Президент Шавкат Мирзиёев 24 май куни нефть-газ хомашёсини қазиб олиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Йиғилишда табиий газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУГ) тўлиқ ишга тушириб, йўқотишларни бартараф этиш чоралари ҳам муҳокама қилинди.

«Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баходир Эшмуратовнинг маълум қилишича, смарт-газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ишларини сентябрь ойига қадар якунланиши режалаштирилган.

«Бугунги кунга қадар хусусий сектордаги уй-жойларнинг 97,7 фоизини замонавий ҳисоблагичлар билан қамраб олдик. Шу билан бирга, кўп қаватли биноларда ўрнатиш ишлари давом этмоқда. 1 сентябргача [ўрнатишни] якунлаш вазифаси қўйилди», — деди у.

Президентнинг 2020 йил сентябрдаги қарори билан 2021 йил 1 августга қадар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиш билан АСКУГ жорий этишни якунлаш топширилган эди. Ўша йилнинг 1 июнига қадар АСКУГ билан «синхрон ишлайдиган замонавий биллинг тизими»ни яратиш топширилганди.

«Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, жами 3,54 миллион дона газ ҳисоблагичларини ўрнатиш режалаштирилган, шундан 2,45 миллиони хусусий уйларга, 1,09 миллиони хонадонларга. 24 май ҳолатига кўра, ишлаб чиқариш корхонаси 3,06 миллион дона қурилма етказиб берган.

«2 миллион 961 минг 622 донаси ўрнатилди. Уларнинг 2 миллион 383 минг 61 таси хусусий уйларда (97 фоиз) ва 578 минг 561 таси (53 фоиз) кўп қаватли хонадонларда. Ҳисоблагичларни ўрнатишда асосий эътибор хусусий уйларни қоплашга қаратилади, уларнинг истеъмоли юқори. Марказий иситиш тизими ўрнатилган кўп қаватли уйларда ҳисоблагичлар охирги навбатда ўрнатилади», — дейилади компания хабарида.

Тошкент шаҳрида ақлли-ҳисоблагичларни ўрнатиш жорий йилнинг январь ойи охиригача якунланиши режалаштирилган эди, бироқ бу муддат ҳам узайтирилди.

Тендер натижаларига кўра, ҳисоблагич ва бошқа жиҳозларни етказиб берувчи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган Texnopark МЧЖ танланди. 2020 йил бошидан буён ушбу компания Osten савдо белгиси остида газли смарт-ҳисоблагичларни ишлаб чиқаради.

«Газета.uz» аввал ёзганидек, лойиҳа 2021 йилнинг июлига қадар 3,54 миллион дона газ ҳисоблагичларини етказиб беришни назарда тутган. Лойиҳа қиймати 5,28 триллион сўмга тенг (Марказий банкнинг ўтган йил 1 декабрдаги курси бўйича қарийб 507 миллион доллар).

«Интеллеcтуал мулк» ахборот-қидирув тизимидаги маълумотларга кўра, Osten товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун ариза Artel Engineering and Management ва J-United Group компаниялари томонидан берилган (ягона таъсисчи — Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев).