Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг йигирма олтинчи ялпи мажлиси 28 май куни соат 10:00 да ўз ишини бошлайди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

«Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилиши режалаштирилган ялпи мажлис Сенатнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни UzReport TV телеканали орқали Сенат мажлисининг тўғридан-тўғри трансляцияси мажлис бошланганидан деярли 8 дақиқа ўтиб якунига етган. Тўғридан-тўғри эфир телевидениеда ҳам, телеканалнинг YouTube-саҳифасида ҳам тўхтатилганди.

Эфир бор-йўғи 18 дақиқа давом этган, 10 дақиқага яқин вақт ичида журналист Мақсуда Абдуқаюмова кун тартибида «Почта алоқаси тўғрисида», «Ичимлик суви ва оқова сувларни чиқариш тўғрисида», «Хавфсизлик фаолияти тўғрисида», «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонунларни кўриб чиқиш, кўп қаватли уйларни бошқариш, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимлари, қурол-яроғ тўғрисидаги қонунчилик ва бошқалар такомиллаштирилиши муносабати билан қонун ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар кўриб чиқилиши тўғрисида гапирган эди.

11-дақиқада мадҳия янграган, сўнгра Сенат раиси Танзила Нарбаева президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи, 2022−2026 йилларда Қорақалпоғистонни ривожлантиришнинг беш йиллик дастури ҳақида сўзлаган, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида содир бўлган сув тошқинлари ҳақида гапирган ва эфир тўхтатилган эди.

Ўз навбатида, Uzreport TV соат 12:31 дан 12:39 гача Сенатдан жонли эфирга чиқиб, сессиянинг ўзи эмас, сенаторлардан бири билан суҳбат намойиш этган.


Президентнинг 16 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси 1 декабрдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари (ёпиқ мажлислар бундан мустасно) телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилишини таъминлаши керак эди.

Эътиборлиси, мазкур фармонга қадар ҳам Сенат мажлислари тўғридан-тўғри Uzreport TV орқали ва парламент юқори палатасининг YouTube-саҳифасида трансляция қилинарди. 28 апрель куни эса 2019 йил октябрь ойидан бери биринчи марта йиғилиш жонли эфирда берилмади.

Маълумот учун, Сенатнинг 17−18 март кунлари бўлиб ўтган аввалги мажлисида ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистоннинг Украинадаги уруш бўйича позициясини маълум қилган ва буни Uzreport TV тўлиқ эфирга узатган эди.

«Ўзбекистон 24» телеканалида эса бор-йўғи икки марта учрашув ҳақидаги кичик шарҳ билан эфирга узатилган. Лавҳалар мос равишда 1 дақиқа 44 сония ва 2 дақиқа 32 сония давом этган эди.