Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳамда Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги метан чиқиндисини камайтириш бўйича миллий дастурни ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришди. Бу ҳақда ЕТТБ матбуот хизмати хабар қилди. «Газета.uz» мухбирининг аниқлик киритишича, келишув Бухорода камбағалликни қисқартириш бўйича форум доирасида имзоланган.

Ўзбекистон 2030 йилгача метан чиқиндиларини 30 фоизга камайтиришга қаратилган Метан бўйича глобал мажбуриятда (GMP) иштирок этаётган, иссиқхона газлари эмиссияси суръати юқори бўлган Марказий Осиё минтақасида ушбу аҳдномага қўшилган иккинчи мамлакат бўлди. ЕТТБ билан ҳамкорлик GMP доирасида кўзланган мақсадларга эришиш учун муҳим режалаштириш воситаси ҳисобланади.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров мамлакатнинг энергетика, қаттиқ маиший чиқиндилар ва агробизнес соҳаларида кенг қамровли ички чора-тадбирларни амалга оширишга чақирди. Хусусан, агробизнес соҳасидаги бундай фаолият учун янги технологияларни жорий этиш ва мамлакат фермерлар ҳамжамияти билан яқиндан ишлаш лозим бўлади.

«Ўзбекистонда метан гази эмиссияси даражасини пасайтириш икки томонлама таъсирга эга бўлади, — деди ЕТТБ президенти Одиле Ренауд-Бассо. — Бу — Париж битими бўйича мувофиқлаштириш йўлидаги муҳим қадам ва айни вақтда, иқтисодий ҳамда экологик жиҳатдан наф олиш имкониятидир».

«Мазкур қадам Ўзбекистон учун иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва Миллий миқёсдаги ҳиссалар бўйича белгиланган мақсадга эришишнинг жуда қулай усули бўлади. Шундай экан, бизнинг техник ва молиявий кўмагимиз Ўзбекистонга атмосферага чиқиндилар эмиссиясини 2030 йилга қадар тез суръатларда камайтиришга ёрдам бериши керак деб ўйлайман», — деди у.

Метан кучли иссиқхона гази бўлиб, у қуйи сатҳда озон қатламининг пайдо бўлишига олиб келади. Озон гази ҳам иссиқхона газлари туркумига мансуб бўлиб, айни вақтда хавфли ҳаво ифлослантирувчиси ҳисобланади. Метан гази ахлатхоналарда, нефт ва табиий газ тизимлари, қишлоқ хўжалиги фаолияти, кўмир қазиб олиш, ёқилғиларни стасионар ва кўчма ёқиш ишлари, оқава сувларни тозалаш ва айрим саноат жараёнларида юзага келади.

БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури маълумотларига кўра, метан гази саноат инқилобидан олдинги даврдан бери глобал исишнинг қарийб 30 фоизини шакллантирган. Шунингдек, унинг тарқалиши бўйича маълумотларни қайд этиш 1980 йилларда бошланган бўлса, мана шу ўтган даврда унинг энг тез суръатларда тарқалиши айнан бизнинг давримизга тўғри келмоқда.