24 май куни Жаҳон банки гуруҳи (ЖБГ) Ижрочи директорлар кенгаши 2022−2026-йилларга мўлжалланган Ўзбекистон билан Ҳамкорлик дастурини кўриб чиқди ва тасдиқлади. ЖБГ келгуси беш йил давомида 2022−2026-йилларга мўлжалланган Миллий тараққиёт стратегиясида белгиланган стратегик ислоҳотларни амалга оширишда ҳукуматга кўмак бериш доирасида ушбу ҳужжатга таянади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Янги ҳамкорлик дастури Жаҳон банки гуруҳининг (Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Инвестицияларни кафолатлаш бўйича кўп томонлама агентлик (MIGA)ни ўз ичига олади — таҳр.) мамлакат ҳукумати билан ҳамкорликдаги 30 йиллик тажрибасига асосланади. 2017 йилдан буён гуруҳнинг халқаро институтлари молиялаштириш, таҳлилий хизматлар ва техник ёрдам кўрсатишда ҳукумат билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда.

ЖБГ муҳим рол ўйнаган ислоҳотлардан бири бу — пахта етиштириш секторида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга барҳам берилганлиги бўлди. Яна бир мисол — ЖБГ иштирокида Навоий вилоятида саноат миқёсидаги биринчи қуёш электростанцияси ишга туширилишидир.

Янги Ҳамкорлик дастури Ўзбекистоннинг инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтишини тезлаштирадиган учта стратегик мақсадларга ўз эътиборини қаратади:

  1. хусусий секторда инклюзив бандликни ошириш;
  2. инсон капиталини ривожлантириш;
  3. «яшил» иқтисодий ўсиш ҳисобига фаровонликни ошириш ва барқарор ривожланиш.

Шунингдек, Ҳамкорлик дастури Ўзбекистонга 2030 йилгача қатор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадларига эришишга ёрдам берадиган секторлараро вазифаларни амалга оширишда ҳам кўмаклашади. Уларга қуйидагилар киради:

  • гендер тенгсизликка барҳам бериш;
  • сиёсий қарорларни қабул қилишда фуқаролар иштирокини кучайтириш ва давлат органларининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини мустаҳкамлаш.

«Ўзбекистон ҳукумати янги Ҳамкорлик дастури қабул қилинганлигини олқишлайди ва биз ушбу дастурни Жаҳон банки, ХМК ва MIGA ташкилотларидаги ҳамкорларимиз билан амалга оширишни режалаштирганмиз», — дея таъкидлади бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров.

«Дастур 2022−2026-йилларга мўлжалланган Миллий тараққиёт стратегиясининг муваффақиятли амалга оширилишига ўз ҳиссасини қўшади, шунингдек мамлакатга 2026 йилгача камбағаллик даражасини икки баробарга қисқартиришга ҳамда 2030 йилга қадар Ўзбекистоннинг даромад даражаси ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига киришига ёрдам беради», — дейди у.

Ҳамкорлик дастури Ўзбекистон ривожланиши йўлидаги мавжуд муаммолар ва имкониятларнинг ҳар томонлама таҳлили асосида ишлаб чиқилган. Таҳлил мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳолатининг комплекс диагностикаси доирасида ўтказилган. Шунингдек, унда ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият, фуқаролик жамияти, хусусий сектор, илмий доиралар ва ривожланиш бўйича халқаро ҳамкорлар вакиллари билан ўтказилган фаол консултациялар натижалари ҳам инобатга олинган.

«Ўзбекистон билан сўнгги беш йиллик муваффақиятли ҳамкорлигимизга таяниб ва бошқа ўтиш даври иқтисодиётларидаги трансформация жараёнини қўллаб-қувватлаш бўйича тажрибамизни инобатга олган ҳолда, Ҳамкорлик дастури мамлакат ҳукуматига бозор ислоҳотларининг янги авлодини амалга оширишда ёрдам беради», — дея таъкидлади Татяна Проскурякова, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори.

Бугунги кунда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги портфелига иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи 28 та лойиҳа киради. Ушбу лойиҳалар 5,26 млрд АҚШ доллари ҳажмидаги молиявий мажбуриятларни ўз ичига олади. Бунга Халқаро ривожланиш ассоциациясининг 3,23 млрд АҚШ долларилик имтиёзли кредитлари (нол ёки жуда паст фоиз ставкасида 5 йиллик имтиёзли давр билан 30 йилга берилади) ва Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг 2,03 млрд АҚШ долларилик кредитлари киради. Ушбу маблағлардан 2,66 млрд доллари энди тақсимланади. Ушбу молиявий ресурслар янги Ҳамкорлик дастури доирасида лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

«Ўзбекистон хусусий сектор ўсишни рағбатлантираётган тарихий ислоҳотлар эвазига мисли кўрилмаган иқтисодий трансформацияни бошидан ўтказмоқда, — дейди Вибке Шлёмер, Туркия ва Марказий Осиё бўйича ХМК директори. — ХМК муҳим соҳаларга инвестиция қилиш ва инвесторларнинг қўшимча маблағларини сафарбар қилиш, молиявий инфратузилмани мустаҳкамлашда ёрдам кўрсатиш, турли хил хизматларни кўрсатиш сифатини ошириш учун янада кўпроқ инновацион ДХШ лойиҳаларини ишга тушириш ва барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашиш орқали мамлакатни ушбу йўлда қўллаб-қувватлашда давом этади».

Ҳозирги кунда ХМКнинг Ўзбекистондаги портфели хусусий сектор ривожланишини қўллаб-қувватлайдиган 230 миллион долларлик 18 та лойиҳадан иборат. Ушбу молиялаштириш билан бир қаторда, ХМК ҳукуматни давлат банкларини хусусийлаштиришга тайёрлашда, пахта секторини трансформация қилишда, кимё саноатини ривожлантиришда ҳамда соғлиқни сақлаш ва энергетика соҳаларида ДХШ лойиҳаларини жорий қилишда қўллаб-қувватлаш учун расмийларга консултацион хизматлар ҳам кўрсатади.

MIGA 2021 йилда Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида 1500 МВт қувватга эга янги иссиқлик электростанциясини қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича инвесторларни хатарлардан ҳимоя қилувчи кафолатларни тақдим этган эди.