Январь-апрель ойларида Ўзбекистон Хитойга 132,8 млн долларлик табиий газ етказиб берди, деб хабар бермоқда Хитой божхона бошқармасига таяниб Neftegaz.RU портали.

Ушбу йўналишда газ экспорти 2021 йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кўпайди (жисмоний ҳажм кўрсатилмаган). Ўзбекистон Хитойга қувурлар орқали газ етказиб бериш бўйича кучли бешликка кирди. Туркманистон эса хитойликларга қувурлар орқали газ етказиб беришда етакчи бўлиб қолмоқда — 4 ойда 2,87 млрд долларлик. Хитойга газ экспорт қилишда иккинчи ўринда 1,04 млрд доллар билан Россия бормоқда, мамлакат ўтган йилнинг шу даврига нисбатан газ етказиб беришни 2,7 баробарга оширган. Кейинги ўринларда Мьянма (408 млн доллар) ва Қозоғистон (270 млн доллар) бормоқда.

Хитой денгиз орқали етказиб бериладиган суюлтирилган газни ҳам фаол харид қилмоқда. Бу ерда Россия 1,43 млн тонна ёқилғи билан тўртинчи ўринни эгаллади ва бунинг учун Хитойдан 1,32 млрд доллар олди.

Австралия Хитойнинг суюлтирилган газ импортёрлари орасида етакчилик қилмоқда — деярли 7,5 млн тонна ёқилғини 5,38 млрд долларга сотган. Ундан кейинги ўринларда Қатар (5,48 млн тонна) ва Малайзия (3 млн тонна) бормоқда.

Давлат статистика қўмитаси ҳам Ўзбекистонда газ экспорти ўсганини қайд этди. Йил бошидан буён экспорт 229,5 млн долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойларига нисбатан қарийб уч баробар ошган.

Шу билан бирга, йил бошида Ўзбекистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатгани ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда энергия ресурсларининг бутун ҳажми истеъмолнинг мавсумий ўсишини қоплашга йўналтирилганди.

2020 йилдан бошлаб Россия йўналиши бўйича газ экспорти тўхтатилди — ўшанда Ўзбекистон экспортёрдан импорт қилувчи давлатга айланди, кейинроқ эса газ импортини соддалаштириш мақсадида ҳатто акциз солиғини ҳам бекор қилди. Шу билан бирга, Хитойга етказиб бериш сезиларли даражада ошди.

Март ойида энергетика вазири ўринбосари Азим Аҳмадхўжаев табиий газ қазиб олиш 20 фоизга оширилиши ҳақида маълум қилган эди. Лекин у газни ички эҳтиёжни қондириш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун мамлакат ичкарисида фойдаланишни назарда тутган.

Аввалроқ Ўзбекистонда энергетика соҳаси ислоҳ қилиниши ҳақида ёзган эдик.