Бачадон бўйни саратони олдини олиш мумкин бўлган ягона саратондир. Ўзбекистонда онкологиянинг бу тури аёллар орасида кенг тарқалганлиги бўйича иккинчи, саратон касаллигидан ўлим сабаблари бўйича учинчи ўринда туради.

Ҳар йили 1600 нафарга яқин аёл бачадон бўйни саратони ташхиси билан онкология рўйхатига олинади ва ҳар йили 600 га яқин аёл ундан вафот этади. 90% ҳолларда инсон папиллома вирусининг баъзи турлари сабаб мазкур инфекция бошланади.

Аёлларни ушбу тур учун скрининг қилиш миллий дастурлари ҳали жорий этилмаган, бироқ ўтган йилдан бошлаб Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида бачадон бўйни саратони бўйича бепул скрининг синови ўтказилмоқда.

Аёллар ва қизлар профилактика чораларини кўриш орқали ўзларини ушбу касалликдан ҳимоя қилишлари мумкин. Улар ҳақида батафсил маълумот Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси кўмагида Япония ҳукумати томонидан молиялаштириладиган БМТ Тараққиёт дастури билан қўшма лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган инфографикада жойлашган.

Бачадон бўйни саратони ҳар қандай ёшдаги аёлларда учрайдиган хавфли ва кенг тарқалган касалликдир. Касалликнинг энг юқори даражаси 45−55 ёшда содир бўлади.

Бачадон бўйни — бачадон танаси ва вагина ўртасида жойлашган органнинг пастки қисми.

Бачадон бўйни саратони ривожланишининг тўртта омили:

  • инсон папилломавирусининг онкоген турлари (ОПВ);
  • бачадон бўйнида вируснинг узоқ вақт мавжудлиги;
  • эрта турмуш қуриш, инфекциялар, тез-тез туғиш;
  • иммунитет танқислиги.

Ривожланиш сабаблари: ОПВ, жинсий йўл билан юқади. Улар 15−30 ёшдаги инсонларнинг 80 фоизида учрайди. Одатда вируслар 2−3 йил ичида танани «тарк этади». Бачадон бўйнида вируснинг узоқ вақт қолиши саратон ривожланишига олиб келиши мумкин.

Ушбу саратоннинг 100% олдини олиш мумкин. У секин ривожланади. Саратондан олдин саратонолди ҳолатлар кузатилади. Уларни ташхислаш ва даволаш учун вақт етарли.

Пап ёки ДНК тестини ўтказиш мазкур саратонга чалинган инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Бунинг учун атиги 5 дақиқа вақт кетади.


Катталаштириш учун устига босинг.

Бачадон бўйни саратони скрининги саратондан олдинги ҳолатларни эрта ташхислаш ва даволашдир.

Бачадон бўйни саратонининг олдини олиш учун учта осон қадам:

1-қадам: Эмлаш (9−26 ёш)

Жинсий фаолият бошланишидан олдин ОПВ га қарши эмлаш. 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистонда мактаблар ва тиббиёт муассасалари негизида 9 ёшгача бўлган қизларни бепул эмлаб келинади. Эмлаш ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Privivki.uz сайтида ўқиш мумкин.

2-қадам: Пап тест (21−65 ёш)

Агар сиз 21 ёшда бўлсангиз, бачадон бўйни вирусли ҳолатларини аниқлаш учун Пап тестини ўтказишингиз мумкин. Натижа ижобий бўлса, тест ҳар 3 йилда бир марта такрорланиши керак.

3-қадам: ДНК тести (30−65 ёш)

ДНК тести ОПВ нинг хавфли турларини аниқлайди. 30 ёшдан олдин қабул қилиш тавсия этилмайди. Агар тестда вирус бўлмаса, ҳар 3 йилда бир марта Пап тестини ўтказишингиз ёки ҳар 5 йилда бир марта ДНК ва Пап-тестини топшириш керак бўлади.

Агар ДНК ва Пап тести мавжуд бўлмаса, шифокор сирка кислотаси ёки ёд эритмаси билан визуал тестларни ўтказиши мумкин. Визуал тестлар саратондан олдинги ва бачадон бўйни саратонини эрта босқичда аниқлаши мумкин.

Агар сиз 65 ёшда бўлсангиз ва сўнгги 10 йил давомида скрининг натижаси салбий чиққан бўлса, бачадон бўйни саратони учун скрининг текширувларини тўхтатишингиз мумкин бўлади.