22 май куни Ўзбекистоннинг гуллар пойтахти бўлган Наманган шаҳрида 61-Халқаро гуллар фестивали бошланди. Бу каби биринчи кўргазма вилоятда 1961 йил август ойида бўлиб ўтганди. 60 йил давомида байрам шаҳар учун йил анъанасига айланган. Фестивалнинг очилишида «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам иштирок этди.

Бу йил гул экспозициялари Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида намойиш этилмоқда. Байрам доирасида бу ерга 2 млн туп гул экилади.


Бу манзил тасодифан танланмаган. XIX асрда боғ ўрнида Гулзор маҳалласи жойлашган эди. Аҳолии гул етиштириш, шунингдек, гулли ичимликлар, нектар, дори-дармонлар, ширинликлар, зираворлар ва асал ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Гул маҳалласининг шуҳрати Қўқон хонлиги бошлиғи Худоёрхонга ҳам етиб боради ва у бу ерда мадраса қуришни буюради.


Фестиваль 2018 йилда халқаро мақом олди. Унда Ўзбекистон ва қўшни давлатлардан гул етиштирувчилар иштирок этмоқда. Байрам маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Иштирок этиш истагида бўлганлар ҳар йили кўпайиб бормоқда, шу боис расмийлар фестиваль кўламини кенгайтирди: яқин атрофдаги боғлар, хиёбонлар ва майдонларда байрам тадбирлари ўтказилмоқда, дея хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги.

Очилиш кунида ноқулай об-ҳавога қарамай, шаҳарнинг марказий кўчаларидан автомобиллар, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа махсус техникалар паради ўтди. Барча транспорт воситалари гуллар билан безатилди.


Танловли гуллар кўргазмасида гулчилар, гул ишлаб чиқарувчилар ва ландшафт дизайни бўйича мутахассислар иштирок этади. Улар 100 дан ортиқ гул композисияларини яратади. Дизайннинг ўзига хослиги, гул нақшлари, гулдасталар ва гул композисияларининг маҳорати ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади. Ғолиблар «Афсоналар водийси» боғида фестиваль ёпилишида эълон қилинади.


Байрам дастурида гуллар билан боғлиқ тадбирлардан ташқари ҳунармандчилик намуналари, китоблар, фотосуратлар, расмлар, миллий либослар кўргазмаси ҳам ўрин олган.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразоқов (чапда) ва Экология давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов (ўртада).