Президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни «Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Янгиликлар 24» дастурида хабар қилинди.

Унга кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг қуйидаги қатламларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади:

а) ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — 300 минг сўмдан;
  • Тошкент шаҳрида — 400 минг сўмдан;

Шунингдек, республика бюджети ҳисобидан бошқа органлар орқали пенсия олувчиларга тегишли вазирлик ва идоралар томонидан мазкур банднинг «а» кичик бандида назарда тутилган шартларда ва миқдорларда бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;

б) «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига — 200 минг сўмдан.

Жами 8,9 млн киши бундай ёрдам билан қамраб олинади, деб хабар берди «Ўзбекистон 24» телеканали.

Бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бир марталик моддий ёрдам ҳар бир тоифа бўйича тўлаб берилади.

Вазирлар Маҳкамаси жойлардаги маҳаллий ҳокимият органларига, Марказий банк ва тижорат банклари мазкур қарорда белгиланган бир марталик моддий ёрдам тўловларининг икки ҳафта муддатда тўлиқ тўланишини таъминлаш топширилди.

Уйида вақтинча бўлмаганлиги ёки бошқа сабабларга кўра бир марталик моддий ёрдам пулларини ўз вақтида ололмаган фуқаролар тўланмаган моддий ёрдам пулларини 2022 йил 1 сентябрга қадар олиш ҳуқуқига эга.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари, сектор раҳбарларига:

  • а) «Темир дафтар»га киритилган ҳамда мазкур қарорга асосан бир марталик моддий ёрдам пулларини олмаган эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантириш ҳамда «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан ушбу оилаларнинг ҳар бир аъзосига 20 килограммдан бепул ун тарқатиш;
  • б) ижтимоий аҳволи оғир бўлган оилаларга «Саховат ва кўмак» жамғармаси ва бошқа манбалар ҳисобидан бепул ун тарқатишни ёки нақд пул кўринишида моддий ёрдам кўрсатиб боришни таъминлаш топширилди.

Бунда, 2022 йил давомида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида эҳтиёжманд оилаларнинг аҳволини мунтазам равишда ўрганиб боради.

Қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан жами 2,2 трлн сўм, Вазирлар Маҳкамасининг захира фондидан 43 млрд сўм маблағ йўналтирилади.