26 май куни Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан Конституциявий комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, мажлис давомида Парламент қарори билан ташкил этилганига 6 кун бўлган Конституциявий комиссияга ўнлаб таклифлар келиб тушгани маълум қилинди. Уларнинг мазмуни ва қайси моддаларга тегишлилиги бўйича дастлабки ахборот ўқиб эшиттирилди.

Таҳлил гуруҳининг раҳбари Мирафзал Мирақуловнинг сўзларига кўра, Конституциявий ислоҳотлар жараёни бошланганидан бери халқ, кенг жамоатчилик томонидан Асосий қонунга ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича жуда кўплаб фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилмоқда.

«Янада аниқроқ айтадиган бўлсак таклифлар Конституциямизнинг 13,15, 29, 37, 40, 41, 53, 78, 80-моддалари билан боғлиқ. Хусусан, инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши керак деган мазмунда таклифлар келиб тушмоқда», — деди Мирафзал Мирақулов.

Мирафзал Мирақулов. Фото: Конституциявий комиссия матбуот хизмати.

Қолаверса, фуқаролар томонидан Конституциянинг олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилиши, судлар, барча давлат органлари, давлат хизматчилари Конституцияга бевосита амал қилишлари кераклиги — «Асосий қонун олий юридик кучга эга» деб қайд этиш зарурлиги борасида ҳам таклифлар юборилган.

«Шунингдек, ҳар кимнинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари ва интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, давлатнинг аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлаш мажбурияти, давлатнинг ишсизлик ва камбағалликни тугатиш учун ўзининг барча имкониятларидан фойдаланиш мажбурияти каби таклифлар келиб тушаяпти», — деди у.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори бўйича ҳам фирклар билдирилган.

«Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг нафақат ўзи, балки оиласини ҳам ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлиши керак, буни Конституцияда ёзиб қўйинглар, деган таклифлар ҳам келиб тушмоқда. Шу билан биргаликда давлатни аҳоли ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни Конституцияда ёзиб қўйиш керак, ижтимоий давлатнинг муҳим белгиларидан бири деган мазмунда ҳам таклифлар мавжуд», — деди Мирафзал Мирақулов.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва тиббий суғуртани яхшилаш бўйича ҳам таклифлар йўқ эмас.

«Конституцияда ҳар бир инсоннинг соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлигига ёки мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши кераклиги қайд қилиниши керак деган таклифлар ҳам келиб тушмоқда. Шунингдек, давлат ҳар бир болани умумий ўрта таълим ташкилотларига ўқишга кириши учун давлатга қарашли мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий 1 йиллик тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқини кафолатлаши лозимлиги, давлат иқтидорли ёшларни уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттиришни кафолатлаши керак деган мазмунда ҳам таклифлар мавжуд», — деди комиссия аъзоси.

Шу билан бирга, давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги ва бошқа таклифлар билдирилмоқда.

«Газета.uz» мухбири билан суҳбатда Конституциявий комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиев таклифларни қабул қилиш муддатига тўхталиб ўтди ва фикр-мулоҳазалар лойиҳани Қонунчилик палатасида муҳокама қилиш даврида ҳам инобатга олинишини қайд этди.

«Конституциявий комиссия лойиҳани Сенат ва Қонунчилик палатасининг кенгашига топиширади. Ана шунда кенгаш лойиҳани қабул қилиш масаласини ҳал қилади, яъни қонунни қабул қилиш субъектлари бор. Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида кўрилаётганда ҳам таклифларни қабул қилаверамиз. Чунки бу депутатларга ҳам қизиқ, ҳали лойиҳа муҳокамаси кетаётган бўлади. Мен ўйлайманки, Конституция қабул қилингунга қадар таклифлар фойдадан ҳоли бўлмаса керак», — деди у.

Одилжон Тожиев. Фото: Конституциявий комиссия матбуот хизмати.

Шунингдек, Одилжон Тожиев «Газета.uz» мухбирига Конституциянинг 90-моддасига ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш юзасидан ҳам таклифлар келиб тушгани ёки йўқлигига ойдинлик киритиб ўтди.

Конституциянинг 90-моддасида «айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистоннинг президенти бўлиши мумкин эмаслиги» қайд этилган.

«Конституциянинг моддаларига ўзгартириш киритиш борасида ҳозир комиссия аъзоси сифатида ҳам жавоб беришга шошмаган бўлар эдим. Сабаби у ҳозир лойиҳа ва биз унинг ишини бошлаганимизга 5 кун бўлди. У ҳамма жараёнлардан ўтиши керак, шунинг учун мен 1-моддасига ҳам, бошқа моддаларига ёки умуман бирор моддасида бу бўлаяпти деб айтишга шошмаган бўлар эдим. Лойиҳа ишлаб чиқилганидан кейин албатта эълон қилинади. Мен иккита партия (ЎзЛиДеП ва „Миллий тикланиш“ назарда тутилмоқда — таҳр.) фракцияларидан унақа (90-моддага ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича — таҳр.) таклиф ва ташаббус тушганини эшитганим йўқ», — деди у.

Комиссия матбуот котиби шунингдек, платформа ва Telegram-ботга келиб тушган таклифлар веб-саҳифада йўналишлар бўйича сараланиб туриши ҳамда статистик маълумотлар ҳар комиссия йиғилишидан кейин бўлиб ўтадиган брифингларда маълум қилиб борилишини қўшимча қилди.

Асосий қонунни ислоҳ қилиш зарурати ҳақида биринчи бўлиб президент Шавкат Мирзиёев ўзининг ноябрь ойидаги инаугурация нутқида айтиб, бу мамлакат аҳолисидан келиб тушган таклиф эканлигини таъкидлаганди. Конституциянинг 29 йиллигига бағишланган нутқида эса давлат раҳбари Бош қомусга киритилиши лозим бўлган 9 та йўналишни белгилаб берганди. У ўзгартиришларни Конституциянинг 30 йиллиги арафасида — 2022 йил 8 декабрга қадар киритишни таклиф қилганди.

Май ойида Конституциявий ислоҳотлар жараёни бошлангани ҳақида ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» партиялари фракциялари маълум қилишди. 20 май куни Парламент қарори билан Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди. Унга амалдаги Конституцияни ишлаб чиқишда қатнашган, Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов раислик қилиши белгиланди.

24 май куни Конституциявий комиссия раҳбари Акмал Саидов Асосий қонун ислоҳоти заруратини Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг «Коммунистик партия манифести»га таяниб асослантиришга ҳаракат қилганди. «Ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди», — деганди у.