«Газета.uz» Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилиб, IT соҳасини ўрганишни бошлаган, турли лойиҳаларни амалга ошираётган ва келажагини ушбу соҳада кўрадиган ўсмир қизлар билан суҳбатлар уюштирди. Улар нега IT соҳасига қизиқишгани, бунга нисбатан атрофдаги турли гап-сўзлар ва келажакдаги режалари ҳақида сўзлаб, тенгдошлари учун ўз маслаҳатлари билан ҳам бўлишишди.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Муборакхон Тўйчиева. У 2004 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирда Муҳаммад ал-Хоразимий номидаги мактабнинг 11-синфини битирмоқда. Ҳозирги кунда Web Developer соҳаси бўйича 3 йилдан бери ўзи мустақил ишлаб келади. Шу билан биргаликда, IT соҳаси бўйича мактаб қизларига бепул дарслар ўтади. Бир нечта қизлар билан бир жамоада Алишер Навоий мобил иловасини яратган.

«IT — диплом талаб қилмайди»

IT соҳаси машҳур бўлгани билан ҳалигача юртимизда «IT ўзи нима?», деган савол туғилади. IT ҳақида қисқача гапирсам, бу соҳа одамларнинг вақтини тежаш учун яратилган лойиҳалардан иборат.

Гап ушбу соҳанинг афзаликлари ҳақида кетганида мактабимиз раҳбарининг бир гапи эсиимга тушади: «Мен IT`ни билганим учун фарзандли бўлганимдан кейин ҳам уйда ўтириб, пул тополганман». Аёлларга оила қурганидан кейин ишлашларига рухсат беришмаса, уларда уйда ўтириб ҳам пул топиш имкони пайдо бўлади. Биргина лаптопда ишлаб, катта даромадга эга бўлиш мумкин. Қаергадир бориб ишлаш учун вақт ва пул сарфлашга ҳожат қолмайди.

IT — диплом талаб қилмайди. Уни ўрганмоқчи бўлган одам Google билан дўст бўлса, YouTube`дан тўғри нарсани қидиришни билса, бемалол курсларга бормасдан ўрганиш мумкин. Масалан тикувчиликни онлайн ўрганиб бўлмайди. Унга, албатта, устоз керак бўлади.

«Компьютерда ишлаш вақтини тўғри тақсимланг»

IT соҳасига қизиқишим мактабдан бошланган. Ҳозирда дастурлаш, дизайн ва бошқа шу каби соҳалардаги турли янги лойиҳаларни ўрганиб келяпмиз. Университетда ўргатиладиган дастурларни маълум қисмини биламан. Карантин пайтида онлайн ўқишимизга тўғри келди. Мен онлайн дарсларда «web» йўналишини яхши ўрганолмадим. Кейин эса қўшимча курсларга бориб, ўз йўналишимни чуқур ўрганишни бошлаганман.

Мактабимизда ҳам ўқиб, ҳам ишлайдиган ўқувчилар бор. Мактаб менга портфолио йиғишимда катта ёрдам берган. Мен қатнашган энг катта лойиҳам — Алишер Навоий мобил иловаси бўлган. У 7 та тилга таржима қилинган. Шу лойиҳани ўтган йили 30 июнь куни президент Шавкат Мирзиёевга ҳам тушунтириб берганман.

IT`нинг афзалликлари билан бирга минус томонлари ҳам бор. Мен компьютердан тўғри фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаганман. 4 соат бўлса, 4 соат компьютер қаршисида ишлаганман. Кейин эса кўриш қобилиятим сусайган. Агар бошидан қоидаларга амал қилиб, ярим соат ишлаб кейин кўз машқларини қилганимда, ҳозир бундай муаммоларга дуч келмасдим. IT`ни энди ўрганаётган қизларга маслаҳатим — компьютерда ишлаш вақтини тўғри тақсимланг, соғлигингизга этиборли бўлинг.


Муборакхон Тўйчиева. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

"Ортиқча нарсаларга вақтим бўлмаслиги мени хурсанд қилади"

Тўғрисини айтсам, кичкиналигимда шифокор бўлишни истаганман, кимё ва биология фанлари бўйича курсларга борардим. Кейин мен бирданига соҳамни ўзгартирдим ва ота-онам маълум вақт шокка тушишди. Чунки ўша пайтгача ота-онам мени IT`га бўлган муносабатимни шунчаки қизиқиш деб ҳисоблашган. Кейин аста-секин ниятим жиддий эканлигини уларга тушунтирганман. Қилган лойиҳаларим, қатнашган танловларим ва ютуқларимни кўриб улар мени қўллаб-қувватлашни бошлашган. Ҳозиргача баъзи лойиҳаларим устида дадам билан маслаҳатлашаман, айрим муаммоларга қандай ечим топишимиз мумкинлигини сўрайман.

«IT фақат йигитлар учун», «бу соҳани ўрганиб нима қиласан», «қиз болага ўқишни нима кераги бор» каби гап-сўзларни баъзи қариндошларимдан эшитганман бошида. Ҳозир ҳам дарсларимдан чиқиб, уйга кеч борсам «бунча кўп ўқийсан?», деб ҳазил қилишади. Бундан тушкунликка тушганман.

Лекин кўп ўқишим, ортиқча нарсаларга вақтим бўлмаслиги мени хурсанд қилади. Ҳалигача IT`ни ташламасдан жиддий шуғулланишимни кўришгандан кейин бундай гаплар йўқолган. Ҳаммада бошида муаммо ва тўсиқлар бўлади, агар қизлар ўз соҳасини яхши кўриб ташлаб қўйишмаса, атрофдагилар бугун бўлмаса, эртага албатта буни қабул қилишади. Энг муҳими бундай вазиятларда тушкунликка тушмаслик керак. «Ҳали ҳаммангизга кўрсатиб қўяман», деб ҳаракат қилавериш керак.

Уйда дарс қилмасликка ҳаракат қиламан. Кўпинча коворкинг марказлари ва кутубхонларда дарс қиламан. Лекин бундай марказлар ҳам кўп эмас. Масалан Алишер Навоий кутубхонасида жим ўқишингиз мумкин холос, жамоавий баҳс-мунозара билан дарс қилиш қийин. У ерга фақат китоб ўқиш учун бораман. Ниманидир тушунмасам, маслаҳатлашишим ёки суҳбатлашишим керак бўлса буккафеларга бораман. Шунинг учун кўпинча мактабимда ёки курсларимга эртароқ бориб, ўша ерда дарс қиламан.

Эрталаб уйдан соат 7:00 да чиқиб кетиб, кечқурун 21:00 да келаман. 22:30 гача идиш юваман, чанг артиб уй ишларини қиламан. Дарсларимга кўпинча улгурмайман.

«Қизларга имконият беришганда, эплаб кетишарди»

Очиғини айтсам, президент мактаблари, ихтисослаштирилган ва хусусий мактабларда IT`ни ўрганиш учун имкониятлар етарли. Лекин бошқа кўплаб мактабларда компьютерлар шунчаки қўйиб қўйилган холос. Уларни ишлатишмайди. Фақатгина мактабга текширув ёки комиссия келганида кўрсатиш учун, дейишади. Мен дастурлашни кўрсатиб, турли лойиҳаларим ҳақида гапирганимда бошқа мактабда ўқийдиган дугоналарим «Шунақа нарсаларни ўрганасизми?», деб ҳайрон бўлишади. Ҳаттоки, компьютерни ёқишни билмайдиган одамлар ҳам бор.

Лекин IT`га қизиқадиган қизларни кўп учратаман. Агар оддий ўрта таълим мактабларида ҳам президент мактабларидек шароит бўлганида, қизларни компьютер олдида ўтириб ишлашларига имконият беришганида эди, қизлар эплаб кетишарди, анча-мунча нарсани ўрганишарди.


Муборакхон Тўйчиева. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Ўз йўналишини топмаган тенгдошларим бўлса ва улар IT`га қизиқса онлайн курсларни ўрганишларини маслаҳат берардим. Улар бошланғич ва ўрта билимларни эгаллаб кўришсин, агар ишлаб кетишларига кўзлари етиб, ишончлари комил бўлса, унда давом эттирса бўлади.

Ота-оналарга «қизингизга бир имкон беринг» деган бўлардим. Чунки ўзига ишончи бор қизлар яратган лойиҳалар албатта улар ва уларнинг ота-оналарига раҳмат олиб келади. IT соҳасидаги ҳар қандай маҳсулот одамлар ҳаётини осонлаштирса, у албатта раҳмат олиб келади.

5 йилдан кейин ўзимни IT академияси раҳбари сифатида тасаввур қиламан. Талабалик пайтимданоқ ўз соҳамда ишлашни бошлайман. Келажакда табиат қўйнида ишлаш имконини берадиган офис яратаман. Чунки IT`даги одамлар табиат қўйнида ишлашни яхши кўришади. Ўзим яратадиган офис табиат билан чамбарчас ҳолда бўлишини истайман.

Муборакхон Тўйчиева «Қизларнинг IT кўникмаларини ривожлантириш» (ICT4Girls) лойиҳаси иштирокчиси хисобланади. Лойиҳа Ўзбекистонда ахборот технологиялари йўналишига қизиқаётган, соҳада маълум кўникма ва билимга эга бўлган мактаб ёшидаги қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг рақамли имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Ушбу лойиҳа Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновация, технология ва стратегия маркази (ITSM) ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.