Тошкент шаҳри 15−25 июль кунлари оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида қитъа чемпионатига мезбонлик қилади, деб хабар берди ЎзА.

Маълум бўлишича, сешанба куни Осиё оғир атлетика федерацияси Тошкентда ўтадиган чемпионатда иштирок этувчи спортчилар тўғрисидаги талабномалар муддати якунланганини эълон қилди.

Тақдим этилган талабномаларга кўра, 25 та давлатдан 400 нафардан зиёд иштирокчи тўғрисидаги маълумотлар жамланган. Бунда ёшлар 250 нафарни, ўсмирлар 200 нафарга яқинни ташкил этган. Ўзбекистон ушбу чемпионатда 40 нафардан зиёд спортчи билан қатнашиш бўйича тақдимнома киритган, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 24 май куни Осиё чемпионатини ўтказиш ташкилий қўмитаси мусобақа логотипини ҳам эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, Грецияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Шарофиддин Амриддинов -102 кг вазн тоифасида даст кўтаришда (168 кг) кумуш, силтаб кўтариш машқида эса (204 кг) олтин медални қўлга киритди. Ҳар икки машқ якуни бўйича 372 кг натижа қайд этган Амриддинов натижада чемпионликни тантана қилди. Шунингдек, яна бир ўзбекистонлик атлет Турсуной Жабборова -87 кг вазн тоифасида даст кўтариш (109 кг) ва силтаб кўтариш (129 кг) машқларида олтин медални қўлга киритиб, умумий 238 кг натижа билан Жаҳон чемпиони бўлди ва терма жамоа ҳисобига учта олтин медал олиб келди.