Нима учун мактаб партасидаги қўнғироқдан қўнғироққача бўлган анъанавий таълим ўзгариши керак? Болаларни мактабда ахборотни танқидий таҳлил қилишга ўргатишмоқдами ёки шунчаки имкон қадар кўпроқ фактларни «сингдиришмоқдам»? Нима учун онгли ота-оналик ва ота-оналарнинг ўз таълимлари устида ишлашлари бунчалик муҳим? Таълим бўйича эксперт, ихтирочилик масалаларини ҳал қилиш назарияси мутахассиси Анатолий Гин «Газета.uz»нинг жаҳон мактаб таълими тенденциялари ҳақидаги саволларига жавоб берди. Суҳбат Leader School кўмагида бўлиб ўтди.

Анатолий Гин — ихтирочилик масалаларини ҳал қилиш назарияси (ТРИЗ, теория решения изобретательских задач) бўйича эксперт-маслаҳатчи, ижодий фикрлашни ривожлантириш ва ностандарт вазифаларни ҳал қилишни ўқитиш усулларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган «Янги давр учун таълим» халқаро лабораториясининг асосчиси ва илмий раҳбари. «ТРИЗ-профи» инновацияларни тарғиб қилиш бўйича автоном нотижорат ташкилоти бош директори. У Creatime лойиҳаси муаллифи бўлиб, лойиҳа доирасида очиқ муаммоларнинг ностандарт ечимлари бўйича ўсмирлар учун туркум китобларни нашр этган. Ўқитувчилар ва болалар учун мўлжалланган китоблар муаллифи, болалар ва ўсмирлар учун 25 та китоби 13 мамлакатда нашр этилган.

— Сиз таълим — бу шунчаки ўқиб-ўрганиш эмас, балки янги нарсаларни яратиш, «вужудга келтириш» деб айтасиз. Сизнингча, умуман олганда замонавий таълим, хусусан, ўзбек таълим тизими ушбу вазифа — янгилик яратишнинг уддасидан чиқяптими? Агар уддалай олмаётган бўлса, нима ҳалал бермоқда?

— Ҳозир дунё глобал, жуда тез ўзгарувчан, динамик бўлди, дейиш урфга айланди. Биз — Ер сайёрасидаги одамларнинг биринчи авлодимиз, кўз ўнгимизда — бир авлоднинг кўз ўнгида — дунё мутлақо ўзгарди ва ҳозир у янада тезроқ ўзгариб бормоқда. Ва бундай дунё энди таълимга бошқа ёндашувларни талаб қилмоқда. Айтишим керакки, таълим ҳеч қаерда бу вазифани тўлиқ уддалай олаётгани йўқ.

Биз кўниккан анъанавий таълим — парталар, синфлар, мактаблар, таълим мазмуни — бу одамларни саноат даврига тайёрлаш билан боғлиқ эди. У одамларнинг фабрика ва заводларда ишлаши учун яратилган эди. У жуда улкан инерцион массани тўплаган. Ахир таълимда миллионлаб одамлар иштирок этади ва улар маълум бир тарзда ўқитилган, уларнинг муайян қадриятлари бор — шунинг учун буларнинг барчасини ўзгартириш жуда қийин. Европа, Америка — барча ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда ва ҳаммада жуда секин кечмоқда.

Европада ҳам, Америка ва Осиёда ҳам, ҳатто Совет Иттифоқида ҳам анъанавий таълимда таълимнинг жуда қизиқарли ва жиддий намуналари мавжуд эди. Масалан, Совет Иттифоқида жуда кучли физика-математика мактаблари бор эди. Дунёнинг ҳеч бир жойида, эҳтимол, бундай кучли физика-математика мактаблари бўлмаган ва ҳеч ким бунга асосий эътиборни қаратмаган. Америка «science» (интеграциялашган «табиий фанлар» фани — таҳр.) бизнинг физика-математика мактаблари соясида қолиб кетади. Ҳар қандай давлатда таълим даражаси юқори бўлган, мактаб директорлари, алоҳида шахслар — Ўзбекистонда ҳам ундайлар бор эди — бу ишга ҳаётларини бағишлаган ва анъанавий таълим доирасида энг яхши намуналарни кўрсатганлар. Бу намуналар ҳурматга лойиқ, болалар у ердан жиддий билим билан чиқардилар, аммо буларнинг барчаси жуда эскирган. Бугунги кунда динамик глобал дунёда муваффақиятли ҳаёт кечириш учун таълимнинг бошқача мазмуни талаб қилинмоқда.

Таълимнинг ҳатто энг яхши андозаларининг мазмуни ҳам ҳозир барқарор маданият намуналарини етказишдан иборат, улар эса кўз ўнгимизда ўзгариб бормоқда. Шу билан бирга, мен маданият деганда ҳамма нарсани тушунаман. Масалан, бизнинг бир-биримиз билан мулоқотимиз жуда катта маданият қатламидир. Мобил телефонлар, интернет пайдо бўлди ва бу мулоқот маданиятини, умуман, маданиятни тубдан ўзгартирди. Замонавий таълим буларнинг барчасини фақат жуда ибтидоий тарзда ҳисобга олмоқда — «болалар, мана буни Интернетдан топинг». Аммо ҳамма нарса — менталитет, одамнинг дунёга ва дунёнинг одамга муносабати аллақачон ўзгарган. Анъанавий таълимда ҳозирча буни ҳисобга олишнинг усуллари йўқ.

Таълим мазмунини ўзгартириш керак. Авваллари бу барқарор маданиятнинг бир авлоддан иккинчисига узатилиши эди. Бу функция қолади, чунки замонлар ўртасидаги алоқа бўлиши керак. Бироқ янги функция пайдо бўлади — бу одамни тез ўзгарувчан дунёда яшашга, жуда тез танлашга, ўзгаришларга мослашишга, ўта танқидий муносабатда бўлишга ўргатишдир, чунки бугунги дунё, барча оммавий ахборот воситаларини ҳисобга олган ҳолда, жуда манипулятивдир.

Ўқувчиларим ёки фарзандларим маълум ёшга етганларида, уларга шундай дейман: «Қаранг, бу дунёда яхши таълим олган ва яхши маошга эга жуда кўп одамлар бор ва улар кунига саккиз соат давомида сизга керак бўлмаган нарсани сотиб олишга ёки сизга керак бўлмаган нарсаларни қилишга мажбурлаш ҳақида бош қотиришади. Ва ҳозир сиз қарор қабул қиласиз — улар белгилаб берган қоидалар асосида яшайсизми ёки қалбингиз, тарбиянгиз ва дунёқарашингизга мос ўз қоидаларингиз асосидами?»

Одамларнинг аксарияти ҳали ҳам оддий сабабга кўра ушбу оқимга бўйсунган ҳолда яшашмоқда, сабаби — ўзгаларнинг эмас, ўзининг шахсий ҳаётини яшаши учун турли соҳалардаги қийинчиликларни яхши тушуниш керак. Одам ажойиб математик бўлиши мумкин, бироқ ижтимоий соҳада ҳеч нарсани тушунмаслиги мумкин ёки аксинча.

Бизнинг вазифамиз — одамларга мураккабликларни тушунишлари, англаб олишлари, тезда янги билим қатламларини «қазиб чиқаришлари», қандай қарама-қаршиликлар ва номувофиқликлар борлигини аниқлашлари ҳамда янада кўпроқ чуқурлашиш ва тўғри қарорлар қабул қилиш учун саволлар беришни ўргатишдан иборатдир.

Ва бу ҳаётнинг жуда кўп сонли қатламларига тааллуқлидир, чунки бугун ҳар бир инсон бир вақтнинг ўзида ҳам маълум бир касбнинг мутахассиси, ҳам ота-она, ҳам фуқаро — ва бу ролларнинг барчасида, идеал ҳолда, биз ўзимизни жуда малакали тутишимиз керак.

— Янги таълимнинг қарама-қаршиликлари ҳақидаги мақолаларингиздан бирида таълим болаларни биз ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаган дунёда яшашга тайёрлаши керак, деб ёзгансиз. Ҳафтасига 20 соатлик ставка, бир синфда 40−45 нафар бола, 2 млн сўмга яқин маош оладиган оддий ўқитувчимизни тасаввур қилинг. У бу келажак ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас ва буни тушунишга вақти ҳам йўқ. Қандай қилиб у болани бундай келажакка тайёрлаши мумкин?

— Деярли ҳеч қанақасига. Шунинг учун таълим тизими жуда жиддий тарзда ўзгариши керак ва бу жуда яхши самара беради. Қаранг, Ли Куан Ю ўша пайтдаги энг қашшоқ давлатлардан бири бўлган Сингапурда ҳокимият тепасига келганида таълимга қандай пул тикди.

У бир авлод умри давомида кучли математик таълимни шакллантира олди ва Сингапурни Жануби-Шарқий Осиёнинг молиявий марказига айлантирди. Агар таълимга жиддий сармоя киритсангиз, у жуда жиддий натижаларни беради.

Шунинг учун бу ерда кучли сиёсий ирода керак, маблағ киритиш ва ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш керак. Бундан ташқари, нима қилиш кераклигини тушунишингиз керак — бу жуда муҳим.

— Бу ислоҳотларни қаердан бошлаш керак, биринчи навбатда нима қилиш керак?

— Бир вақтнинг ўзида кўп қадамлардан бошлаш керак. Биринчиси, таълим олишга урф, ақлли бўлишга моданинг шаклланиши. ОАВ орқали, элита, мамлакат раҳбариятининг чиқишлари орқали.

Кейинги қадамлар — таълимни босқичма-босқич, лекин изчил ислоҳ қилиш, ота-оналар таълими ҳам жуда муҳимдир.

Шундай мисол келтирсак. Мактабдан кейин яна бир мутахассисликни ўзлаштиришга қарор қилдим ва телевизор устачилигига бордим. Курсни тамомладим, имтиҳонни аъло баҳоларга топширдим. Менга бузилган телевизорни беришди ва секундомер остида носозликни топиб, уни тузатишим керак эди. Энг оддий, оқ-қора лампали телевизорларни таъмирлаш учун уч ярим ой ўқиб, имтиҳондан муваффақиятли ўтдим.

Фарзандли бўлганингизда эса сиз ҳеч нарса ўқимайсиз, имтиҳондан ўтмайсиз, худдики бола бу телевизордан соддароқдек. Имтиҳондан ўтиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олмагунингизгача ҳеч ким сизни йўлга чиқишингизга рухсат бермайди, болаларни эса ҳар ким кўнгли тусагандек тарбиялайверади. Шунинг учун ота-оналар таълими жуда муҳимдир.

Бунинг учун махсус институтлар яратишнинг ҳожати йўқ. Бунинг учун онгли ота-оналик урфини шакллантириш керак. Бунинг учун ОАВда бу ҳақда ёзишингиз керак, қандайдир телекўрсатувлар тайёрлашингиз, ихтиёрий курслар ташкил қилишингиз мумкин.

— Аммо бизнинг менталитетимизда яна бир муаммо бор: қиз чиқариб, ўғил уйлантиргандан сўнг, қоидага кўра, бир йилдан кейин фарзанд туғилиши керак.

— Бир йил кам вақт эмас ва бу йил давомида малакали мутахассисларнинг ўнлаб маърузаларида қатнашиш мумкин.

— Онгли ота-оналик ҳақида гапиряпсиз. Бола мактабга боришни бошлаганида, кўпинча функцияларнинг мантиқий тақсимоти бошланади: ота-она сифатида менинг вазифам болани овқатлантириш, кийинтириш ва поябзал олиб бериш, таълим-тарбия билан эса мактаб шуғуллансин. Ҳатто ота-оналар йиғилишларига ҳам сусткашлик билан борилади. Ота-оналарни бола тарбиясига қандай жалб қилиш керак?

— Юқорида айтганимдек, бу онгли ота-оналикка урфнинг шаклланиши. Бола олти ёки етти ёшида мактабга боради ва бу вақтда у кўп жиҳатдан аллақачон шаклланган шахс бўлади. Албатта, болани мактабга бериб, ҳаммасини унутиш — бу масъулиятсизлик.

Мен ҳам ота-оналар йиғилишига бормасдим, лекин бошқа сабабга кўра. Мен болаларим билан гаплашаман. Болаларим қандай ўқиётганларини билишим учун мактабга боришим шарт эмас.

Янада аниқроғи, мен учун мактаб баҳолари муҳим эмас. Фарзандим: «Бир фандан икки, бошқасидан беш олдим», — дейди. Мен эса: «Буни қара-я, қандай кенг кўламда ишлаётган экансан», — дейман. Ва иккаламиз ҳам куламиз.

Баҳоларга сиғиниш керак эмас, тўғридан-тўғри бола билан ишлаш, қадриятлар тизимини шакллантириш керак.

— Баҳоларга сиғиниш шарт эмас, дейсиз, лекин бундай «сиғиниш» жуда ривожланган-ку? Ахир биз боладан математика ва адабиётдан бир хил даражада яхши баҳо олишини кутамиз. Ва яқинда янги қоида ҳам жорий қилинди — ОТМга киришда шаҳодатномадаги ўртача баҳо ОТМга кириш имтиҳони натижаларига қўшилади.

— Бу совет даврида бор эди. Лекин бу тўғри эмас. Гап шундаки, баҳолаш тизимининг ўзи — бу уч, тўрт, бешлар — улар ҳеч нарсани англатмайди.

Пойтахт марказидаги кучли мактабда бола физикадан уч баҳо олиши мумкин, аммо бу уч баҳо билим бўйича бошқа бир бола ҳатто физика ўқитувчиси ҳам бўлмаган қишлоқ мактабида олган беш баҳодан анча юқори бўлиши мумкин.

Ва бу баҳо шаҳодатномада нима беради? Ҳеч нарса. Бу ерда ҳатто коррупциясиз ҳам жуда кучли хатоликларга эга бўласиз.

— Собиқ СССРдаги кучли физика-математика мактаби ёки Сингапурдаги математика мактабини эсга олдингиз. Аммо бошқа томондан, сиз алоҳида-алоҳида фанларга асосланган таълим дунёни идрок этиш яхлитлигига халал беради, дейсиз. Бу қарама-қаршиликни қандай бартараф этиш мумкин?

— Бу қарама-қаршилик анъанавий таълим доирасида юзага келади. Болага имкон қадар кўпроқ фактларни «тиқиштириш» керак, бу фактлар эса борган сари кўпайиб бормоқда.

Масалан, физикани тушуниш учун билиш керак бўлган фактлар унчалик кўп эмас — модданинг фундаментал хусусиятлари, энергиянинг сақланиш қонуни ва ҳоказоларни билиш кифоя, ундан кейин эса фикр юрита олиш ва яхши тажриба базаси керак.

Биз таълим мазмунини ўзгартиряпмиз. Агар ҳозир таълим фактларга урғу бераётган бўлса, биз фикрлаш ва ахборотни қайта ишлаш усулларига эътибор қаратамиз.

Идеал ҳолатда, келажакда таълим шакли ҳам ўзгартирилиши керак. Бунда, жумладан, оилавий, индивидуал масофавий-таълимни ҳам ривожлантириш керак. Турли йўллар бўлиши ва бола у ёки бу йўлни танласа, ўзини ноқулай ҳис қилмаслиги керак. Биз турли-хилмиз ва таълим шакллари ҳам ҳар хил бўлиши мумкин.

Мен мактаблар умуман йўқ, бироқ бошқа турдаги таълим муассасалари бўлган дунёни тасаввур қиламан. Аммо бу таълимнинг бошқа тури ва агар интервьюмиздан кейин бунга қизиқувчи одамлар топилса, мен таълимни қандай қилиб буткул қайта қуриш мумкинлиги ҳақида алоҳида ҳисобот беришга тайёрман.

— Бир томондан, дунёни идрок этишнинг яхлитлиги, иккинчи томондан, билимларнинг парчаланганлиги (фрагментарлиги) масаласига қайтсак. Мамлакатимизда болалар муайян фанларни чуқур ўрганадиган ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи очилмоқда. Бу муаммонинг тўғри ечимими?

— 30 йил олдин бу муаммонинг тўғри ечими эди. Ҳозир эса йўқ. Мен сизга аниқ бир мисол келтираман.

Опам менга қўнғироқ қилди — у Францияда яшайди — унинг ўғли Франциядаги жуда машҳур университетлардан бирида физика бўйича икки курсни битирди. У аълочи талаба, лекин тўсатдан биологияни ўрганишга ва ўқишини биология факультетига кўчиришга қарор қилди. «Муаммо нимада?» дейман. «У бир йилини йўқотади, уни бир йил пастки курсга кўчиришади». Мен эса: «Агар у ўқишни яхши кўрса, муаммо нимада? Икки фанни қамраб олишидан хурсанд бўлинг — ҳозир кашфиётларнинг аксарияти фанлар чорраҳасида содир бўлмоқда», — дея жавоб бераман.

Ҳозир энг жиддий лойиҳалар фанлар чорраҳасида (кесишмасида) амалга оширилмоқда. Ҳозир кўчага чиқиб, 30−40 ёшли 100 нафар олий маълумотли одамни олиб, қайси бири ўз мутахассислиги бўйича ишлаётгани ҳақида сўров ўтказсангиз, бундайлар озчилик бўлади. Ўзгарувчан дунёга хуш келибсиз. Ўқитувчилар ва шифокорлар қолди — уларнинг ҳам ҳаммаси эмас — қолганларнинг барчаси касбларини тез-тез ўзгартириб турадилар. Кун ўтгани сари бу эффект тобора ёрқинроқ намоён бўлиб бормоқда.

Бугун аввалгидек эрта ихтисослашган одамни тайёрлаш мумкин эмас. Ҳозир ҳамма нарса бутунлай бошқача. Ҳар қандай вақтда қайсидир касб эскириб қолиши мумкин. Сунъий интеллект кириб келмоқда ва у дунёни ҳатто интернетдан ҳам кўпроқ ўзгартиради — мен сунъий интеллект билан шуғулланаман ва биз прогнозлар қилганмиз. Инсонни ўргатиш учун кўп куч ва пул сарфлашингиз мумкин, у эса бутунлай бошқа ишлар билан шуғулланади.

Шунинг учун тез ўрганиш, билимларга тезда «кириб бориш», мослашиш, хулосалар чиқариш, вазиятни тизимли равишда баҳолаш ва тўғри танлов қилишни ўргатиш керак. Мана нималарни ўргатиш керак — бу асосий нарса.

Европа аллақачон шу йўлдан бормоқда. У ерда бакалавриат — умумий таълим, кейин эса тезда магистратура ва ихтисослашув. Дарҳақиқат, бугунги тизимнинг мазмун-моҳияти ҳам шундан иборат. Тўғри йўналишдаги қадам, аммо дунё технологик ривожланишда илгарилаб кетаётган бугунги кунда бу етарли эмас.

Таълим инсоннинг асосий фаолиятига айланадиган бир вақтда дунё жуда катта танлов қаршисида турибди. Дунё жуда узоқ вақт давомида станоклар учун таълим, деб яшади. Биз тамаддуннинг инсон учун яшаб қолиш муаммоси бўлмаган бир даражасига ўтмоқдамиз. Зеро, бугунги дунёда ҳатто очлик ҳам озиқ-овқат йўқлигидан эмас, ижтимоий муаммолар ҳал этилмагани сабабли вужудга келмоқда.

Биз биринчи марта цивилизациялашган дунёда одамлар биологик омон қолиш ҳақида қайғуриши шарт бўлмаган даврга тушиб қолмоқдамиз — ҳар кимни ҳамма нарса билан таъминлаш мумкин. Аммо, шу билан бирга, хавф-хатар ҳам бор: одамлар бўшашишиб қолишлари, умуман ҳеч нарса қилмасликлари ва таназзулга учрашлари мумкин. Бу қарама-қаршилик тўғри таълим, болаликдан сингдирилган асосий қадриятлар билан ҳал қилинади.

— Сиз ТРИЗ — ихтирочилик муаммоларини ҳал қилиш назарияси бўйича китоблар муаллифисиз. Унинг нима эканлигини ва оддий ўқитувчи уни ўз амалиётида қандай қўллаши мумкинлигини тушунтириб бера оласизми?

— Анъанавий мактаб ўқитувчилари учун махсус «Педагогик техникалар усуллари» («Приёмы педагогической техники») китоби ёзилган. Бу китоб ТРИЗ ҳақида эмас. Бироқ унда синфни бошқариш, қизиқишни ошириш, ўз меҳнатини самарали ташкил этиш ва ҳоказоларда ихтирочилик усуллари қўлланилган.

Ушбу китобни ўзбек тилида қайта нашр қилиш мумкин. Зеро ТРИЗ жиддий фан бўлиб, уни қўллай олиш учун ўрганиш керак.

— Ягона давлат имтиҳони (Россиядаги ягона давлат имтиҳони — таҳр.) ҳақида гапирар экансиз, у кўпроқ фактларни ёд олишга қаратилган, дейсиз. Ўзбекистонда ҳам баҳолаш тизими ҳамон асосан ёдлашни синашга қаратилган. Баҳолаш тизими таълимга жуда кучли таъсир кўрсатади: имтиҳонда ўқувчидан нима талаб қилинса, у ўшанга мўлжал олади. Ушбу муаммони қандай ҳал қилиш мумкин?

— Жуда муҳим масалани кўтардингиз. Таълим тизими баҳолаш тизими талабига биноан қурилади. Сизга бу мавзуни очиб берадиган бир латифани айтиб бера оламан.

Бир одам юриб кетаётса, қоронғуда фонус остида нимадир қидираётган одамни кўриб қолибди. У келиб: «Нима қидиряпсиз?» — деб сўрабди. — «Соатимни йўқотиб қўйдим». — «Келинг сизга ёрдам бераман». Улар биргаликда қидиришади, қидиришади, лекин топишолмайди. — «Албатта, топилмайди-да, ахир у бу ерда эмас, бутунлай бошқа жойда йўқотганман». — «Ундай бўлса нега бу ердан излаяпсиз?» — «Бу ер ёруғроқ экан-да».

Бу латифа сиз айтаётган зиддият ҳақида. Замонавий таълим тизими «нозик» нарсалар: фанни чуқур тушуниш, фикрни мустақил билдиришни текшира олмайди, — у текшириши мумкин бўлган нарса белгилаш мумкин бўлган нарсалардир, масалан, қайси йилда шоҳ Пётр I пойтахтни Москвадан Санкт-Петербургга кўчиргани ва ҳоказоларни текшира олади. Ёки кейин калит ёрдамида жавобини текшириш мумкин бўлган «формулани қўй, жавобни топ» қабилидаги оддий масалалар.

Бу ҳал қилиниши керак бўлган жуда қатъий қарама-қаршилик. Бунинг ечими жуда оддий — таълимнинг эркин бозори орқали ҳал қилинади. Бу қачондир қисман бор эди — ҳар бир таълим муассасаси абитуриентлар учун талабларини эълон қиларди. Одам қаерга кетаётганини, ундан нима талаб қилинишини биларди, кейин эса «инсон — инсон». Инсонни фақат инсон ўлчай олади. Ҳеч бир тест ижодкорликни текшира олмайди, айниқса бир марталик тестлар. Ўша куни одамнинг боши оғриётган бўлиши мумкин, лекин сиз тест ўтказдингиз ва унинг тақдирини ҳал қилдингиз, у бу университетга мос эмас деб қарор қилдингиз. Балки у даҳодир, фақат ўша куни боши оғригандир.

Шунинг учун Ягона давлат имтиҳони гўёки бир қарама-қаршиликни ҳал қилди, аммо юқорида айтилганидек, «бургага аччиқ қилиб кўрпани ёқди». Нормал таълим бозори бўлиши керак. Дарҳақиқат, ишлаб чиқаришда бозор самарадорликни жуда тез оширади. Яна бир жиҳат шундаки, давлатлар бунга тайёр эмас ва бу йўналишда жуда секин ҳаракат қилмоқда — тажриба йўқ. Биздан олдин ҳеч ким ҳал қилмаган муаммоларни ҳал қилишимиз керак бўлган дунёдамиз.

— Аммо ундай бўлса бошқа бир муаммо пайдо бўлади. Россияда ҳаммага тенг имконият яратиб бериш, пули ва алоқалари йўқ, лекин билими бор бир четдан келган бола ҳам ўқишга кириши учун Ягона давлат имтиҳони жорий қилинган, дейилади. Бизда ҳам шунга ўхшаш ҳолат — тест тизими коррупцион омил ёки инсон омилини, шахсий симпатия ёки антипатияларни йўқ қилишга мўлжалланган. Бунда нима қилиш керак? Бир томондан фикрлашни, ижодкорликни фақат инсон баҳолай олади, машина буни қила олмайди, лекин бошқа томондан коррупция, субъективизм каби муаммолар юзага келмайдими?

— Ягона давлат имтиҳони бу муаммони ҳал қилишга уринди, аммо уни ҳал қила олмади. Ягона давлат имтиҳони жорий этилиши билан мамлакатнинг етакчи олий ўқув юртларида таълим даражаси тушиб кетганини очиқдан-очиқ ёзишмоқда. Мисол учун, болалар рус тилидан Ягона давлат имтиҳонида 100 балл билан келишади, лекин улар рус тилида гапиришни билишмайди. Шунинг учун коррупция муаммоси ҳал этилмади, балки бошқа муаммоларни янада кучайтирди.

Қачонки эркин бозор бўлса, ҳар бир таълим муассасасининг эгаси бўлса, у кучли ўқувчилар киришидан жуда манфаатдор бўлади. Ва у коррупция имкон қадар камроқ бўлиши учун ҳамма нарсани қилади: камералар ўрнатади, ўзи айланиб юради ва ҳоказо. Шунинг учун юқори ўринларда турадиган хусусий университетларда ҳеч қандай «таниш-билишлар» иш бермайди. Ҳар бир университет ўз битирувчиларини кўз-кўз қилишни истайди, муваффақиятли битирувчилар эса улғайгач, ўз университетига ёрдам беришади — бу ривожланган мамлакатларда кенг тарқалган амалиёт.

Хусусий таълим бозори кўп нарсани ҳал қилади. Давлат бунга аралашмаслиги керак, фақат ҳамманинг қонунлар асосида «ўйнаши»ни таъминлаши керак. Адолатли қонунларни ўрнатиш давлатнинг иши бўлиб, хусусий бизнес эса ҳар доим муайян фаолиятни амалга оширишда самаралироқдир.

— Давлат ОТМлари-чи? Масалан, мамлакатимизда хусусий олий ўқув юртлари пайдо бўла бошлади, лекин уларнинг таълим бозоридаги улуши унчалик юқори эмас, айниқса, ҳудудларда.

— Бу ерда аста-секин эволюция бўлиши керак — хусусий университетлар кўпайиб, давлат университетлари камроқ бўлиши керак. Хусусийлаштириш деган тушунча бор, унга кўра давлат ОТМлари хусусий қўлларга берилиши мумкин.

Ҳа, баъзи давлат ОТМлари қолиши керак, шу жумладан, уларнинг сони кўп бўлмаса, улар ҳам хусусий сектор билан рақобатлашади. Рақобат қанчалик кўп бўлса, сифат шунчалик юқори бўлади.

— ОТМлар борасида-ку, тушунарли, лекин ўрта таълим-чи?

— Агар тенденцияга қарасангиз, жумладан, Ўзбекистонда ҳам мунтазам равишда хусусий мактаблар очилмоқда ва одамлар у ерларга фарзандларини олиб боришмоқда. Улар хусусий мактабда пул тўланишини тушунишади, лекин у анча мослашувчан ва у ерда гапингизни айта оласиз, дейишади. Ва у ерда шундай келишув амал қилади: хусусий мактабга одамлар келиб пул беришгани фойда, одамларга эса у қанча яхши ишласа, шунча фойда.

Лекин, шу билан бирга, ҳар кимнинг ўлчови бор: масалан, хусусий мактаб ҳамманинг кайфиятини бузадиган безорига чидашга тайёр эмас ва бундай ўқувчини ўқишдан четлатади, инсон эса зарур сифатни кўрмаса, пул тўлашга тайёр эмас. Бу қарама-қаршилик мактаб ишининг сифатини доимий равишда ошириб боради.

Давлат мактабида эса бирор безори келса, ҳеч кимга ўқишга бермайди, унинг ўзи ҳам, ота-онаси ҳам биладики, уни ҳайдаб юбора олмайдилар.

Албатта, давлат мактаби хусусий мактабдан яхшироқ бўлган ҳолатлар ҳам мавжуд.

— Бу жамиятнинг табақаланишига олиб келмайдими: пули борлар сифатли таълим олиш ва шунга мос равишда келажакда яхшироқ яшаш учун кўпроқ имкониятларга эга бўлиб, сифатли таълим олишга қодир бўлмаганлар эса «қашшоқликнинг аянчли домида»да қолавермайдими?

— Агар ҳозир, масалан, «Ўзбекистонда одамларнинг табақаланиши қай даражада?» деган саволга рўйирост жавоб берсангиз, жавоб қуйидагича бўлади: «У жуда ҳам катта». Агар: «Ҳаммани тенглаштиришга ҳаракат қилган Совет Иттифоқида одамларнинг табақаланиши қандай эди?» — деган саволга виждонан жавоб берсангиз, худди шу натижа келиб чиқади. Генералнинг оиласида туғилиб, Москвада ўқиган шахс билан Тунгуска қирғоғининг қаеридадир деҳқон оиласида туғилган шахс бутунлай бошқача ҳаёт кечирган ва карьера учун бошланғич имкониятлари бир-биридн тубдан фарқ қилган. Тенглик ҳақидаги бундай шиорлар ҳеч қачон бажарилмаган.

Камбағал оиланинг фарзанди ажойиб қобилиятга эга бўлса, у ҳолда, қоида тариқасида, унга сармоя киритадиган одам топилади. Таниқли одамларнинг таржимаи ҳолига назар ташласангиз, масалан, Тарас Шевченко — мен Тарас Шевченко кўчасини шу ерда кўрдим — у крепостной деҳқонлар оиласида туғилган, ота-онаси ҳеч нарса қила олмасди, лекин унга пул тикадиган одам топилади. Қашшоқ оилалардан бўлган кўплаб шоирлар, ёзувчилар, санъаткорларнинг иқтидорини кўрган одамлар уларга сармоя киритганлар.

Одамлар ҳеч қачон ўз қобилиятлари бўйича тенг бўлмаган. Одамларнинг бўйи ёки вазни ўртасидаги фарқ фақат икки ёки уч бараварга етиши мумкин бўлса, интеллектуал қобилиятлардагидаги фарқ эса ўнлаб мартагача бориши мумкин.

Тўлқин қайиқларни кўтарганидек, истеъдодли одамлар жамиятда ўз ўрнини эгаллаб, уни ривожлантирса, ҳамма учун турмуш даражасини кўтаради ва ҳатто унчалик истеъдодли бўлмаган одамлар ҳам яхши яшай бошлайдилар.

Яна кўплаб ечимлар мавжуд. Масалан, таълим ваучерлари. Америкада кўплаб талабалар давлатдан ўқиш учун кам фоизли ёки фоизсиз кредит олиб, кейин уни тўлаб беришади. Бу махсус кредит бўлиб, уни фақат таълим учун сарфлаш мумкин.

Бундан ташқари, давлат хусусий мактаб ёки хусусий ОТМда таълим олиш учун пул ажратиши мумкин — масалан, юз нафар талабадан беш нафари бепул ўқийди. Улар ҳукумат ҳозирда давлат мактабларига сарфлаётган пулларнинг айни ўзи, аммо бу ерда анча самарали сарфланади.

— Ўзбекистонда қандай лойиҳаларда иштирок этяпсиз?

— Бу ерда иккита лойиҳам бор. Биринчиси — мен Марказий Осиёда ТРИЗ педагогикаси соҳасида инқилоб яратмоқчиман. Менга, тез-тез бўлганидек, омад кулиб боқди — бу лойиҳа учун аллақачон кучли ҳамкор топганман.

Иккинчи лойиҳа — сунъий интеллект соҳасида мутахассисларни тайёрлашга ҳаракат қилмоқчиман, АҚШдаги ТРИЗ жамоамиз ушбу соҳада илғор технология учун патент ва ноу-хауга эга. Бунинг учун менга IT-соҳасида кучли, катта амбицияларга эга ҳамкор керак. Мен мазмун билан таъминлайман, у эса бизнес билан таъминлайди.

Комил Жалилов суҳбатлашди.