, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили 1 мартдан Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда этноспорт турлари бўйича мусобақалар ўтказади.

Ўз навбатида, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси билан ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилади.

Белгиланишича, 2023 йилдан бошлаб анъанавий тарзда Тошкент шаҳрида ҳар йили бир маротаба этноспорт турлари бўйича «Uzbekistan Ethno Games» республика фестивали ҳамда Хива шаҳрида ҳар икки йилда бир маротаба Халқаро этноспорт фестивали ташкил қилинади.

Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир маротаба полвонлар ва дорбозлар иштирокида «Полвонлар сулоласи» кўрик-танлови ўтказилади.

ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия билан ҳамкорликда 2023 йил якунига қадар номоддий маданий мерос мақоми олиши мумкин бўлган этноспорт турлари рўйхати шакллантирилиб, уларни ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига тавсия этиш бўйича ишлар олиб борилади.

Ҳужжатда белгиланишича, 2023 йилдан бошлаб Наврўз умумхалқ байрами доирасида миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари бўйича мусобақалар ташкил этилади. «Устоз-шогирд» анъанаси асосида давом этиб келаётган полвонлик ва дорбозлик санъатини янада кенгроқ оммалаштириш мақсадида полвонлик ва дорбозлик санъати тўгараклари йўлга қўйилади.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 январга қадар ҳар бир ҳудудда от спорти турларига тегишли бўлган анжомларнинг савдосини йўлга қўйиш мақсадида дўконлар фаолияти ташкил этилади.